Жаҳон | 10:41 / 08.04.2023
12632
7 дақиқада ўқилади

БМТ Хавфсизлик кенгаши: уни ислоҳ қилиш мумкинми?

Иккинчи жаҳон урушидан кейин БМТ келгуси урушларнинг олдини олувчи механизм сифатида тузилган эди, бироқ бугунги кунга келиб бу механизм ишламаётгани аён бўлди.

Фото: БМТ Хавфсизлик Кенгаши. Фото Xie E / XinHua / Global Look Press

Шу кунларда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш масаласини кўтарди.

«Бугунги кунда инсоният тақдирини бешта давлат чангалига ташлаб қўйган халқаро тартиб ортиқ барқарор эмаслиги маълум бўлмоқда. БМТ Хавфсизлик кенгаши инклюзив ва умумқамровли тушунча билан ислоҳ қилиниши жуда зарур», — деган Эрдўған.

Замонавий халқаро тизим Иккинчи жаҳон уруши якунларига кўра яратилган. Унинг бугунги қирралари бу урушда ғалаба қозонган давлатлар томонидан белгиланган. Биринчи навбатда, СССР, АҚШ, Буюк Британия, Хитой ва Франция томонидан. 1945 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низомида урушдан кейинги жаҳон тартиби қоидалари мана шу бешлик манфаатлари йўлида шакллантирилган.

Бир томондан, бу мантиқли ва БМТни тузиш ғояси Иккинчи жаҳон уруши мобайнида антиҳитлерчилар коалицияси давлатлари томонидан илгари сурилгани билан асосланади. Уларнинг ўша вақтдаги бош мақсадлари Германия реваншизми ва Япония империализмини ортиқ бош кўтаришига йўл қўймаслик бўлган.

Иккинчи томондан, бундай жаҳон тартиби бошқа кўплаб давлатларга нисбатан адолатсизлик экани ойдинлашмоқда, чунки дастлабки босқичда БМТга 50 та давлат аъзо бўлган. Бугунга келиб бош халқаро ташкилотга аъзо давлатлар сони 193 тага етган.

Ҳозирги БМТнинг асосий муаммоси — Хавфсизлик кенгашига аъзо беш давлат: АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Франция ва совет иттифоқининг ҳуқуқий вориси Россия эга бўлиб турган вето ҳуқуқи. БМТ Низомида таъсисчи давлатларда бундай ҳуқуқ белгиланмаган, бироқ Низомининг 27-моддаси 3-бўлимида процедурали масалалардан ташқари барча масалалар бўйича қарорлар «кенгаш барча доимий аъзоларининг овозлари берилганидан сўнг» қабул қилинган деб ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Бошқача қилиб айтганда, бу бир тўхтам принципи беш давлатдан бирининг қарши овоз бериши ёки овоз беришга иккиланиши ҳам дефакто унга вето қўйганидан дарак беради.

Замонга мос келмай қолган бу тизимни ислоҳ қилиш ҳақида анчадан буён айтилиб келинаётган эди. БМТнинг айни дамдаги Низоми тузилган пайтда ҳозирги жуда йирик ва таъсир доираси кенг ҳамда кейинчалик бу халқаро ташкилотга аъзо бўлган давлатлар йўқ эди.

Гап, масалан, Ҳиндистон ҳақида бормоқда. У 1947 йилга келиб давлат мустақиллигига эга бўлган. Бугун эса космик ва ядровий барқудрат давлат 1,4 млрд аҳолига эга.

Германия ёки Япония эса ўнлаб йилларки ҳарбий бюджети ЯИМ 1 фоизига тенг бўлган тинч, демократик давлатлар ҳисобланади. Фақат 2022 йилнинг 16 декабрига келиб — Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг Токио мудофаа бюджетини 2 фоизга кўтаришга қарор қилди, шунда ҳам яқин 5 йил муддатга.

Буни Россия ҳарбий бюджетига солиштиринг: 2022 йилда у ЯИМ 4,1 фоизини ташкил этган, бу РФ расмий статистикасида акс этган — Россияда ҳарбий харажатларнинг катта қисми ёпиқ моддалар ҳамда мудофаага формал жиҳатдан алоқаси йўқ моддалар орқали ажратилади.

