Жамият | 13:55 / 08.04.2023
67089
11 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Қизлар хонасига ўрнатилган яширин камера: Бу кимга ва нега керак бўлди?

Қўқон давлат педагогика институти ётоқхонасида яшовчи талаба қизлар хонасига яширин камера ўрнатилганини сезиб қолишади. Бу иш фош бўлиб, тармоқларда шов-шув кўтарилгач проректор ишдан кетди. Аммо бу иш нима мақсадда қилингани ва нима сабабдан хонада яшовчи қизлардан яширилгани мавҳумлигича қолмоқда. Kun.uz мухбири институтда бўлиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.

Маълум бўлишича, Kun.uz’да эълон қилинган мақоладан кейин Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов ҳамда масъул идора ходимлари талабалар билан суҳбат ўтказишиб, ҳолат синчковлик билан ўрганилишига ваъда берилган.

Фото: Kun.uz

Қизлар ётоқхонасига яширин камера ўрнатиш кимга ва нима учун керак бўлиб қолди? ҚДПИ берган баёнотда ректорнинг буйруғи асосида талабаларнинг психологик муаммолари билан ишлаш учун махсус хона ташкил қилинаётгани ва шу муносабат билан камера ўрнатилгани маълум қилинди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Талаба қизларнинг фикрича, бу баёнот шов-шувли мақола ортидан мушкул вазиятдан чиқиб кетиш учун институт маъмурияти томонидан тезкорлик билан ўйлаб топилган “чорадан” бошқа нарса эмас.

Хонасига яширин камера ўрнатилган талабанинг таъкидлашича, масъулларнинг ҳаракати бошиданоқ шубҳа уйғотган. Камера ўрнатилиш жараёнида талаба қизлар хонадан ташқарига чиқиб туришлари сўралган. Ўрнатилган ускуна яширин камера экани фош бўлгач ётоқхонанинг 1-қаватидаги проректор Ойбек Бозоров хонасидаги барча жиҳоз ва керакли маълумотлар шубҳали тарзда номаълум томонга тезкорлик билан олиб чиқиб кетилган.

Фото: Kun.uz
Проректорнинг маънавият хонасига айлантирилган эски хонаси
Фото: Kun.uz

Унинг хизмат хонаси эса маънавият хонасига айлантирилган. Яна бир қизиқ жиҳати яширин камера 3- ва 4-қаватдаги икки кишилик хоналарга ўрнатилган.

Яширин камера ўрнатилган хоналардан яна бири
Фото: Kun.uz

Яқинларим ётоқхонада ортиқ яшамаслигимни хоҳлашяпти”

“Институт ётоқхонасида икки йилдан бери яшайман. 1 апрел куни тадбирда эдик. Комендантимиз Муҳаббат опа бизга қўнғироқ қилиб, хонамиздаги wi fi тармоғи яхши ишламаётгани, носозлик аниқланиши кераклигини айтди. Хонадошимга қўнғироқ қилиб калитни ётоқхонага олиб бориш кераклигини айтдим.

Фото: Kun.uz

Калит олиб бориб берилгандан кейин хонамизга қандай ускуна ўрнатилаётгани ҳақида сўрадик. Институтнинг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Ойбек Бозоров бу иш бошида тургани маълум бўлди. Комендант Равшан Маҳкамов вай-фай қурилмасида узилиш бўлаётгани, бошқа хоналарда ҳам муаммо борлиги, айнан биз яшаётган хонада узилиш мавжудлигини, ортиқча хавотирга ўрин йўқлиги, хонага махсус қурилма ўрнатилса носозлик бартараф бўлишини айтди. Хонамизга кирган масъуллар розеткага кучланишли жиҳоз қўйилган-қўйилмагани ҳақида сўрашди.

Ускуна ўрнатишаётган пайтда ҳар эҳтимолга қарши биз уларни фотога олдик.

Яширин камера ўрнатилиш жараёни
Фото: Kun.uz

Чунки улар ўзаро пичир-пичир қилишиб бизда шубҳа уйғотишди. Энг қизиғи, ускуна ўрнатилгунича ташқарига чиқиб туришимизни хоҳлашди. Бу ҳолатдан шубҳамиз яна ортди.

Ускуна ўрнатилган кун ҳафтанинг шанбаси бўлгани учун уйимизга кетишимиз керак эди. Табиийки уйимизга кеч етиб бордик. Бунинг сабабини сўрашганида хонамизга вай-фай қурилмаси ўрнатилгунча кутиб турганимизни айтдик. Ҳолатдан ота-онамиз ҳам шубҳаланишди.

