Ўзбекистон | 19:38 / 05.04.2023
84444
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда вояга етмаган қизни 11 эркак зўрлагани, 3 нафари ҳибсга олингани айтилмоқда

Воқеа Янгиариқ туманида содир бўлгани айтилмоқда.

Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида 2022 йил август ойида 11 эркак 2006 йилда туғилган, вояга етмаган қизни зўрлаган бўлиши мумкин. Бу ҳақда блогер Никита Макаренко 1 апрель куни хабар берди.

«Афтидан педофиллар тармоғини фош этиш учун Тошкентдан Хоразмга махсус гуруҳни юбориш керак шекилли. Ўқувчимнинг ёзишича, маҳаллий ИИБ билан алоқадор одамлар жиянини зўрлаган. У ўз исми шарифини ошкор этилишини истамади, аммо телефон рақамларини Тошкентдаги ҳуқуқ-тартибот идораларига етказишга рухсат берди», деб ёзди у.

4 апрель куни блогер 11 кишидан 3 киши ҳибсга олингани, бунга болалар омбудсмани Алия Юнусова ёрдам бергани ҳақида хабар берди.

«Болалар омбудсмани Алия Юнусовага раҳмат. У ушбу постга жавоб қайтарган ва Хоразм вилоятидаги зўрлаш қурбони бўлган вояга етмаган қизни ҳимоя қилишни истаган ягона шахсдир. Қолганларнинг ҳаммаси жим. У Урганчга жўнаб кетди ва жабрланувчининг холаси айтганидек, бугун зўрлашда иштирок этган 11 кишидан 3 нафари ҳибсга олинди», деб ёзди Макаренко.

Блогер сўзларига кўра, қизнинг холаси бундан хурсанд бўлган ва «Қувончимизнинг чегараси йўқ. 8 ой давомида ҳеч ким бизга эътибор бермаган эди», деб ёзган.

«Ўзбекистонда бошқарув фақат қўлда ишлайди. 11 нафар педофилга нисбатан иш қўзғатиш учун эса, бу воқеа ошкора бўлиши, шахсан кимдир эътибор бериши ва масала билан шахсан шуғулланиши керак. Бу яхшими? Йўқ, бу фалокат», деб қўшимча қилди Макаренко.

Ҳозирча ушбу воқеа бўйича расмий хабарлар берилмади.

Мавзуга оид