Норасидаларнинг зўрланиши: жиноятлар нега тўхтамаяпти?
Беш кундирки, ўзбек жамоатчилиги Хоразмдаги болалар уйида содир этилган даҳшатли жиноятни муҳокама қилмоқда. Мавзу борасида ўрганиш, таҳлил қилиш лозим бўлган жуда кўп масалалар бор. Kun.uz мухбири бу масалалар атрофида бир неча жамоатчилик фаоллари билан суҳбатлашди.
Хоразмда мансабдорлар меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келгани масаласи.
Тўғри, ўтган кунлар давомида иш доирасида кўплаб масалалар ойдинлашиб улгурди. Жамоатчиликнинг норозилик ва эътирозларидан кейин иш қайта кўрилиши ҳам маълум бўлди. Аммо мавзу борасида ўрганиш, таҳлил қилиш лозим бўлган яна қатор масалалар борки, Kun.uz мухбири ана шу масалаларга оид саволларни бир қатор жамоатчилик фаолларига берди.
Интервью меҳмонлари Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов, иқтисод фанлари доктори, профессор, жамоатчилик фаоли Барногул Санақулова ва адвокат Жаҳонгир Муталипов бўлди.
— Абдураҳмон ака, Барногул опа, Жаҳонгир ака, ҳозирги берадиган саволимга фаолиятингиздан келиб чиқиб, ҳар бирингизда алоҳида жавоблар борлиги табиий. Интервьюга сизларни таклиф қилганим сабаби ҳам шуки, масалага турли томондан фикр олиш ва муаммонинг туб илдизларини топиш.
Бу меҳрибонлик уйларида норасида қизларнинг зўрланиши, топталиши бўйича Ўзбекистондаги ягона ҳолат эмас. Биз шу пайтга қадар Марғилонда, Қўқонда шу каби ишлар бўлганини яхши биламиз. Тергов изоляторида бир неча қизлар ҳомиладор бўлиб қолгани, иш фигурантлари ҳаттоки катта-катта ҳокимлар бўлганини биламиз.
Хўш, давлатчилик, миллат учун шармандали жирканчликлар нега тўхтамаяпти. Сабаб, бўшлиқ, илдиз қаерда?
Абдураҳмон Ташанов:
— Бу ишни икки қисмга ажратиш керак. Биринчидан, жиноятчига нисбатан ўта енгил жазо берилганлиги жамоатчилик эътирозига сабаб бўляпти. Буни қонунчиликдаги бўшлиқлар билан малакалаш мумкин. Иккинчидан, бу соҳа нега муаммолардан чиқмаяпти, деган саволга тўғридан тўғри давлат бошқаруви ва ижтимоий-сиёсий вазият билан малакаланади. Умумлаштириб олсак, коррупцион омиллар, қонунчиликдаги бўшлиқлар, анъана шаклига келиб қолган нималардир бор. Бу иллат совет даврида ҳам бўлган, мустақилликнинг дастлабки йилларида авж олди, 2018/19/20-йилларда ҳам бундай нохуш ҳолатлар бўлди. Яъни бу ерда барча омиллар бир-бирини етаклаб келаверади.
Умуман, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида педофилия жиноятлари алоҳида ажратилмаган. Масаланинг оғир нуқталаридан бири ҳам шу. Оилавий зўравонликлар ҳам шундай. Саида Мирзиёева ташаббуси билан оилавий зўравонликка оид қонун ҳужжати қабул қилиняпти, лекин бу ҳужжат ҳам тўлиқ шаклда эмас. Бу муаммолар мамлакатнинг тараққиёт даражаси, демократлашуви йўли билан боғлиқ. Халқаро тажрибада ўтган асрнинг 30-40-йилларида Европада ҳам биздаги ҳолат бўлган. Бу нарса иқтисодий ҳолат билан ҳам боғлиқ, чунки ҳар бир муассасага пул ажратиш керак ва ҳоказолар.
ЖКда «педофилия» сўзининг ўзи йўқлиги, тан олинмаганлиги — жуда катта фожиалардан бири. Омилларга қайтадиган бўлсак, ҳокимият идоравий бошқарувида бўшлиқлар бор. Айтайлик, нега Марғилондаги, Қўқондаги ҳодисалардан кейин хулоса чиқарилмади? Демак, бу соҳанинг шундай муаммолари бор.
