Украина мудофаа вазири қарши ҳужум қачон бошланишини айтди
Ижтимоий тармоқларда украинларнинг кўп миқдордаги ҳарбий техникалари бир жойга тўпланиб тургани акс этган видеолар тарқалмоқда.
Украина қуролли кучлари бош штаби қарши ҳужумни баҳордаёқ бошлашни режалаштирмоқда — бу катта эҳтимол билан апрел-май ойларида бўлади. Бу ҳақда Украина мудофаа вазири Олексий Резников Эстониянинг ERR телекомпанияси эфирида айтиб ўтди.
Вазир журналистларнинг немисларнинг Leopard танклари олдинги чизиққа қачон етиб бориши ҳақидаги саволига жавобан шундай баёнот берди. Резниковнинг сўзларига кўра, бу қарши ҳужум вақтида рўй беради, бу ҳужумни бошлаш учун энг қулай вақтни Бош штаб танлайди.
Резниковнинг қўшимча қилишича, украинларнинг юриши бир неча йўналишлар бўйлаб амалга оширилиши режалаштирилмоқда. У амалиётнинг бошланишига об-ҳаво шароити таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этган. «Баҳорда бизнинг ерлар жуда нам бўлади. Фақат гусеницали транспортдан фойдаланиш мумкин. Ўйлайманки, биз уларни [Leopard танклари] апрел-май ойларида кўрамиз», — деган вазир.
Юришнинг ўзи ҳақида гапираркан, вазир 2023 йил мобайнида дунё «Украина учун жуда ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлиши»ни айтиб ўтди. «Ишончим комилки, биз Киев, Черниҳив, Суми, Харкив ва Херсонда бўлгани каби вақтинча босиб олинган ҳудудларимизни озод этишни давом эттирамиз», — дея қўшимча қилган у.
Вазир ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида яқинда Украинага етиб келган немисларнинг Marder пиёдалар жанговар машиналари видеосини намойиш этган ва иттифоқчиларга миннатдорчилик билдирган.
Шунингдек, бугун украиналик депутат Гончаренко катта миқдорда армия техникалари тўпланган видеони эълон қилди. Видеода танклар, гусеницали ва ғилдиракли техникалар, баравар ўт очиш реактив тизимларини кўриш мумкин.
- 27 март куни Украинага немисларнинг Leopard 2 русумли танкларидан дастлабки 18 таси етиб келгани маълум бўлди. Феврал ойи охирида Украинага Полшадан Leopard 2 танкларининг илк партияси келганди.
- 21 март куни АҚШ Украинага Abrams танкларининг нисбатан эски моделларини жўнатишга қарор қилди, чунки бундай танклардан америкалик ҳарбийлар аллақачон фойдаланмоқда ва уларни ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига тезроқ етказиш мумкин.
- Украинанинг Франциядаги элчиси Вадим Омельченконинг сўзларига кўра, январ ойи охирига келиб Ғарб мамлакатлари Киевга 300 дан ортиқ танк етказишни ваъда қилганди. Кейинроқ Германия ҳукумати ҳам Украинага олдинроқ ваъда қилинганига қўшимча равишда Leopard 1 русумли 178 танк юборишини эълон қилди.
Мавзуга оид
21:15
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00
РФда Украинага қарши уруш қатнашчилари имтиёзли ипотекани ололмайди
08:43