Узоқроқ яшаш ва тез қаримаслик йўли – ёшлик эликсири борми?
Қариганда ҳам яхши хотира, доимо ёш кўриниш инсоннинг азалий орзуси. Искандар Зулқарнайн ҳам адабиётларда абадий ёшликни излагани айтилади. Бундай мўъжизани топиш мумкинми-йўқми номаълум, лекин қаришнинг олдини олиш учун ўтказилган кўплаб тадқиқотлар борки, уларда айнан қандай одатлар, машғулотлар кишини 10 ёшга ёш кўрсатиши мумкинлиги исботланган.
Соғлом ҳаёт тарзи, соғлом овқатланиш жумлалари кўпчилик учун қизиқ бўлмай қолган. Эҳтимол бу бирикмалар айнан нимани англатишини билишмагани ёки амал қилишга кучлари етмагани учун ҳам унга ишонишмас.
Кексайишга қарши 5 одат
Лекин Ҳарвард университети олимларининг соғлом ҳаётнинг инсон умрини узайтириши мумкинлиги тадқиқоти натижаси ҳайратланарли. Олимларнинг аниқлашича, соғлом овқатланиш, мунтазам равишда жисмоний машқлар бажариш, доимий соғлом тана вазнини сақлаш, спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилмаслик ва чекмаслик орқали ҳаёт давомийлигини 10 йил ёки ундан кўпроққа узайтириш мумкин. Хўш, бу қандай исботланди?
Тадқиқотчилар, энг соғлом турмуш тарзига риоя қилган ва қилмаган америкалик аёл ва эркакларни таққослаш учун танлаб олишди. Унга кўра, тахминан 30 йил давомида соғлом ҳаёт кечирганларнинг юрак-қон томир касалликларидан ўлиш эҳтимоли палапартиш турмуш кечирганларга қараганда 82 фоиз, саратонга чалиниши эса 65 фоизга камроқ бўлган.
Шунингдек, юқорида саналган беш одатни доимий ҳаёт тарзига айлантирган аёллар бунга риоя қилмаганларга қараганда ўртача 14 йил узоқроқ яшаган, эркакларда эса бу кўрсаткич 12 йилга етган.
Тишларни ювишнинг қаришга таъсири
Ҳаёт тарзининг кичкина шаклларидан то муҳим фаолият турларигача ҳар қандай ҳаракатнинг қариш жараёнига таъсири борлиги бўйича халқаро тадқиқотлар кўп ўтказилади. Шулардан бири олим, “Ёшсизлик: қаримасдан қаришнинг янги илми” муаллифи Эндрю Стилнинг оғиз бўшлиғи тозалиги билан боғлиқ тадқиқотидир. Олимнинг айтишича, тишларни доимий ювиб туриш хотира сусайиши ва юрак қон-томир касалликларини сезиларли даражада қисқартиради. Қандай қилиб?
Оғизнинг нотўғри гигиенаси тишлар ва милкларнинг қонашига сабаб бўладиган бактериялар кўпайишига олиб келади. “Чунки оғиздаги шиллиқ парда оғиз бўшлиғини турли вирус ва касалликлардан ҳимоя қилиш вазифасини бажаради. Унинг яллиғланиши эса ёшга боғлиқ касалликлардан ҳимоя қиладиган иммун тизимининг кучсизланишига сабаб бўлади. Бошқача қилиб айтганда, сурункали яллиғланиш қаришни кучайтиради, аммо тишларни тиш пастасида ювиш орқали бу жараённи секинлаштиришингиз мумкин", дейди Стил.
Шотландиялик олимларга кўра, кунига 2 марта тишларини ювадиган одамларда юрак хуружи хавфи тишини 1 маҳал ювадиганларга қараганда камроқ.
Америка стоматология ассоциацияси тишларни кунига 2 марта фторидли тиш пастасида 2 дақиқа давомида чўткалаш ва ҳар куни тиш ипидан фойдаланишни тавсия қилади.
