Жамият | 07:35 / 07.04.2023
93350
8 дақиқада ўқилади

Жиноят тафсилотлари: Мудира қизларни ичириб, тунги клубда мижоз топишга мажбурлаган

Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий меҳрибонлик уйида тарбияланаётган вақтида мудира томонидан эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурланган қизлар амалдорларнинг кўнглини овлашдан ташқари, фоҳишалик қилиб, пул топишга ҳам мажбур қилинган. Kun.uz'нинг аниқлашича, жиноят иши очилишига қизлар ўқиган мактаб жамоасининг саъй-ҳаракати сабаб бўлган.

Kun.uz меҳрибонлик уйида тарбияланган қизларга нисбатан содир этилган ва жамоатчиликдан сир тутилган жиноят иши тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда. Биз Урганч шаҳрида бўлиб, воқеалардан бевосита хабардор шахслар билан учрашдик.

Ҳозирга қадар меҳрибонлик уйи мудираси ўз қарамоғидаги вояга етмаган қизларни 10 ой давомида икки нафар давлат амалдори билан кўнгилхушлик қилишга мажбурлаб келгани маълум эди. Ўрганишларимизга кўра, ҳимоясиз қизларнинг бошига тушган кўргиликлар фақат шулар эмас. Мудиранинг бундан бошқа қатор “ҳунар”лари ҳам бўлган эканки, буни эшитиб, одамнинг ақли шошиши турган гап. Тахминимизча, ушбу ҳолатларга на тергов органи, на суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилган.

Қизлар қандай қилиб Юлдуз Худойберганова томонидан очилган оилавий меҳрибонлик уйига бориб қолишган? Маълум бўлишича, Хивадаги болалар уйи ёпилгач, у ердаги тарбияланувлар бошқа меҳрибонлик уйлари, хусусан, оилавий болалар уйларига тақсимланган. Жумладан, Юлдуз Худойберганова раҳбарлик қилган Урганч шаҳридаги 1-сонли меҳрибонлик уйида жинсий тажовуз қурбони бўлган уч нафар қиздан ташқари бошқа қиз ва ўғил болалар ҳам тарбияланган, улар энг яқин мактабга ўқишга қабул қилинган. Қизлар таҳсил олган мактаб директори Фарҳод Раҳмонов бу ҳақда шундай ҳикоя қилади.

Фарҳод Раҳмонов, Урганч шаҳридаги 16-мактаб директори Фото: Kun.uz

“Вилоят халқ таълими бошқармаси буйруғи билан бизнинг мактабга келган эди бу қизлар. 9 ёки 11 нафар эдилар, адашмасам. Хивадаги болалар уйи ёпилгач, Урганч шаҳридаги Янги ҳаёт маҳалласида 1-сонли оилавий меҳрибонлик уйи очилганди. Болаларни қарамоғига олган аёлнинг исми Юлдуз эди. 10-11-синф қизлари ҳам, бошланғич синфларда ўқийдиган қизлар, ўғил болалари ҳам бор эди.

Тахминан бир ойдан кейин ўқишга келмай қолишди. Психолог ва бошқаларга топшириқ бердим ўрганиб чиқиш ҳақида. Қаровчи аёлнинг айтишича, касал бўлган экан. Лекин биз шубҳаландик, чунки ходимларимиз борган пайтда касал бўлгани ҳақида белгилар йўқ эди”, дейди Фарҳод Раҳмонов.

Урганч шаҳридаги 16-мактаб жамоаси Фото: Kun.uz

Мактаб психологи Гулнора Тасимова ҳолат ҳақида шундай дейди:

“Бу ўқувчи қизларимиз 2021 йил апрелда келган. Ўша вақтда энг каттаси 10-синф эди, жами 9 нафар эди. Келишгач, директоримиз мен билан маслаҳатлашди, алоҳида шуғулланиш бўйича топшириқ берди. Тажрибали синф раҳбарига қўйишга ҳаракат қилдик.

Маълум вақт ўтгач, синф раҳбари мурожаат қилди. Ўқувчилар билан келишмовчилик бўлибди. Янгилар сал шаддодроқ қизлар экан, деди. Гаплашиб, тушунтириш ишлари олиб бордик. Уларнинг ҳар бири билан гаплашиб кўрдим. Уйидаги шароитлар, муҳитлар ҳақида сўрадим. Қандай муаммо бўлса, менга мурожаат қилишини айтдим.

Хулқи ёмон эмас эди уларнинг. Мактаб маъмурияти доимий иш олиб борди бу қизлар билан. Доимий назоратда, эътиборда эди улар”.

Қизларнинг тез-тез дарс қолдириши, қолаверса, юриш-туришидаги ўзгаришлардан хавотирланган мактаб директори бу ерда қандайдир гап борлигидан гумонсирайди ва ўқувчилардан гап олишга ҳаракат қилади. Директорнинг самимиятига ишонган қизлардан бири “ёрилади” ҳамда ўзлари тарбияланаётган меҳрибонлик уйида содир бўлаётган ақл бовар қилмас жирканчликлар ҳақида сўзлаб беради.

