Жаҳон | 09:24 / 21.03.2023
8488
2 дақиқада ўқилади

Байден COVID келиб чиқиши ҳақидаги разведка маълумотларини ошкор қилишни буюрди

Жо Байден COVID-19'нинг келиб чиқиши ҳақидаги разведка маълумотларини, шу жумладан Вуҳан вирусология институти билан потенциал алоқаларга оид маълумотларни ошкор қилишни талаб қилувчи қонун лойиҳасини имзолади.

Фото: CNN

АҚШ президенти Жо Байден SARS-CoV-2 коронавирусининг келиб чиқиши ҳақидаги баъзи разведка маълумотларини махфийликдан чиқаришни талаб қилувчи қонун лойиҳасини имзолади, деб хабар қилди Оқ уй 20 март, душанба куни.

«Мен Конгресснинг 2019 йилда коронавируснинг келиб чиқиши ҳақида иложи борича кўпроқ маълумот нашр этиш мақсадига қўшиламан. 2021 йилда мен разведка ҳамжамиятига COVID-19 келиб чиқишини текшириш учун барча воситалардан фойдаланишни топширдим ва бу иш давом этмоқда», дейилади Байден баёнотида.

«Менинг маъмуриятим COVID-19'нинг келиб чиқишига оид барча махфий маълумотларни, шу жумладан Вуҳан вирусология институти билан алоқаларни кўриб чиқишда давом этади. Ушбу қонунни амалга оширишда маъмуриятим ушбу маълумотларнинг махфийлигини очиб беради ва имкон қадар кўпроқ тақдим этади», - дея ваъда берди президент.

Коронавируснинг келиб чиқиши тўғрисидаги қонун ташаббускорларидан бири республикачи сенатор Жош Хоули эди, деб эслайди The Hill. Қонун лойиҳаси охир-оқибат Оқ уйга имзолаш учун юборилгунга қадар Сенат ва Вакиллар палатасида эътирозларсиз овоз беришдан ўтди, дея қайд этади Reuters.

Миллий разведкадан «Вуҳан вирусология институти ва COVID келиб чиқиши ўртасидаги потенциал алоқалар тўғрисида» ҳар қандай маълумотларни ошкор қилишни талаб қиладиган қонун лойиҳаси The Wall Street J материали эълон қилингандан сўнг ишлаб чиқилган бўлиб, унда нашр АҚШ Энергетика вазирлигининг коронавирус келиб чиқиши ҳақидаги ҳисоботига таянган.

Унда идора COVID-19 пандемияси лабораториядан келиб чиққанини айтган. WSJ таъкидлашича, Энергетика вазирлиги вируснинг лабораториядан сизиб чиқиши назариясига содиқ қолган ФҚБдан кейин АҚШнинг иккинчи федерал идорасига айланди. Яна тўртта разведка агентлиги вирус табиий равишда пайдо бўлган деб ҳисобламоқда, иккитаси, шу жумладан Марказий разведка бошқармаси ҳали бир қарорга келмади.

Мавзуга оид