Минжирдаги қотиллик: отасини ўлдириб, жазодан қутулиб қолган ўғил ҳақида ҳикоя
Ҳикоя реал воқеаларга асосланган, ундаги воқеалар Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида содир бўлган.
2008 йил ёзининг сўнгги кунларидан бири. Эндигина уйқуга ётмоқчи бўлган прокуратура терговчисининг қўл телефони кетма-кет жиринглади. Кутилмаган бундай қўнғироқларга ўрганиб кетган терговчи эринибгина телефоннинг яшил тугмасини босди. Унга туманнинг тоғли ҳудуди бўлган Минжир қишлоғида яшовчи эркак ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар беришди. Қоронғида қир оралаб йўлга чиққан терговчи олдинда уни қандай жумбоқ кутиб турганини ҳали билмасди.
Соат 23:20. Терговчи тоғ ошиб манзилга етиб борди: оддий қишлоқнинг оддий ҳовлиси. Каттагина хонанинг тўрида тахминан 60 ёшларни қоралаган эркак ётқизиб қўйилган. Унинг турмуш ўртоғи, ўғли ва ёшгина келини қуйироқда бош эгиб, ғамгин ўтиришарди.
Пичоқ марҳумнинг қорин қисмига урилганди. Аммо бир томчи ҳам қон чиқмаган, пичоқ санчилган жойдан қорин бўшлиғи ташқарига чиқиб, қон йўли тўсилиб қолганди.
“Отам яшашни истамади. Жонларидан тўйиб кетган экан шу ичкилик дастидан. Қанча қилдик шу зормандани ташланг деб, фойдаси бўлмади. На илож, ўз жонларига қасд қилибди. Нима бўлса-да тинчгина маъракаларини ўтказиб олайлик энди”, — деди терговчининг саволомуз нигоҳига жавобан марҳумнинг ўғли.
Марҳумнинг аёли ҳам, келини ҳам деярли бир хил кўрсатма беришди: у пичоқ билан қорнига уриб, ўз жонига қасд қилган.
Маҳалла оқсоқоли ҳам шу ерда эди. Терговчи уни четга тортиб, марҳум ва унинг оиласидаги муҳит ҳақида сўради.
“Алкаш эди, ичмаган куни йўқ. Топгани шишадошлари билан улфатчиликка кетарди. Хуллас, ўз ҳаётига ўзи ачинмайдиган одам эди-да”, — деди раис ҳам афсусланган каби бош силкиб.
Тезкор гуруҳ таркибида воқеа жойига етиб келган суд-тиббий эксперти мурдани кўздан кечирар экан, жароҳатни марҳум ўзига ўзи етказган бўлиши мумкинлигини инкор этмади.
Кўп ўтмай воқеа жойига туман прокурори ҳам келди. Кўз қири билан барчага синчков қараб чиққан прокурор “ишни давом этаверинглар”, деди ва қайтиб кетди.
Терговчи ўйловда қолди: нима қилиш керак, эркак ўз жонига қасд қилган, қолаверса маст ҳолатида бўлган. Қотиллик аломатлари кўринмайди. Мана, яқинлари ҳам тан олиб ўтиришибди. Қолаверса, марҳумнинг ўғли ва турмуш ўртоғи ёнига келиб, “Мурдани олиб кетманглар, яхшими-ёмонми яшаб ўтди, энди ўлиги ҳам қийналмасин”, дея жовдираб турарди.
“Ичкиликка берилган бўлса-да, ота барибир ота. Агар қотиллик бўлганида яқинлари оламни бузарди ҳозир”, деган ўй ўтди терговчи кўнглидан.
Атрофни яна бир бор кўздан кечирган терговчи “Майли, ортиқча гап-сўз бўлмасин қишлоқда, эртага жанозасини ўтказиб юборақолинглар”, дея мурдани ёрмасликка рухсат берди ва ортга қайтди.
Соат 01:45. Яна тоғ ошиб туман марказига – уйига қайтаётган терговчининг телефони жиринглади. Қўнғироқ қилаётган прокурор эди.