Фото: Kun.uz

2 апрел куни соат 16:00 ларда ётоқхонага келиб ўрнатилган ускунани текширишга қарор қилдик. Ундан аввал хона эшигини очиб нарсаларни жойлаб кийимларимизни алмаштирдик. Кейин билсак, ечиниб кийим алмаштираётган ҳолатимизни ҳам камера овозимиз билан бирга тасвирга олган экан.

Ўрнатиб кетилган мосламанинг ташқи томонида 3 та шуруп ва бири камера кўзи эканини пайқаб олдик.

Фото: Kun.uz

Яширин камерани ечиб олиш жараёнини қўл телефонимиз камерасига ёзиб олдик. Ўрнатилган мослама ичини очиб флеш-диск борлигини аниқладик.

Фото: Kun.uz

Уларни олиб мутахассисга кўрсатиб текширтирганимизда мослама яширин камера экани, ичида овозимизни ёзиб олиш учун диктофон бўлгани ҳам аён бўлди. 102 рақамига қўнғироқ қилиб вазият ҳақида айтдик.

Ички ишлар ходимларига тушунтириш хати ва ариза топширганимиздан кейин проректор Ойбек Бозоров хонамизга чиқиб нима учун ИИБга ариза берганимизни айтиб устимиздан кулгандек бўлди. Проректорга яширин камера кийиниб ечинганимизни ҳам тасвирга олгани ҳақида айтсак-да пинагини бузмади.

Аввалига проректор Ойбек Бозоров камера ўрнатиш ўзидан чиққан ташаббус эканини яширган бўлса-да ётоқхона қоровули ўзи билмаган ҳолда барча сирларни очиб қўйди. Проректор камера ўрнатишдан аввал қоровулга қўнғироқ қилиб 4-қаватдаги хонани очиб беришини ва бу ҳақда ҳеч ким билмаслиги кераклигини айтган.

Яширин камера
Фото: Kun.uz

Масала юзасидан ректорга учрашдик. Ректор саломимизга алик ҳам олмади. Ҳатто юзимизга қараб қўймади. Ректорга кўзимда ёш билан хонамизга яширин камера қўйилганини айтдим. У мослама камера эканини қаердан билдингиз деди. Мен эса уни очиб кўриб билганимизни айтдим. Ректор бу гапимдан кейин нима ҳақингиз бор институт мулкига тегинишга деб койиб кетди. Ректор камерани очганингизни кимдир гувоҳи бўлдими деди. Якшанба куни бўлгани учун ёнимизда ҳеч ким бўлмаганини айтдим. Бу гапимдан кейин айб ўзимизга юкланди. Раҳбар аёл хонага камерани ўзимиз ўрнатиб олганга чиқарди.

Шундан сўнг Kun.uz’га мурожаат қилдим. Ҳолат бўйича мақола эълон қилингандан сўнг ётоқхона ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Ётоқхонанинг 1-қаватидаги Ойбек Бозоровнинг хонасидаги барча нарсаларни ташқарига таший бошлашди. Бу жуда шубҳали эди. Проректор хонаси бўшаб қолди.

Бир оздан сўнг ёнимизга Қўқон шаҳри ҳокими, прокурор ва масъул шахслар келишиб мажлис ўтказишди. Ойбек Бозоров барчанинг ёнида биздан кечирим сўради. Яширин камерани прокуратура ходимларига топширдик.

Бундай камера икки кишилик бошқа хоналарга ҳам қўйилган. Ёнимиздаги хонага ҳам камера ўрнатишга уриниш бўлган. Акфа эшик қулфи бузиб кирилиб у ерга ҳам кабел тортилган. Тўполон кўтарганимиздан кейин шу хонадаги яширин камера жиҳозлари йўқ бўлиб қолди.

3-ва 4-қаватдаги айрим хоналарга камера қўйилган. Ректорнинг буйруғи асосида талабаларнинг психологик муаммолари билан ишлаш учун махсус хона ташкил қилинаётгани айтилди. Бу баёнот жуда кулгили. Бизнинг ечиниб-кийинишимизни томоша қилиш кимга керак бўлиб қолди?

Энг қизиғи Kun.uz’даги мақоладан кейин иш участкавойдан олиниб прокуратурага топширилди. Аввалига менсимаган ректор хонасига чақириб институтни муаммосиз битириб олишимиз, бизга нисбатан ортиқча босим бўлмаслигини айтди.

Бўлиб ўтган воқеадан хабардор бўлган яқинларим шокка тушишди. Ҳатто институтдаги ўқишни тўхтатишимизни айтишди. Бошқа талабаларнинг ота-оналари ҳам қўрқиб қолишди. Ётоқхонада туриш қўрқинчли бўлиб қолди. Яқинларим ётоқхонадан чиқиш кетишимни хоҳлашяпти.

