Жаҳон | 14:31 / 02.04.2023
21118
3 дақиқада ўқилади

Трансформер, ДНК ва денгиз сатҳидан 660 метр баландда — дунёнинг ноодатий кўприклари (фотожамланма)

Муҳандислик, архитектура ғоялари чегара билмайди. Замонавий дизайнерлар ноодатий, ҳашаматли бинолар билан чегараланиб қолаётгани йўқ, улар ўзига хос, ноёб кўприклар ғояларини тарғиб қилишда ҳам давом этмоқда. Қуйида ана шундай кўприклар ҳақида сўз боради.

Dragon King Kong Bridge — Чангша шаҳридаги пиёдалар кўприги

Ушбу кўприк Хитойнинг Чангша шаҳрида жойлашган. Кўприкнинг бурмалари хитойликлар учун фалсафий маъно касб этадиган Мёбиус тасмасини эслатиб юборади. Пиёдалар кўпригининг узунлиги 185 метрни, баландлиги эса 22 метрни ташкил қилади.

Rolling Bridge — трансформер кўприк

Лондондаги кўприк ўзида ажойиб конструкцияни акс эттирган. Бу чиндан ҳам трансформерга айланадиган кўприк. Кема-қайиқлар Гранд Юнион каналига чиқиб кетишда кўприкнинг бир томони кўтарила бошлайди ва айлана шаклга киради.

Moses Bridge — сув сатҳидан пастда қурилган кўприк

Кўпчилик кўприкларнинг сув, бинолар устидан ўтказиб қурилганига гувоҳ бўлган, кўзи ўрганган. Нидерландиялик архитекторлар эса бу тасаввурларни бузишга ҳаракат қилиб, мақсадларига эришган десак, муболаға бўлмайди. Кўприк Қизил денгиз сувини чекинтириб, ундан ўтган Мусо пайғамбар номини олган. Кўприк конструкциясида 50 йил давомида чиримайдиган, махсус ишлов берилган ёғочдан фойдаланилган.

Helix — «ДНК кўприги»

Сингапурнинг энг марказий нуқтасида узунлиги 280 метрга тенг бўлган пиёдалар кўприги — Helix жойлашган. У шаҳарнинг энг йирик ҳудудлари — Марина Бэй ва Марина марказини боғлаб туради. Ушбу спирал кўринишидаги кўприкнинг ижодкорлари инсон ДНКсидан илҳомлангани таъкидланади. Кўприк бўйлаб тўртта томоша майдончаси ўрин олган, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари бу орқали замонавий архитектура ёдгорликларини томоша қилиб, роҳатланишлари мумкин.

Sky Bridge Langkawi — Малайзиядаги пиёдалар кўприги

Асаб толаларини ўта бақувват деб ҳисобловчи кишиларга Малайзиядаги ушбу кўприкка бориб, асабларини бир синаб кўриш тавсия этилади. Денгиз сатҳидан 660 метр баландликдаги кўприк экстремал спорт ишқибозлари учун ҳам айни муддао. 125 метр масофани босиб ўтишда бетакрор табиат манзараларидан баҳра олиш мумкин. Таъкидлаш жоиз, ноодатий кўприкнинг мустаҳкамлигига атиги битта устун ва саккизта пўлат арқон жавоб беради.

Мавзуга оид