“Бу аниқ қотиллик, эринмасдан кўздан кечиринглар. Кўрдингми, хотинининг кўзи кўкарган. Эри урган бўлиши мумкин. Бирортаси йиғлаб ҳам ўтиргани йўқ. Жуда шубҳали. Барчасини терговга жалб қилиш керак”, — деб қолди кутилмаганда прокурор.
Терговчи зудлик билан машина рулини идораси томонга бурди.
Бир дақиқада минг бир хаёл кўчасидан ўтиб кўрган терговчи тезкорлик билан ишга киришди: марҳумнинг турмуш ўртоғи, ўғли ва келини прокуратурага олиб келинди. Мурда эса экспертизага юборилди.
Алоҳида хонада, ҳар бири билан яккама-якка сўроқ ўтказила бошланди.
Бундай тезкор терговни кутмаган марҳумнинг яқинлари шошиб қолганди: ўғилнинг гапи онаникига, онанинг гапи эса келинникига мос келмасди. Она “мен ташқарида эдим”, деса келин “биз қайнонам билан ошхонада эдик” дерди.
***
У эсини танибдики, уйларида тинч ўтган куннинг ўзи йўқ эди: кундуз кунлари вақти онасига қарашиб ўтар, кун бота бошлагач ички бир қўрқув билан отасининг уйга қайтишини кутарди. Ҳар куни маст ҳолатда эшикни тепиб кирадиган отанинг оғзидан чиқадиган илк гапи “Ҳе, онангни...” бўларди.
Кунора жанжал, отаси онасини кўз олдида юмалатиб дўппослаши болалигидаёқ унинг дийдасини қотириб ташлади. Аммо босиқ ва ақлли, атрофдагиларга ҳурматли эди.
Бир куни ҳар галгидай ичиб қайтган ота яна эшик тепиб кирди ва хона тўрига ёнбошлади. Эрининг одатини билган хотин дастурхон тузатган бўлди, бироз совиб қолган шавлани иситиб, сопол товоққа сузиб келтирди. Овқатни эри олдига қўйиб, ортга қайтган аёл эшик олдига келганида ички бир сезги билан ортга ўгирилди ва ҳавода учиб келаётган бир товоқ шавлага чап беролмай қолди: қайноқ овқат товоғи билан юзига тегди. Зарбадан ерга қулаган аёлнинг юзи қонга беланган, эр эса хона тўрида “Ҳе, онангни... Шуям овқатми”, дея сўкиниб ўтирарди.
У ўшанда ички хона эшигидан пойлаб турганди. Аммо у чорасиз – ёмон кўраётгани ўз отаси эди.
Шу зайлда йиллар ўтаверди. Кўп нарсалар ўзгариб кетди, аммо ота ўзгармади: ҳамон уйга ичиб келар ва жанжал чиқарар, гарчи келинлик бўлган бўлса-да, хотинини ушлаб олиб, судраб дўппосларди. У эса ҳар сафар онасини ҳимоя қилса ҳам отасига бирор марта қўл кўтармади.
Аммо ўша кунги воқеа барчасидан ошиб тушди...
***
Воқеа содир бўлган кун, соат 20:25. Одатий кунларнинг бири. Ҳар кунги ишини якунлаб, ташқарида, тоза ҳавода ўтирган ўғил бақир-чақирни эшитиб қолди. Аста ўрнидан туриб, дераза олдига келди. Аввалига хонада маст отанинг бақириб сўккани ва онасининг чинқириб юборгани, кейин эса дераза ойнасининг чирсиллаб сингани эшитилди. Бир лаҳзага кўзини юмиб очган ўғил олдида зарбадан кўзи кўкарган онасининг юзтубан ётганини кўрди. Билдики, отаси онасини деразадан улоқтириб юборди.
