Жамият | 08:22 / 09.04.2023
15492
2 дақиқада ўқилади

Бухорода ноқонуний майнинг ферма ташкил қилган шахс ушланди

Фото: Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати

Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро Й.Н. хонадон ертўласида ноқонуний майнинг ферма ташкил қилгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 1972 йилда туғилган фуқаро ўзи яшаб келаётган уйнинг ертўласида майнинг қурилмалари ўрнатиб, қонунга хилоф равишда юқори кучланишли электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланган ҳолда фаолият кўрсатиб келган.

Шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари ва электр тармоқлари корхонаси мутахассислари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида жами 3 дона яроқли ва 1 дона яроқсиз майнинг қурилмаси ва бошқа бутловчи электр жиҳозлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Мутахассислар хулосасига кўра, ушбу фуқаро 2022 йил 28 март кунидан 2023 йил 9 февраль кунига қадар бўлган вақт оралиғида умумий қиймати 63 522 кВт соат электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдаланиб, шаҳар электр тармоқлари корхонасига жами 93 миллион 694,6 минг сўмлик моддий зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185/2-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Модданинг бу қисми билан судланган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мавзуга оид