Ўзбекистон | 16:26 / 24.03.2023
12387
3 дақиқада ўқилади

Асака тумани собиқ ҳокимига нисбатан озодликни чеклаш жазоси тайинланди

Фото: KUN.UZ

Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман судининг 2023 йил 27 январдаги ҳукми билан Асака тумани собиқ ҳокими Мансур Алихоновга нисбатан озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Олий суд хабарига кўра, Мансур Алихонов (1984 йилда Андижон туманида туғилган, Асака тумани ҳокими лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Шунингдек, ушбу ҳукмга кўра У.С. (1982 йилда Шаҳрихон туманида туғилган, Асака тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган;

О.Қ. (1985 йилда Асака туманида туғилган, Кадастрлар палатаси Асака тумани филиали мутахассиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг йигирма фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. 

Маълум қилинишича, судланувчилар Мансур Алихонов ва У.С.нинг ҳимоячилари билан биргаликда биринчи инстанция судининг ҳукми устидан келтирган апелляция шикоятлари асосида жиноят ишининг уларга оид қисмини Андижон вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқиш учун 2023 йил 30 март кунига тайинланган.

Мансур Алихонов 2020 йилнинг сентябрь ойида Асака тумани ҳокими лавозимига тайинланган. У ўз вақтида Жалақудуқ тумани ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

2022 йилнинг 27-сентябр куни президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани, фаолиятида йўл қўйган бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари учун Мансур Алихонов туман ҳокими лавозимидан озод этилган.

Мавзуга оид