Унинг сабри тугаганди, ортиқ чидаб бўлмайди, деган фикр чақмоқдек миясига урилди: нарироқдаги стол устида турган ошхона пичоғини қўлига олиб, онаси учиб чиққан деразадан хонага отилиб кирди. Отаси билан нигоҳлари тўқнашди.
Ўғлидан бундай жасоратни кутмаган ота унинг қаршисида мушт тугганича қалтираб турарди. Ўғил ҳеч нарса демади, оний бир ҳаракат билан ўзи ҳам сезмаган ҳолда пичоқни отасининг қорнига енгилгина санчди.
Бўлди. Тамом. Нима бўлганини тушунмай қолган ота бир дам оёқда турди-да, гурсиллаб йиқилди.
Бўлар иш бўлган, ғишт қолипдан кўчганди. Бу ишга негадир она ҳам додламади. Аксинча, энди гапни бир жойга қўйиб олиш кераклиги айтилди. Сабаби, ота ўлган, ўғил қамалиб кетса, хонадон эркаксиз қолади. Шу сабабли, ҳаммаси келишиб, сўраганларга ота ўз жонига қасд қилгани айтиладиган бўлди.
***
Шахмат услубидаги сўроқлар фойда берганди. Ўғил отасини ўлдириб қўйганини тан олди. Унинг қамалишини-ку, яқинлари истамас, аммо у жиноят қилган, ўз отасини ўлдирганди. Демак, қонуний жазо олиши керак.
Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, ўғил ҳибсга олинди. Тергов ишлари ҳам якунланиб, иш судга оширилди.
Унинг қамалиши аниқ эди. Чунки, факт ва далиллар етарли, суд экспертизаси ҳам ҳолатга ойдинлик киритиб берганди. Шу сабабли, тергов унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси биринчи қисми, яъни қасддан одам ўлдириш билан иш қўзғади. Ушбу модда билан айбланганлар ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум этилади.
***
Воқеани эшитган ва марҳум отани яқиндан таниган одам борки, ўғилнинг қамалишини истамасди. Минжирликлар орасида бу воқеа муҳокамаларга сабаб бўла бошлади: бир киши ўғилни ноҳақ деса ўн киши унга ёпишадиган бўлди. Бутун қишлоқ одамларининг кўнглини топа билган одобли ўғил эса қамоқда озодликдан маҳрум этиладиган кунини кутиб ётарди.
***
Иш судда кўрилар экан, адвокат судланувчининг қотиллик юз берган лаҳзадаги руҳий ҳолатини психотрик экспертизадан ўтказиш бўйича илтимоснома киритди. Ўтказилган экспертиза эса у ўша вақтда ўз ҳаракатини кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида содир этган, деган хулоса берди.
Ишнинг барча томонини ўрганиб чиққан суд қилмишни қайта малакалашга қарор қилди. Айблов Жиноят кодексининг 97-моддасидан 98-моддасига ўзгартириладиган бўлди. Яъни, ўғил жабрланувчи томонидан қилинган ғайриқонуний зўрлик ёки оғир ҳақорат, шунингдек унинг бошқа ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли тўсатдан юз берган кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдирган деб топилди.
Кодексда ушбу модда билан айбланганларга нари борса беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши белгиланганди. Унча оғир бўлмаган жиноят сифатида таснифланувчи ушбу модда, буни қарангки амнистияга ҳам тушарди.
Йигитнинг бахтига у отасини ўлдирганидан кўп ўтмай амнистия акти эълон қилинганди. Шу сабабли суд қотилга нисбатан амнистия актини қўллади ва уни жазодан озод қилди.
***
Шу тариқа, ўз отасини ўлдирган ўғил жазодан қутулиб қолганди.
Руслан Сабуров тайёрлади.
Мавзуга оид
23:25 / 22.12.2024
Россияда сафар сумкаси ичидан ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди
18:43 / 20.12.2024
Google Maps фотосурати Испаниядаги қотилликни очишга ёрдам бериши мумкин
16:51 / 16.12.2024
Конибодомда яна тўрт кишининг жасади топилди
20:01 / 13.12.2024