Иқтисодиёт | 15:46 / 23.03.2023
30095
6 дақиқада ўқилади

«Бермаснинг оши пишмас». Хусусий сектордаги аёллар «декрет пули»ни олиш билан боғлиқ муаммога дуч келяпти

Хусусий секторда банд аёлларга декрет пулининг қарийб 2 миллион сўми бюджетдан тўланадиган бўлган. Бироқ Kun.uz'га мурожаат қилган аёллар декрет пули тўлаб берилмаётгани, бу муаммони ҳал қилувчи масъул идоралар билан эса боғланиб бўлмаётганини айтишди. Тегишли “ишонч телефонлари” ўзгарган, лекин вазирлик бу ҳақда ҳеч қаерда маълумот бермаган.

Фото: Getty Images

2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда банд аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг бир қисми – 1 млн 992 минг сўми бюджетдан компенсация қилина бошланди.

Бунинг учун маълум талаблар бор:

  • Нафақага талабгор аёл камида узлуксиз 6 ой давомида ўша корхонада ишлаган бўлиши керак;
  • Ягона миллий меҳнат тизимида расман банд бўлгани, корхона томонидан меҳнат дафтарчаси очилгани ҳамда унинг буйруқлари корхона томонидан киритилгани ҳисобга олинади;
  • 6 ой давомида аёлнинг Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар базасида даромадлари ва солиқ тўловлари акс эттирилган бўлиши керак;
  • Нафақа фақатгина 2022 йилнинг 1 сентябридан бошлаб “декрет”га чиққан аёлларга тўлаб берилади.

“Бор отангга, бор онангга”

Kun.uz'га келиб тушган мурожаатга кўра, хусусий секторда банд бўлган айрим аёллар декрет пулини ололмаяпти.

“Хусусий корхонада ишлайман. 11 феврал куни декретга чиқдим. Тиббиёт муассасасида очилган “болничний лист”имга барча маълумотлар тўғри киритилганига қарамай, бир ойдан ортиқ вақтдан бери менга декрет пули тўлаб берилмаяпти. Қаерга мурожаат қилишни билмай, Ягона дарча ва ҳудудий пенсия жамғармасига мурожаат қилдим. Улар бу масала билан шуғулланмаслигини, бундай тартибдан хабарлари ҳам йўқлигини ва кўплаб аёллар декрет пулини сўраб уларга мурожаат қилаётганини айтишди”, – дейди мурожаатчи.

Аёл ишлайдиган корхона (хусусий мактаб) кадрлар бўлими бошлиғи эса биз билан суҳбатда яқинда яна 2 нафар аёл декретга чиқиши кераклиги ва улар билан ҳам шундай муаммо юзага келиши мумкинлигидан хавотирда.

“Биз мурожаат қилиш учун контакт топа олмадик. Ходимимиз боғланган идоралар бу масала уларнинг вазифасига кирмаслигини айтяпти”, – дейди у.

Ўзи қаерга мурожаат қилиш керак эди?

Янги тартиб ишга тушишидан олдин Kun.uz билан суҳбатда Молия вазирлиги масъули Гулнора Муродова декрет пулини тайинлаш учун ҳеч қаерга мурожаат қилиш шарт эмаслиги, жараён про-актив (электрон кўрсатиладиган хизмат) тарзда амалга оширилишини айтганди.

“Аёлларимиз “декрет”га чиқишдан олдин хоҳлайдими-йўқми, тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиб, “болничний лист” олишади. Тиббиёт муассасаларида айти ҳамширалар бор, улар бюллетен беришдан олдин аёлимизни ягона ижтимоий ҳимоя реестрига алоҳида рўйхатдан ўтказишади. Битта илтимосимиз бўларди, аёлларимиз айти ҳамширалар исм-фамилия ва телефон рақамларини сўраб рўйхатга олганда, тўғри маълумот беришлари лозим”, – деганди у.

Демак, аёлнинг иштирокисиз юз берадиган нафақа тайинлаш жараёни қуйидагича кечади:

  • Аёл тиббиёт муассасасига мурожаат қилганда, унинг маълумотлари "Тиббиёт" ахборот тизимига жисмоний шахсдан ариза талаб қилмасдан киритилади;
  • Шундан кейин меҳнатга лаёқатсизлик тўғрисидаги электрон маълумотлар автоматик равишда "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимига келиб тушади;
  • Унинг иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги керакли маълумотлар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимидан автоматик равишда олинади.

Нега фуқароларнинг тўғридан тўғри мурожаат қилиш имкони йўқ?

Ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати билан боғландик. Матбуот хизмати тақдим этган рақам – +99871-203-19-93; ички рақам – 20304га боғланганимизда, мурожаатлар билан ишлаш бўлими ходими вазиятни қуйидагича тушунтирди.

“Агар аёлларга декрет пули тайинланмаса, ушбу рақам +99871-203-19-93 (ички рақам – 20304) га қўнғироқ қилишса, вазиятни ўрганамиз. Декрет пули тайинлаш учун ҳам айрим талаблар бор. Агар аёлнинг иш стажи етмаса (камида узлуксиз 6 ой давомида ўша корхонада ишлаган бўлиши керак) ҳам декрет пули тайинлаш рад этилиши мумкин. Илгари Молия вазирлиги тузилмасида 1946 қисқа рақамимиз бор эди. Ўша рақамга саволлар юзасидан телефон қилиб жавоб олишар эди. Молия ва иқтисодиёт вазирлиги бирлашгач, телефон рақамлар ўзгаряпти”, – деди вазирлик ходими.

Агар белгиланган муддатда декрет пули тўлаб берилмаса, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг +99871-203-19-93 (ички рақам – 20304) рақамига қўнғироқ қилиб, маълумот олиш сўраляпти.

Айтиш керакки, рақамлар ўзгаргани ёки декрет пули масаласида қаерга мурожаат қилиш лозимлиги ҳақидаги маълумотлар вазирликнинг расмий саҳифаларида эълон қилинмаган.

Ишонч телефони журналистлар изоҳ сўрагандан кейингина тақдим этилди.

Қонунчиликка мувофиқ, “Ягона миллий меҳнат тизими”да нафақа олувчининг даромадлари мавжуд бўлиб, иш стажи ҳақида маълумот бўлмаса, “Ягона реестер” томонидан 2 иш кунида нафақа олувчига смс ва ДСҚ базасидаги шахсий кабинетига хабар юборилиши назарда тутилган. Агар ходимнинг иш стажи билан боғлиқ муаммо бўлса, бунда ҳам хабар берилиши керак эди.

Нафақага талабгорга ҳеч қандай хабарнома келмаса ва у муаммо нимадалигини билмаса, кимга мурожаат қилиши кераклигини билиши керак эмасми?

Ўтган йил 200 млрд, бу йил – 665 млрд сўм

2022 йил сентябрдан жорий қилинган хусусий секторда банд аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаб бериш учун бюджетдан 200 млрд сўм ажратилганди. 2023 йилда эса бу мақсад учун бюджетдан 665 млрд сўм йўналтирилиши кўзда тутилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йил сентябр ва ноябр ойларида 3500 нафардан кўп аёлларга жами 7 млрд сўм ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тайинланган.

Мавзуга оид