Матёқуб Матчонов: «Бир ярим ой Гвардейский деган жойда ўтирдим. У ерда кўрганларимни душманимнинг душманларига ҳам раво кўрмайман»
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида “Конституция ўзимизники” тарғибот тадбирида сўзга чиққан таниқли актёр Матёқуб Матчонов қамоқда ўтказган кунларини ёдга олиб, у ердаги кунларини душманига ҳам раво кўрмаслигини айтди.
“Инсон қадри топталган пайтларни кўрдик. Бошимиздан ўтказдик ҳам. Бир неча йил илгари туҳмат билан қамаб қўйишди. Эркин санъаткор бўлиш учун озгина тижорат билан шуғулланган пайтим бўлган. Нима учун қоронғи “подвал”да ётганимнинг сабабини сўрасам, улар нотўғри одам билан шерик бўлгансан деган жавобни берган.
Ҳолатни қаранг, мен шерик бўлган инсоннинг фарзанди кимгадир ёқмай қолган. Унинг фарзанди машинасига 3,5 кг қорадори солиб, 19 ёшли болани 20 йилга қамашди. Шеригимни эса унинг отаси бўлгани учун 8 йилга қамашди. Мени нима қилишга эса ҳайрон бўлиб “буни энди нима қиламиз” деб туришган.
Инсон қадри топталган вақтлар эсимга тушса, кўзимга ёш келади. 1,5 ой Гвардейский деган жойда ўтирдим. У ерда кўрган кунларимни душманимнинг душманига ҳам раво кўрмайман. Сабаби у ерда сизга инсон деб эмас, балки ҳайвон сифатида ҳам мурожаат қилишмасди. Ваҳоланки, шахснинг айбдорлигини фақат суд ҳал қилади. Изоляторда қандай қилиб, айби исботланмаган одамни бунчалар хўрлаш мумкин.
Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг ўш вақтда ҳатто жонимни қурбон қилишга тайёр эдим. Чунки орқамда фарзандларим, акам-укам — оиламнинг аҳволи қандай кечяпти деб ўйлардим. Хўрлик манаман деган одамни ҳам синдираркан. Шундай нарсаларнинг гувоҳи бўлгандан кейин одам ҳамма нарсага тайёр бўларкан.
Мен узоққ бормасам керак, судгача бўлган вақтдаёқ жон таслим қилсам керак деб ўйладим. Лекин битта савол қийнарди — биз инсонмиз-ку, наҳотки инсонни инсон шу даражада таҳқирлаши мумкин? У пайтда мумкин экан.
Аллоҳга беҳисоб шукр, 2016 йил президентимиз мени озод қилди. Ноҳақ қамалганим исботланди. Мен учун ҳақиқий мустақиллик 2016 йилдан бошланган. Бу гапни исталган жойда баралла айта оламан”, деди Матчонов.
Қайд этиш жоиз, Гулистон шаҳрида таниқли санъаткорлар ва сиёсатчилар иштирокида ўтказилган тарғибот тадбирининг асосий мавзулари — болалар меҳнатининг тугатилиши, валюта бозоридаги эркинлашув, ОАВ мустақиллиги, оқловлар каби ислоҳотлар бўлди.
Аввалроқ шундай тадбирлар Фарғона ва Андижон вилоятларида ўтказилганди.
Мавзуга оид
18:14 / 11.12.2024
Конституциявий суд прокурорларнинг иккита ваколатини бекор қилишга чақирди
15:38 / 10.04.2023
“Санъаткор учун “запрет” деган мудҳиш тушунча бор эди” — Озода Нурсаидова
13:04 / 10.04.2023
“Давлатнинг кўмаги билан ўлимдан қолдим” – навоийлик бемор
13:34 / 09.04.2023