15 дақиқа машқ умрни 3 йилга узайтиради
2017 йилда ўтказилган тадқиқотга кўра, юқори жисмоний фаоллик даражасига эга бўлган катталар ўтириб ишлайдиганлардан 9 йилга ёшроқ кўринади. Юқори жисмоний машқлар сифатида эса ҳафтасига беш кун 30 дақиқалик жисмоний машқлар белгиланган.
2013 йилда Ҳарвардда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, ҳар куни 15 дақиқа машқ қилиш умр кўриш давомийлигини уч йилга узайтирди.
Шунингдек, cardio деб номланувчи машқ тури ҳам ёш билан боғлиқ касалликларни қисқартириши айтилади.
Спорт турларидан югуриш, велосипед ҳайдаш, сузиш, пиёда сайр қилиш, чанғи спорти билан мунтазам шуғулланиш ҳам қаришни секинлаштиради.
Стилга кўра, 7-8 соатлик соғлом уйқу ҳам Алцгеймер касаллигининг олдини олади. Бундан кўп ёки кам уйқу эса ўлим эҳтимолини оширади. Соғлом уйқунинг ҳам ўз талаблари бор. Олимнинг айтишича, ухлаш учун айни бир вақтни белгилаш, уйқудан олдин кофеини бор ва спиртли ичимликлардан тийилиш соғлом уйқунинг асосий шартидир. Бундан ташқари, ётиб ухлайдиган хонадан ҳар қандай электрон буюмлар(смартфон, компютер ва турли гаджетлар)ни узоқ тутган маъқул.
Мева ва сабзавотлар – ёш кўринишга ёрдам
Турли одат ва машқлардан ташқари, ўзини яхши ҳис қилиш учун инсон овқатланиш тарзига ҳам эътибор бериши мақсадга мувофиқ.
Олимлар яшил рангли мева ва сабзавотлар, айниқса турли яшил кўкатлар калций, калий, марганец, фосфор каби муҳим моддаларга бой эканини таъкидлашади.
Қизил булғор қалампири эса антиоксидантларга бой бўлгани сабаб, бу қаришга қарши курашда муҳим восита деб билишади. Унда терини ёшартирувчи коллаген ишлаб чиқаришдаги асосий витамин С кўп миқдорда учрайди. Бунга қўшимча равишда, қизил булғор қалампирида каротеноидлар деб аталадиган кучли антиоксидантлар мавжуд. Улар турли хил яллиғланишга қарши курашади, терини қуёш таъсири ва атроф-муҳит токсинларидан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Шунингдек, папая ҳам қаришга қарши энг яхши маҳсулот ҳисобланади. Унинг таркибидаги папаин моддаси, терини ўлик ҳужайралардан халос қилади.
Смородина А ва C витаминларига, антоциянин деб аталадиган ёшга қарши антиоксидантга бой яллиғланиш реакциясини юмшатиш ва коллаген йўқотилишининг олдини олиш орқали терини қуёш, стресс ва ифлосланиш таъсиридан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Тери эластик бўлиши учун унга С витамин муҳим. Буни эса броколлидан топиш мумкин. Шу билан бирга исмалоқ, ёнғоқлар, авокадо ва ширин картошкалар ва анор ҳам терини ёш ва ялтираб туриши учун муҳим бўлган моддалар билан таъминлайди.
Ёшлик эликсири топиладими-йўқми, буни вақт кўрсатади. У топилгач ундан фойдаланишни хоҳлаганлар ва хоҳламайдиганлар ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳозирча дунё олимлари берган тавсияларга қулоқ солган маъқул.
Мавзуга оид
20:05 / 22.12.2024
“Чекмаслигингиз тамаки тутуни зараридан хавфсиз эканингизни англатмайди” – пулмонолог Давронбек Турсунов
13:58 / 30.05.2024
“Ўзбекистонда овқатланиш одатлари бўйича оммавий тадқиқот ўтказиш керак” – Копенҳаген университетидаги ўзбек олими
12:55 / 31.10.2023
Суяк емирилишининг давоси борми?
17:46 / 29.06.2023