Ўзбекистон | 17:38 / 17.03.2023
4042
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қўшимча 132 минг ўринли талабалар турар жойига талаб мавжуд

Жорий йилда қўшимча 132 минг ўринли талабалар турар жойига талаб мавжуд. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова маълум қилди.

Қайд этилишича, 2022 йил давомида янги қурилиш, таъмирлаш, бўш турган биноларни мослаштириш ва мавжуд ўринларини мақбуллаштириш ҳисобига жами 20 153 ўринли турар жой фойдаланишга топширилди.

Давлат олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойларининг сони бугунги кунда 287 тага етказилиб, жами 109504 нафар талабаларни жойлаштириш имконияти яратилди. Бироқ, қўшимча 132 минг ўринли талабалар турар жойига талаб мавжуд.

Ушбу эҳтиёжни қондириш мақсадида 2023 йил якунига қадар 18 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш ва фойдаланишга топшириш белгиланган. 

Билдирилишича, жорий йилда ётоқхоналарни барпо этиш бўйича жами 28 526 ўринли 58 та лойиҳа амалга оширилмоқда, жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида 19 576 ўринли 40 та, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ҳисобидан 3 450 ўринли 7 та, олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан 3 900 ўринли 8 та ҳамда инвестиция дастури доирасида 1 600 ўринли 3 та лойиҳаларда тегишли ишлар амалга ошириляпти.

Таъкидланишича, айни дамда республика бўйича жами 16 466 ўринли 31 та лойиҳаларда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Йил якунига қадар талабалар турар жойи фондини 127 минг ўриндан ошириш режалаштирилган.

Мавзуга оид