Жаҳон | 19:19 / 21.03.2023
25994
3 дақиқада ўқилади

Украиналик денгизчилар Тинч океанида ҳалокатга учраган Россия тримаранига ёрдам берди

Russian Ocean Way экипажи, 2023 йил феврал

Украиналик денгизчилар дунё бўйлаб саёҳатга чиққан ва Тинч океанида ҳалокатга учраган Россиянинг Russian Ocean Way тримаран кемаси экипажини қутқариб қолди.

Кема 2021 йил июл ойида Кронштадт шаҳридан денгизга чиққан ва шундан бери 13 минг денгиз мили масофасини босиб ўтган, жумладан, 13 давлат қирғоғи бўйлаб саёҳат қилган эди.

2023 йил феврал ойи охирида тримаран Чилининг Талкахуано портини тарк этади ва март ойи ўрталарида бўронга дуч келади. Шундан сўнг кема экипажи бошқарув механизми жиддий бузилганини аниқлайди. Носозликни бартараф этиб бўлмаслиги ойдинлашгач, экипаж авария сигнали йўллайди. Унга Sounion Украина-Филиппин юк кемаси жавоб қайтариб, ёрдамга келди.

Тримаранни қидириш беш соат давом этди. Кучли тўлқин туфайли россияликларни қутқариш, кема бортига олиб чиқиш учун яна бир неча соат сарфланди.

«Тримаран тахминан уч метрлик тўлқинларда чайқалар эди. Кемадан тушган зинапояга чиқиш учун тримаранни ён томонга олиб келиш керак эди. Зинага сакраб, уни ушлаб олиш учун бир сониядан камроқ вақт талаб этиларди. Сўнгра кема юқорига кўтарилар, тримаран эса денгизга чекинарди», деди россияликлар капитани Станислав Берёзкин.

Станислав Берёзкин

Russian Ocean Way экипажи юк кемаси бортига чиқиб олгач, Sounion рус буксир кемасини ёрдамга чақиради. Шунда россияликлар ўзларини украиналиклар қутқарганини англашади.

«Мен ҳеч қандай ирқ ва миллат бўлмаган, қайси тилда гаплашишдан, тери ранги ва кўз шакли қандай бўлишидан қатъи назар ёрдам бериладиган жойда эканимни ҳис қилдим. Денгизда биз ҳаммамиз Худодан бир хил – қўл узунлигидаги масофадамиз», деди Берёзкин.

Унинг сўзларига кўра, Украина экипажи билан суҳбатда у Россиянинг Украинага қарши бошлаган урушини муҳокама қилмасликка ҳаракат этган. Sounion капитани асли Мариуполдан бўлган, аммо кенг кўламли уруш бошлангандан сўнг, рус ҳарбийлари шаҳарни қамал қилганда, у Киевга кетишга мажбур бўлган.

Sounion капитани ва жамоаси қутқариб олинганлар билан. Фото: Сибирь.Реалии

«Биз ҳеч кимдан ҳеч нарса ҳақида сўрамадик. Бу ёмон мавзу», деб тушунтирди Берёзкин.

Sounion капитани журналистлардан мақолада исми-шарифини киритмасликни сўраган.

Мавзуга оид