Ўзбекистон | 11:56 / 11.04.2023
11459
1 дақиқада ўқилади

ЖОКУ биноларидан бири «дарз кетгани» айтилган видео тарқалди. Бу аслида сейсмик чок экани маълум бўлди

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети биносида ёриқлар пайдо бўлгани акс этган видео тарқалди. Масъуллар бу объектнинг чўкиши билан боғлиқ эмаслигини маълум қилган.

Фото: Видеодан кадр

Бинолар орасидаги ёриқ юзасидан университет раҳбарияти муносабат билдирди. Унга кўра, 2 см ёриқ эски ва янги бино ўртасидаги чок бўлиб, университетнинг янги биносини қуриш вақтида юзага келган.

“Қурувчилар тилида бу иссиқ ва совуқ таъсирида доимий ҳаракатда бўлувчи икки бино орасидаги чокдир. Мутахассислар тилида бу “Температурный шов” дейилади. Бу ҳолатнинг бинонинг чўкишига алоқаси йўқ. Чунки эски ва янги биноларнинг пойдевори ҳам бир-биридан алоҳида”, – дейилади расмий изоҳда.

Қайд этилишича, ҳозирда бино деворидаги ёриқ хавфи даражасини ўрганиш мақсадида мутахассислар жалб қилинган.

Шунингдек, ҳолатни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳам ўрганаётгани, жараёнда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ходимлари иштирок этаётгани маълум қилинган. Вазирликка кўра, тез орада ўрганиш натижалари бўйича тўлиқ маълумот берилади.

Мавзуга оид