2020 йилда президент ташаббуси билан бу соҳа Миллий гвардия васийлигига бириктирилган эди. Лекин Миллий гвардия буни бўйнига оладиган даражада катта ташкилот эмас, улар ўзининг ишидан ортмайди. Иккинчидан, ривожланган мамлакатларга эътибор берсак, бу соҳага жуда катта ижтимоий маблағлар ажратилади. Ўзбекистон эса ҳозирги иқтисодий салоҳияти билан бу муаммони қамраб олиши қийин. Учинчидан, раҳбар ходимларнинг этикаси. Ҳатто марказий аппаратда ҳам педофилларнинг шериги бор экан, деган гаплар эшитяпмиз.
Барногул Санақулова:
— Жуда қайғули вазиятда турибман. Биз Адлия вазирлигини ҳар томонлама намуна сифатида кўрсатадиган вазирлик деб танирдик. Шаффоф ишлашини айтганмиз. Нега мана шундай обрўси баланд вазирликда бундай ҳолат бўлган ва 10 ой давом этган вазиятда хабари бўлмагани, ҳисобот бермагани, жамоатчиликни хабардор қилмагани жуда катта савол туғдиради, аслида. “Compliance” тизими бўйича, ахлоқ-одоб кодекси бўйича ишлайди вазирлик. Шулардан келиб чиқсак, улар ўз ходимларини даврий равишда таҳлил қилиб бориши керак. Ички назорат тизимида ҳуқуқий баҳолар берилиши лозим. Ҳозирги вазият биз билмаганмиз, билганимизда ходимни ишдан олганмиз, деган билан ечилиб қоладиган вазият эмас. Агар ҳолат 10 ойлаб давом этган бўлса, вазирлик тизимига нисбатан саволлар бор. Давлат бюджети ташкилоти ва президентнинг давлат ташкилотлари ошкоралигини таъминлаш бўйича қарори бўлса-да, жамоатчиликка ошкор қилмаслиги ҳам катта саволни майдонга чиқаради: ҳолат юз бергандан кейин вазирлик амалга оширилган ишлар, чора-тадбирлар, хулосалар, кимларга ҳайфсан эълон қилингани ва шу каби таъсир чоралари ҳақида маълумот бермади. Бутун бир вилоятнинг Адлия бошқармаси бошлиғи бўлиш жуда масъулиятли, катта вазифа. Демак, тизимда камчилик бор. Мурожаатлар бўлмаган ҳолатда ҳам ахлоқ-одоб кодекси бўйича баҳо бериши керак эди. Бизда бундай вазиятлар йўқ, бўлиши мумкин эмас деган халқаро сертификат олган вазирлик. Ходими шу каби ишларни қилиб юрса-ю, вазирлик хабар топмаса...
Адлия вазирлиги лавозимга тайинлашда танлов эълон қилади ва энг яхшисини олади. Энг зўрининг аҳволи шу бўлса, бошқалардан нима кутилади? Бу шахс ишончни оқламаган бўлса, ўша ишончни ким берди унга, деган савол ҳам бор. Зўравонлик ҳолати бошқа, бу ерда мансаб суиистеъмоли бор. У айнан мансабдор бўлгани учун шу ишга қурби етди. Ўша қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган шахслар ҳақида гап кетяпти. Ўтган йили бу ҳолат юз берган бўлса, Адлия вазирлиги матбуот ҳисоботларида бу масала йўқ. Демакки, у ерда ишлар нотўғри кетяпти.
Жаҳонгир Муталипов:
— Юқорида қонунчиликда бўшлиқлар бор, деб тўғри айтилди. Бу турдаги жиноятлар терговлари ёпиқ тарзда ўтказилади, чунки шахснинг шаъни ва қадр-қиммати масаласи бор. Айбдор шахслар мансабдор бўлган. Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди, деган гап бор. Бу вазиятда улар ҳам таниш-билишларини, бошқаларни ишга солган, югурган.
ЖКнинг 128-моддаси бўйича айблов қўйилган, 16 ёшга тўлмаганлар билан жинсий алоқа қилиш ҳақидаги. Лекин бу модда эркин алоқа қиладиганларга нисбатан ишлатилади. Яъни 16 ёшга тўлмаган қизга уйланади ёки севишиб қолиши мумкин, ўша вазиятда шундай енгил жазо қўлланади. У мансабдор шахсларнинг ишида номусга тегиш тўғрисидаги моддалар кўриб чиқилмаган ҳатто. Агар кўриб чиқилганда, 118-моддага асосан 10 йилдан 15 йилгача бўлган қамоқ жазоси тайинланар эди.
