Ўзбекистон | 11:38 / 11.04.2023
37237
3 дақиқада ўқилади

Нозим Ҳусанов вазир ўринбосарлигидан кетди

Бунгача Ташқи миграция агентлигида ҳибсга олишлар тўлқини кузатилганди.

Фото: Kun.uz

Нозим Бахтиёрович Ҳусанов Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Davlat boshqaruvi телеграм-канали хабар бермоқда.

Истеъфо сабаби ҳозирча маълум эмас.

Нозим Ҳусанов 1976 йил Тошкент вилоятининг Зангиота туманида туғилган, 1997 йилда Тошкент автомобиль-йўллар институтини, 2002 йилда Тошкент молия институтини (сиртқи бўлим) тамомлаган.

У 2010—2013 йилларда Марказий банкда ишлаган, хусусан МБ раиси ўринбосари бўлган, 2013—2014 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, 2014—2016 йилларда «Микрокредитбанк»  бошқаруви раиси бўлган, 2016—2018 йилларда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, 2018 йил апрелидан Сергели тумани ҳокими бўлган, 2019 йил сентябрида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири этиб тайинланади.

2022 йил охирида ҳукуматдаги маъмурий ислоҳотлар доирасида учта вазирлик – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги негизида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги раҳбарлиги ташкил этилган, Нозим Ҳусанов эса вазир Беҳзод Мусаевнинг биринчи ўринбосарига айланганди.

Бунгача Ташқи миграция агентлигида қатор ходимлар ҳибсга олинганди. Хусусан, жорий йил бошида вазирликнинг агентлик устидан назорат қилишга масъул бошқарма бошлиғи қамоққа олинганди. У мигрантларга авиачипта устига нарх қўйиб сотиш орқали фирибгарлик қилишда гумон қилинаётганди.

Кўп ўтмай агентлик раҳбари Афзал Ирматов Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айбланиб, ҳибсга олингани маълум бўлди.

Маълум бўлишича, агентликдаги ҳибсга олишлар билан вазирлик мулозимининг қамоққа олиниши Жанубий Кореяга ишга юбориш жараёнида йўлга қўйилган коррупцион схеманинг фош бўлиши билан боғлиқ.

10 апрел куни эса Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг икки мансабдори — Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятлари бош бошқармалари мансабдор шахслари ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда пора олаётган вақтида қўлга олингани хабар қилинганди.

Мавзуга оид