Талабалар ётоқхонаси
Фото: Kun.uz

Ректорни яширин камера қўйилишидан хабари бўлмаганини таъкидлашяпти. Лекин биз шунга амин бўлдикки, у аввалдан камера қўйилишини билган. Ётоқхонадаги 4 нафар талаба қиз ҳам хоналарига камера қўйилгани ҳақида бизга сўзлаб беришди”, – дейди талаба.

Суриштирув давомида институт ректори Дилноза Хўжаева ҳамда камера ўрнатиш ишларида бош-қош бўлган проректор Ойбек Бозоровдан ҳолат бўйича изоҳ олмоқчи бўлдик. Лекин улар иш жойида йўқлиги сабаб бунинг иложи бўлмади.

Фото: Kun.uz

Педагогика институтининг молия-иқтисодиёт ишлари бўйича проректори Жасурбек Аъзамовдан ҳолат бўйича саволларимизга жавоб олдик.

Жасурбек Аъзамов
Фото: Kun.uz

“Қонунчилик бўйича кўрадиган бўлсак шахсий телефон сўзларини эшитиш, хонага берухсат камера ўрнатиш прокурорнинг махсус рухсати билан бўладиган жараён. Ҳолат бўйича белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб бориляпти.

Камера қўйилишидан аввал қизлар огоҳлантирилиши керак эди. Муаммо ва хатолик шу ерда. Қизлар ётоқхонасини яширин тасвирга олиш қонунчиликка ҳам, динимизга ҳам тўғри келмайди.

Фото: Kun.uz

Проректор Ойбек Бозоровнинг талабаларнинг психологик ҳолатини ўрганиш, уларга амалий ёрдам бериш мақсадида ижобий лойиҳаси бор эди. Шу лойиҳани амалга ошириш мақсадида ҳар бир ётоқхонада талабалар руҳиятида ўзгариш бўлса муаммоларини бартараф қилиш мақсадида психологик ёрдам кўрсатиш марказлари ташкил қилинган. Стресcга учраган талабалар билан махсус хонада шуғулланиш бўйича кўрсатма бўлган эди. Ана шундай хонани тайёрлаш жараёнида бизга номаълум бўлган сабабларга кўра камера қўйилган. Талаба қизлар шанба куни уйга кетиб якшанбада ётоқхонага қайтганида ҳам улар хонага камера қўйилганидан огоҳлантирилмаган. Институтнинг бу борада айби бор албатта.

Нима учун психологик муаммолари билан ишлаш учун махсус хона институтнинг бошқа биносига эмас айнан ётоқхонага ўрнатилди?

  • Талаба кўп вақтини ётоқхонада ўтказади. Талабалар билан ишлаш учун ётоқхона қулай жой. Шу мақсадда камера ҳам ўша хонага ўрнатилди. Ёшлар билан ишлаш бўйича проректорга марказ тузиш бўйича аниқ кўрсатма келган деб ўйлайман. Агар топшириқ бўлмаганида у махсус хона ташкил қилмаган бўлар эди.

Камера қўйиш бўйича ректор томонидан кўрсатма бўлмаган. Яширин камера фош бўлиб муаммо юзага чиққанидан кейин ректор бундан хабар топган. Ҳозирда ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, – дейди проректор Жасурбек Аъзамов.

Исми сир бўлиб қолиш шарти билан интервью беришга рози бўлган талабаларга кўра, яширин камера ўрнатилиши билан боғлиқ воқеадан кейин ётоқхонада яшаётган талабалар қўрқиб қолишган. Ётоқхона ичида турли гумон ва ҳадиксираш ҳолатлари кўпайган. Талабаларнинг ота-оналари ҳам вазиятдан саросимага тушган.

Маълум бўлишича, шов-шувли воқеа ортидан ётоқхонанинг тарбиячи-педагоги Яйра Алимова, талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Равшан Маҳкамов, Ахборот хавфсизлиги бўлими бошлиғи Акмал Мадумаров, тармоқларни бошқариш бўлими бошлиғи Бунёд Отажонов ҳамда яширин камера ўрнатиш ишларига бевосита бош-қош бўлгани айтилаётган проректор Ойбек Бозоров лавозимларидан озод этилган.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Гарчи камера ўрнатиш жараёнида бевосита қатнашган ходимлар ишдан олинган бўлса-да саволлар очиқлигича қолмоқда. Яширин камера орқали қизларни кузатиш кимга ва нима учун керак бўлиб қолди? Нима учун қизлар камера ўрнатилишидан аввал огоҳлантирилмади? Суриштирув давомида бу саволларга бирор бир масъулдан жўяли жавоб ола олмадик.

Ҳозирда ҳолат бўйича прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сарвар Зияев,
Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид