Жамият | 10:45 / 05.04.2023
9019
2 дақиқада ўқилади

ССВ: Ўзбекистонда илк бор бир ярим ёшли боланинг умуртқа поғонасида мураккаб операция ўтказилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида бажарилган ноёб операциялар сони яна биттага кўпайди. ССВ матбуот хизмати хабар беришича, бу ерда Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети шифокорлари билан ҳамкорликда мамлакатда илк бор 1 ёшу 4 ойлик боланинг ортиқча ярим тана умуртқасини олиб ташлаш жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

«Жажжи бемор Муҳаммадусмон Ибрагимов 2021 йилда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида туғилган. Дунёга келганида умуртқа поғонасида туғма аномалия борлиги аниқланган. Яъни умуртқа поғонаси кўкрак-бел қисми соҳасида қийшиқлик, чап томонда кўкрак қафасининг бўртиб чиқиб қолиши кузатилган.

Вақтинчалик муолажалардан сўнг ота-онаси Республика травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказига мурожаат қилди.

Керакли лаборатор ва инструментал текширувлардан сўнг Муҳаммадусмонга «Умуртқа поғонаси туғма ривожланиш аномалияси, умуртқа поғонаси кўкрак-бел қисми туғма сколиози, кўкрак ва бел қисми шаклланиши бузилиши. Чап томонлама VThХ ярим умуртқаси» ташхиси қўйилди. 

Муассасада VTh 12 ярим умуртқани олиш, сколиотик деформациясини коррекциялаш ва эндокорректор билан стабилизация қилиш операцияси муваффақиятли ўтказилди. Ҳозир беморнинг аҳволи қониқарли», дейилади вазирлик хабарида.

Марказ раҳбари Мурод Ирисметовнинг таъкидлашича, авваллари бундай жарроҳлик муолажаларини бажариш учун беморнинг балоғат ёшига етиши кутилган. Оқибатда ўтган даврда бутун умуртқа поғонасида оғир сколиотик деформация юзага келиб, якунда жуда катта жарроҳлик амалиёти ўказилишига тўғри келган.  Бундан ташқари, беморнинг кўкрак қафаси органларида иккиламчи ўзгаришлар пайдо бўлган. Бу эса кўпинча беморнинг умрбод ногирон бўлиб қолишига олиб келган.

«Энди мазкур мураккаб амалиётнинг эрта ёшда ўтказилиши юқоридаги каби асоратлар ва туғма ногиронликнинг олди олинишига хизмат қилади», дейилади хабарда. 

Мавзуга оид