Жабрланувчи қизларга терговчи ихтиёрий бўлдими, деган савол қўяди. Кимдир мажбурлаб олиб бордими, нима бўлди, деган аниқлаштирувчи саволлар уларни чалғитади. Шундан келиб чиқсак, терговчиларнинг илмсизлиги бор. Қонундаги бўшлиқ эса ЖКнинг номусга тегиш ҳақидаги 118-моддасида мансабни суиистеъмол қилиш банди қўшилмаган. Номусга тегишда куч ишлатиш назарда тутилади, мансабдорнинг мансаби шу ишни бажаради ўзи, у қанақадир куч ишлатиши шарт эмас. Турли таҳдидлар орқали мақсадини амалга оширади мансабдор. Қонунда шу нарса киритилиши керак. Ривожланган давлатларда шундай моддалар, бандлар мавжуд.
— Сизнингча, ушбу иш ва унинг доирасида бизга маълум бўлган тафсилотлар, жумладан, суд томонидан чиқарилган ҳукм мисолида ҳам қонунлар фуқаролар ва давлат хизматчиларига нисбатан икки хил стандартда ишлаётгандай кўринмаяптми? Яъни жамиятда кўп ҳолатда қонунни қўллашда ижтимоий адолат принциплари бузилаётгандек. Фикрларингиз қандай?
Абдураҳмон Ташанов:
— 2000 йилдан 2010 йилларга қадар худди шу ҳодиса параллелига ўтказсак, бир хил бўлади. Ҳозир меҳрибонлик уйидаги қизлар бўлса, у пайт қамоқхоналардаги қизлар эди. Бу нарса БМТгача борган эди. Асосий айбдорлар ИИВ ходимлари бўлган. Қонунчиликка ўзгартириш киритилди, яна нималардир бўлди, тўғрилангандек бўлди. Лекин иккинчи масала бор: прокуратура органлари билан боғлиқ масала. Масалан, мустақиллик даврида 5-6 нафар бош прокурор бўлган бўлса, шулардан 4 нафари қамоқда ўтирди. Шавкат Мирзиёев бу бўйича катта чиқишлар қилди. Ўйлайманки, Адлия тизими шундай ислоҳ қилинади. Чунки хулосалардан маълум бўляптики, мутлақ ўзгартирмай туриб, натижага эришиш қийин. Ислоҳотга муҳтож ташкилот бўлиб қолди бу тизим.
Энг камида охирги воқеалардан кейин узр сўраши керак эди Адлия вазирлиги. Шахсан мен эркак сифатида ўша жабрдийдалар олдида хижолат бўлиб кетдим. Адлия вазирлиги уялиши керак. Қайтага бир нечтаси чиқиб, битта одам учун биз айбдормизми, деб ётибди. Демак, қўлга тушмадингми, ўғри эмассан, деган қараш билан юришибди.
Барногул Санақулова:
— Адлия вазирлигини биз ёки жамоатчилик обрўсизлантираётгани йўқ, ўзларининг ходими шу ишни қилди. Керак бўлса, судга бериши керак бунинг учун.
Моддалардаги айтилган камчиликнинг ўзи мансабдор ва оддий фуқароларга икки хил қараш бор. Адлия тизими мансабдорларининг айблари олиб ташланиб, қизларга фоҳиша дегандек мақом бериляпти қўлланган модда бўйича. Оддий бир мансабдор бўлмаган эркак шу ишни қилганда, 15 йил беришар эди.
Бу интервьюдан кейин Адлия вазирлиги бизни обрўсизлантиришда айблаб, судга беришга ҳаракат қилиб қолса ҳам ҳайратга тушмайман.
Жаҳонгир Муталипов:
— Бу масалани олдин ҳам ўйлаганман. Далиллар билан айтишим мумкин. Мансабдорлик жиноятлари учун қонунларда жазо чораси кам, узоғи 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш мумкин. Мансабдор шахсларга маъмурий ҳуқуқбузарлик учун деярли жазо ҳам йўқ. Яъни масалан, фуқарога нисбатан бўлган ишни нотўғри малакалаган мансабдорга жавобгарлик йўқ. Агар ҳозирги масала бўйича ҳам қонунчиликда мансабдор шахсга нисбатан алоҳида оғирлаштирувчи бандлар киритилса, шундай ишни қилишга қўрқар эди улар. Мансаб ортиқча масъулият юклар эди.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Шоҳрузбек Абдурайимов.
Мавзуга оид
14:37 / 05.12.2024
«Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти «Озодлик, тенглик, биродарлик» халқаро мукофоти билан тақдирланди
11:33 / 15.11.2024
“Пора катталашган сари суверенитет билан савдолашиш бошланади” – фаоллар билан суҳбат
15:14 / 01.06.2024
“Ҳар бир бола ҳақиқий меҳрни оилада олади” – Сенат раиси
14:07 / 24.01.2024