БМТнинг ҳозирги бош муаммоси шундаки, у урушлар олдини олувчи механизм сифатида яратилганди, бироқ бугунги кунда бу механизм иш бермаяпти. Чунки у бошқа даврда, бошқа мақсад ва вазифалар учун тузилган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоларининг вето ҳуқуқини чеклашни турли даврларда ҳар хил давлатлар таклиф қилган. 2014 йилда бундай таклиф билан ҳаттоки дунё тақдирини ҳал қилувчи беш давлат бири бўлган Франция ҳам ўртага ташлаган. Ўшанда Франция ташқи ишлар вазири БМТда чиқиш қилганди.

«Биз вето ҳуқуқидан воз кечиш Хавфсизлик кенгашининг бу ҳуқуққа эга бўлган беш давлати томонидан ихтиёрий ва жамоавий равишда қабул қилинишини истаймиз. Бу жараён оммавий ёвузликлар: геноцид, инсониятга қарши жиноят ва кенг миқёсда содир этиладиган ҳарбий жиноятларга қарши татбиқ қилинади», — деган Франция ТИВ раҳбари Лоран Фабиус.

Бироқ ўшанда Францияга АҚШ, Буюк Британия ва Хитой қўшилган тақдирда ҳам (бундай бўлмаган, албатта) ҳеч нарса юз бермасди, чунки Россия бунга доимо тиш-тирноғи билан қарши.

Бу ҳақида гап очилиши ҳамоно, Москва ўз одатига кўра, Иккинчи жаҳон уруши хотирасини ўртага тиқиштиради. Хавфсизлик кенгашини анчадан бери пишиб етилган ислоҳ қилиш мавзусини РФ Иккинчи жаҳон уруши якунларини қайта кўриб чиқиш баҳонаси билан яксон қилади.

Ҳақиқатдан ҳам, Иккинчи жаҳон урушининг барча натижалари адолатли бўлмаган. Айтайлик, совет иттифоқи томонидан Болтиқбўйи давлатлари, Финландия ҳудуди бир қисми, Шарқий Пруссия, Жанубий Курил ороллари ва бир қатор давлатлар ҳудудларининг аннексия қилиниши…

БМТ Хавфсизлик кенгашининг иш механизмига ҳам аввалбошдан демократик бўлмаган, кучли давлатлар томонидан бошқа давлатларга қандай яшашни ўргатишга асосланган империяча принцип юкланган.

БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилишни ўз вақтида Бразилия ва Ҳиндистон, Германия ва Япония ҳам таклиф қилган. Улар доимий аъзолар сони оширилишини исташган, аммо вето ҳуқуқи чекланишини эмас.

Энди бу мавзуда Россиянинг орқасига «пичоқ урган» навбатдаги давлат Туркия бўлмоқда — Эрдўған Хавфсизлик кенгаши ислоҳ қилиниши борасида қатъий баёнот билан чиқиш қилди. Характерлиси шундаки, Москва бу сўзларга эътибор қаратгани йўқ. Гарчи бу Россия учун оғриқли мавзу ва илгарилари бундай чиқишларга қарши Кремл ва РФ Ташқи ишлар вазирлиги албатта жазавали жавоб қайтарар эди. Бу марта на расмий, на норасмий жавоб бўлди, ҳаттоки ОАВда ҳам бу мавзу ёритилмади. Бу тушунарли — Туркия айни вақтда РФнинг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда ва Москва муносабатлар бузилишини истамайди.

Боз устига, хоҳ Анқара, хоҳ бошқаси БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш бўйича исталган ечимларни таклиф қилавериши мумкин, лекин бу жараённи демократлаштириш механизми мавжуд эмас. Тўғрироғи, мавжуд, лекин бу фараз даражасида. Бунинг учун Хавфсизлик кенгашига аъзо бешта давлатнинг ўзи ветодан воз кечиш ёки уни чеклаш даражасига пишиб етилиши керак. Бунинг учун уларнинг барчаси, биринчи навбатда танланганлар клубининг авторитар аъзолари — Россия ва Хитой кескин ўзгариши керак.

Мавзуга оид