Ўзбекистон | 14:36 / 05.04.2023
75034
5 дақиқада ўқилади

Қизлар хонасидаги яширин камера. Воқеалар қандай ривож олмоқда?

Қўқон давлат педагогика институтига тегишли ётоқхонанинг талаба қизлар яшаб келган хонасига камера ўрнатишдан мақсад талабаларнинг психологик муаммолари билан ишлаш учун махсус хона қилиш бўлгани айтилди. Бироқ расмий баёнотнинг ўзи қатор саволларни келтириб чиқарди.

Фото: KUN.UZ

Қўқон давлат педагогика институти ётоқхонасида яшовчи талаба қизлар хонасига институт масъуллари яширин камера ўрнатиб кетишганини билиб қолиб, Kun.uz’га мурожаат қилишган эди. Улар ҳолат ҳақида проректор ва ректорга айтишганида, ўзлари айбдорга чиқиб қолишларига оз қолган. Ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қаттиқ муҳокамаларга сабаб бўлгач, Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги ва ҚДПИ ўзининг расмий муносабатини эълон қилди

Вазирлик берган баёнотда айтилишича, 4 апрел куни Қўқон давлат педагогика институти талаба қизларидан бири Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мулоқот ботига қизлар яшайдиган хоналаридан бирига кузатиш камераси яширинча ўрнатилгани ҳақида маълумот берган.

Масъуллар шикоят қилган қиз билан суҳбатлашгач, вазирликнинг Фарғона ҳудудий бошқармаси ходимлари ҚДПИга бориб, вазиятни ўрганган. Натижада ҳақиқатан ҳам қизларнинг хонасига видеокамера ўрнатилгани аниқланган.

ОТФИВ воқеа юзасидан хизмат текшируви ўтказилиши ва айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини маълум қилган.

ҚДПИ берган баёнотда ректорнинг буйруғи асосида талабаларнинг психологик муаммолари билан ишлаш учун махсус хона ташкил қилинаётгани ва шу муносабат билан камера ўрнатилгани маълум қилинган.

Шунингдек, махсус хона талабаларнинг руҳий ҳолатларини барқарорлаштириш, ўқиш жараёнидаги стресс ҳолатларнинг олдини олиш учун ташкил қилинаётгани айтилган. ҚДПИ нега талаба қизлар ўз хонасида қўйилган камерадан хабардор эмаслигини эса қуйидаги важ билан изоҳлаган:

“Ҳафтанинг шанба-якшанба кунлари талабалар ўз уйига кетишларини ҳисобга олиб, хонани шанба куни жиҳозлаш бошланган. Лекин бу ҳолат ҳақида талабалар ўз вақтида огоҳлантирилмаган. Натижада бу англашилмовчилик юз берган. Ушбу ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда”.

Институт баёноти жамоатчилик орасида ишончсизликни келтириб чиқарди ва қатор саволларни пайдо қилмоқда.

Тelegramʼдаги Масофавий таълим канали ҚДПИ ректорининг муносабати ишончсиз чиққани ҳақида ёзган:

“Бунақа лағмонни бошқа жойда иласизлар. Қайси бет билан шунча ёлғонни тўқиш ва шунга одамларни ишонади, деб ўйлаш мумкин? Ўша гап: ҚДПИда ректор, проректор ва ётоқхона коменданти ишдан олинмас экан, мурожаат қилган талабаларга булар энди кун бермайди”.

“Вазирлик ва ҚДПИ берган 2 хил расмий муносабат математикага ҳам тўғри келмаяпти-ку? Ётоқхона олдида катта автомобил йўли борлиги сабаб талабалар хавфсизлигини ўйлаб тадбиркорларни жалб қилиб, ойна томонга қаратилган яширин радар ўрнатдик, деса бундан ишонарлироқ бўлар эди. Ҳеч бўлмаса ётоқхона ОТМ ичида бўлса ҳам”, – деб ёзади Тelegram'даги Ёшларни қўллаб-қувватлаш канали админи.

Kun.uz ҳам ҚДПИ расмий муносабатидаги тушунарсиз нуқталарга эътибор қаратди.

Масалан, таҳририятдаги маълумотга кўра, проректор Ойбек Бозоров қизлар хонаси тарбияси оғир талабалар билан суҳбат хонаси бўлишини айтган. “Суҳбат давомида талаба ўзини қандай тутади, шуни кўриб туришимиз керак”, деган проректор қизларга. Қизлар ундан камерада флешка борлигини изоҳлашни сўраганда масъул ходим камера мониторга уланмагани, уни биров кўрмаслиги ва видео ҳам ўз-ўзидан хотира картасидан ўчиб кетишини айтган. Хўш, унда бу хонага камера қўйишдан мақсад нима?

Шу билан бирга, ҚДПИ берган расмий баёнот бир қатор саволларни туғдиради.

Масалан, қизларнинг сўзига кўра, камера қўйилишидан олийгоҳ ректорининг хабари бўлмаган. Ҳатто ректор камерани қизларнинг ўзи ўрнатган бўлишини айтиб, айбни қизларга ағдармоқчи ҳам бўлган. ҚДПИ баёнотига ишонилса, қандай қилиб ректор ўзи раҳбарлик қилаётган олийгоҳда бўлаётган ишлардан бехабар қолган?

Иккинчи савол, талабалар учун махсус хонага нега қўлбола камера ўрнатилади?

Учинчидан, нега бу ҳолатдан талаба қизлар олдинроқ огоҳлантирилмаган-у, ўзлари арз қилиб боргандан кейин уларга изоҳ берилган?

Ва нега психологик профилактика хонаси олийгоҳ биносида эмас, ётоқхонанинг айнан талаба қизлар яшайдиган хонасида бўлиши керак? Олийгоҳ масъулларидан очиқ қолаётган шу саволларга асосли жавоб беришларини сўраб қоламиз.

Мавзуга оид