“Дарсларга қатнай бошлашганларидан кейин ушбу қизлар билан бирма-бир шахсан ўзим гаплашиб чиқдим. Унчалик тортинмай гапира оладигани бўлган ҳамма ишларни айтиб берди.

Бизда фақат кундуз куни назорат қилиш имкони бор, бошқа пайт нима бўлаётганини билмаймиз. Гаплашиб кўргач, маълум бўлдики, уларни уйда жазолашар, уришар экан. Қизларнинг укаларини калтаклаб, руҳий босим билан синдиришган.

Айтишларича, Юлдуз қизларга спиртли ичимликлар ичиртириб, кейин тунги клубларга олиб боришар экан. 15, 16, 17 ёшли қизлар ўша жойлардан мижоз топиб, улар билан кўнгилхушлик қилишга мажбурланган. Фоҳишаликдан тушган пулни Юлдузга олиб келиб беришган. Меҳрибонлик уйини ҳам “притон”га айлантиришган экан. Буларнинг барчасини қизларнинг ўзлари кўзда ёш билан айтиб беришган. Уларнинг кўрсатмаларини ёзиб олиб, тегишли идораларга бу ҳақда хабар берганимдан кейин барчаси фош бўлди”, дейди Фарҳод Раҳмонов.

Жинсий тажовуз қурбони бўлган икки қиз мактабда бир синфда таҳсил олади. Уларнинг синф раҳбари Ўғилжон Бектурдиева рўй берган ҳодисалардан жуда қаттиқ таъсирланади ва ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, она сифатида меҳр бериш, бу орқали қалбидаги жароҳатларга малҳам бўлиш ниятида қизлардан бирини асраб олмоқчи бўлади. Лекин мутасадди идоралар томонидан бунга рухсат берилмайди.

“Бу гап-сўзлар ҳаммага маълум бўлиб кетгандан кейин қизларнинг юриш-туриши менга ёмон таъсир қилди. Улардан бирини қиз қилиб олмоқчи бўлдим. Директоримиз билан ҳам бу ҳақда маслаҳатлашганман ҳаттоки. Ўзимниям битта қизим бор, шу билан опа-сингил бўлиб ўссин, ўзим тарбиялайман дегандим. Ота-онасизлиги унинг айби эмас-ку. У ҳам ҳаётда ўз ўрнини топишга ҳаққи бор. Ҳаракати бор эди, ўқишини истагандим. У пайтда тергов жараёни кетаётганди. Қолаверса, асраб олишга дарров рухсат беришмас экан. Жойим ҳам кичкиналик қилди. Шу каби сабаблар билан у қизни асраб олишга рухсат ололмадим”, дейди Ўғилжон Бектурдиева.

Ўғилжон Бектурдиева, Урганч шаҳридаги 16-мактаб ўқитувчиси Фото: Kun.uz

Эътиборлиси, синфдошлари қизларнинг меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси эканини билишмаган. Уларнинг ўксиб қолиши ёки тенгдошлари томонидан камситилиши олдини олиш мақсадида мактаб раҳбарияти ҳам, ўқитувчилар ҳам бу маълумот тарқалишига йўл қўймаган.

Ўғилжон Бектурдиева айрим интернет фойдаланувчилари рўй берган воқеаларда қизларнинг ўзини айблашга уринаётганига муносабат билдириб, бу фикрларга қўшилмаслиги, барчасига улар тушиб қолган муҳит сабабчи эканини таъкидлади.

“Биринчидан, улар ҳали бола эди. Иккинчидан, уларнинг тушиб қолган муҳити шунақа бўлган. Мактабимизда, синфимизда яхши муҳит шаклланганди, бу ерга келганларидан сўнг улар яхши томонга ўзгаришди.

Мана ўша қизларимиздан бири олий таълим муассасаси талабаси бўлди. Давлат томонидан унга барча жиҳозлари билан бирга бир хонали уй ҳам берилди. Қолганларининг ҳам ҳаёти изига тушмоқда. Улар билан тез-тез хабарлашиб турамиз. Синфдошларининг тўйларида қатнашиб келишади. Бўлган ишларда муҳит айбдор деб ҳисоблайман, чунки улар ёш ниҳол, биз қандай парваришласак, шундай бўлиб ўсади”, дейди ўқитувчи.

Юлдуз Худойберганова томонидан ташкил этилган оилавий меҳрибонлик уйи ижарага олинган мана шу уйда фаолият кўрсатган / Фото: Kun.uz

Мактаб директори ва жамоасининг саъй-ҳаракатлари натижасида қарийб бир йил давомида таҳқирланиб келган қизларнинг бошидаги қора булутлар тарқаган. Лекин шу билан ҳаммаси якунига етди, адолат қарор топди деб бўлмайди.

Қизлар тўлиқ жисмоний-психологик реабилитация қилиниши, айбдорларга тайинланган енгил жазо эса адолатли ҳукмга алмаштирилиши керак.

Жамшид Ниёзов, Kun.uz
Тасвирчи: Абдуқодир Тўлқинов
Монтажчи: Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид