Иқтисодиёт | 19:00 / 13.04.2023
50061
11 дақиқада ўқилади

Оқибатлар билан курашиш яширин иқтисодиётни қисқартирмайди

Солиқ қўмитаси 1 майдан эътиборан жисмоний шахслар ўртасидаги картадан картага барча пул ўтказмаларини кузатиб бориш имконига эга бўлади. Бундан мақсад нима ва бу нега танқидларга сабаб бўляпти?

Фото: AP

Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб пул ўтказмаларини (P2P) амалга оширувчи ташкилотлар кўрсатилган хизматлар учун комиссия олиш-олмаслигидан қатъи назар, ўтказмалар учун электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштириб, солиқ органларига тақдим этиши керак.

Бугун, 13 апрел куни Солиқ қўмитасида шу масала бўйича учрашув ўтказилган.  Унда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов, Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев ҳамда банк соҳаси ва тўлов ташкилотлари вакиллари, хусусан ахборот технологиялари бўйича мутахассислари қатнашган. Учрашувда электрон ахборот алмашинувини тартибга солиш ва техник интеграцияни соддалаштириш муҳокама қилинган.

Солиқ қўмитасига кўра, учрашувда P2P-ўтказмалари сабаб солиқ муносабатлари юзага келмаслиги ва жисмоний шахсларда солиқ тўлаш мажбуриятлари пайдо бўлишидан хавотирланиш асоссиз экани айтилган (хавотирлар уйғонишига қўмитанинг ўзи тарқатган расмий хатда “тижорат банкларида P2P операциялари ва уларни солиққа тортиш” деб ёзилгани сабаб бўлди).

Барча P2P ўтказмалардан солиқ органлари хабардор бўлиб туриши кўзда тутилган президент фармони 10 февралда имзоланган эди. Бу кенг жамоатчилик учун кутилмаган янгилик бўлган ва иқтисодчилар томонидан танқид қилинганди. Лекин шундан бери на Солиқ қўмитаси, на Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу амалиётдан мақсад нималиги бўйича ҳеч қанақа изоҳ бермади.

Адлия вазирлиги феврал ойида берган маълумотга кўра, ҳуқуқий экспертиза учун тақдим этилган фармон лойиҳасида P2P ўтказмаларга оид банд бўлмаган. Яъни бунақа кутилмаган ва фармондаги бошқа бандларга мазмунан қовушмайдиган банд ҳужжатга ҳуқуқий экспертизадан кейин қўшиб юборилган. Ҳатто лингвистик экспертизадан ҳам ўтказилмаган шекилли, тўлов ташкилотлари ЭҲФларни “тақдим этади ва расмийлаштиради” дея, сўзларнинг ўрни алмаштириб ёзиб қўйилган.

Адлия вазирлиги ўз баёнотида бу ҳолатни қоралашдан тийилган эди. Ваҳоланки, икки йил олдин имзоланган президент қарорига асосан, 2023 йил 1 январдан бошлаб, тадбиркорлик фаолиятига таъсир кўрсатувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилиши белгиланган.

Масаланинг ҳуқуқий жиҳатлари

“Банк сири тўғрисида”ги қонунга асосан, банклар мижозларининг операцияларига доир маълумотлар банк сири деб ҳисобланади. Қонуннинг 11-моддасига биноан, банк сирлари солиқ органларига банк мижозига солиқ солиш масалаларига тааллуқли ҳолларда тақдим этилиши мумкин. Яъни, солиқ солиш масаласига тааллуқли бўлмаган ҳолатларда солиқ органларига мижознинг операциялари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишга қонун йўл қўймайди.

1 майдан эса фақат солиқ солишга тааллуқли операциялар эмас, умуман барча P2P ўтказмалар ҳақидаги ахборотлар (яъни банк сирлари) солиқ органларига берилиши талаб қилиняпти. Бироқ маълумки, P2P ўтказмаларнинг катта қисми тадбиркор-мижоз ўртасида эмас, икки жисмоний шахс, масалан қариндошлар ва дўстлар ўртасида рўй беради, бу эса ҳеч қанақа солиқ муносабатини келтириб чиқармайди.

“Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасига асосан, тўлов ташкилотлари мижозларга хизмат кўрсатиш вақтида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши, учинчи шахсларга ошкор этилишига йўл қўймаслиги керак. Фақат “Банк сири тўғрисида”ги қонунда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно. Бу қонундаги солиққа оид талаб ҳақида эса юқорида сўз юритилди.

Шулардан келиб чиқиб, 1 майдан эътиборан банкларнинг мобил иловалари ва тўлов тизимлари орқали амалга оширилган барча P2P ўтказмалар ҳақидаги маълумотлар солиқ органларида жамланишини қонунларга зид, деб ҳисоблаш мумкин.

Яна шуни эътиборга олиш керакки, айнан май ойидан бошлаб янги таҳрирдаги Конституция ҳам кучга кириши кутиляпти. Ҳужжат референдум натижалари эълон қилиниши биланоқ амал қила бошлаши белгиланган.

P2P-ўтказмалар билан боғлиқ ҳолатда бу шуниси билан аҳамиятлики, янги таҳрирдаги Конституцияга биноан:

  • банк операцияларининг сир тутилиши кафолатланади (41-модда, бу моддада “қонунда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно” деган жойи йўқ);
  • ҳар бир инсон шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш ҳуқуқига эга (31-модда);
  • инсоннинг ҳуқуқлари (хусусан, юқорида айтилган шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш ҳуқуқи) бевосита амал қилади (20-модда);
  • инсоннинг конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ҳеч ким ҳақли эмас (20-модда, амалдаги қомусда 19-модда);
  • ҳар ким ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга (31-модда);
  • Конституция олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан тўғри амал қилади (15-модда).

Айтиш мумкинки, бошқа бир шахсга ёки ўзингизнинг бошқа картангизга ҳатто 1000 сўм ўтказганингиздан ҳам давлатнинг хабардор бўлиб туриши – шахсий ва оилавий сирларга эга бўлиш ҳуқуқини чеклайди.

Масаланинг иқтисодий жиҳатлари

Вазирлик ва қўмита P2P-ўтказмалардан хабардор бўлишдан мақсади нима эканини очиқламаётган бўлса-да, гап солиқдан қочиш ҳолатларига қарши курашиш ҳақида кетаётганини тахмин қилиш мумкин.

Эҳтимолки, бу йўл билан қуйидагилар мақсад қилинган:

  • савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида карта орқали тўловларни терминал билан эмас, P2P орқали қабул қилиш ҳолатларига қарши курашиш;
  • норасмий онлайн савдо платформалари – Telegram ва Instagram'даги турли-туман савдо каналларини расмий фаолият юритишга мажбурлаш;
  • умумийлаштириб айтганда, соядаги иқтисодиётни ёруғликка чиқишга ундаш ва шу йўл билан солиқ тушумларини ошириш.

Ҳақиқатан ҳам, P2P-ўтказмалар жуда ҳам оммалашиб бораётгани, бу хизмат кўплаб ҳолатларда “жисмоний шахсдан жисмоний шахсга” деган асл мазмуни бўйича эмас, “жисмоний шахсдан тадбиркорга” деган мазмун касб этаётгани – бор гап. Лекин бунга қарши курашишнинг ҳукумат танлаган ҳозиргидек услуби – нафақат юқорида айтилганидек қонунчиликка, балки иқтисодий мантиққа ҳам зид.

Гап шундаки, бу чора орқали давлат кўрадиган фойда йўқотиладиган фойданинг олдида ҳеч нарса бўлмаслиги мумкин. Чунки нақдсиз тўловлар устидан назоратнинг кучайиши автоматик равишда нақд шаклдаги тўловларга талабни оширади. Бу – банк тизимидан маблағларнинг оқиб кетишига, солиқдан қочиш истагидаги дўкондорларнинг шунчаки бошқа йўлларни излаб топишига, натижада нақд ва нақдсиз тўловлар ўртасидаги тафовутнинг ортишига олиб келади.

Охир-оқибат, кўзланган мақсадларга қисман эришилиши, қисқа муддатда яширин иқтисодиётнинг муайян қисми легаллашишга мажбур бўлиши мумкин, лекин узоқ истиқболда бу чоранинг самараси ҳақида ижобий фикр айтиб бўлмайди, чунки кураш яширин иқтисодиётнинг сабабларига эмас, оқибатларига қаратилган. Сабаблар эса берилган сон-саноқсиз имтиёзлар сабаб солиқ юки барчанинг елкасига тенг ва адолатли тақсимланмаётганига бориб тақалади.

Сабаблар эмас, оқибатлар билан курашиларкан, занжирдаги барча бўғинлар учун харидларнинг транзакцион харажатлари ошади, норасмий фаолият юритаётганлар эса шунчаки янги шароитларга мослашади: янги айланма йўлларни қидиради, вазият тақозоси билан фаолиятини кенгайтирмаслиги, торайтириши ёки тўхтатиши мумкин. Ва бу кўзга кўринмас, лекин иқтисодий ўсишни секинлаштирувчи омилга айланади. Қолаверса, курашнинг ҳозиргидек ёндашуви янгидан янги киритиладиган чораларнинг борган сари тақиқ ва чекловларга қараб бораверишини тақозо қилади.

Янги назорат турини ўрнатишдан аввал бор имкониятдан фойдаланиш керак

Расмийларда P2P ўтказмаларнинг тўлов воситаси сифатида ишлатилишига қарши курашишнинг бошқа воситалари ҳам бор эди. Хусусан, чек бериш ва терминаллардан фойдаланиш бўйича талабларга риоя этилишини назорат қилиш бўйича ҳозирги мавжуд механизмлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Яъни, агар Солиқ қўмитаси истаса, худди чек бериш бўйича қатъий талабларни муваффақиятли ўрната олгани каби, P2P билан савдо қилишни ҳам маъмурий йўл билан сезиларли камайтира олади.

Қўмита ана шу эффектив чора билан кифояланиши мумкин бўлган шароитда эса, амалда бу чораларни деярли қўлламаяпти. Кўплаб дўконлардаги кассаларда очиқчасига 16 хоналик карта рақамлари ёзиб қўйилганини кўриш мумкин. Айрим дўконларда эса бир нечта тўлов тизимларининг QR-кодлари туширилган баннерлар илинган: бу QR-кодлар сканер қилинганида, “Жойида тўлов” каби қонуний тўлов амалиётига эмас, P2P-ўтказмага олиб боради.

Тадбиркорлар ана шундай очиқ-ошкора тарзда P2P-ўтказмалар орқали савдо қиляпти. Бу бемалолчиликдан солиқ органлари албатта хабардор, лекин негадир бефарқ. Савдо нуқталарига бу масалада шунчалик эркинлик бериб қўйилганидан, гўёки кимдир манфаатдордек, “тегмай тур” деган топшириқ бордек таассурот ҳам уйғонади. Бирданига кескин кураш эълон қилинган пайтда солиқ тушумларида сезиларли ўзгариш бўлишини таъминлаш учун шундайдир, эҳтимол.

Шу ўринда Солиқ қўмитасининг P2P ўтказмалардан хабардор бўлишга интилиши шу яқин орада бошланмаганини ҳам эслаб ўтиш лозим. 2020 йилда қўмита “Банк сири тўғрисида”ги қонунни ўзгартириб, ойлик пул айланмаси 30 млн сўмдан ошган ёки 10 тадан кўпроқ P2P ўтказмалари амалга оширилган жисмоний шахсларнинг банк карталари бўйича ҳисобварақлар ҳақидаги маълумотларни электрон тарзда олиб турмоқчи бўлганди. Лекин ҳам жамоатчилик, ҳам ҳукумат расмийлари томонидан бўлган қаршилик сабаб, якунда солиқчилар ишлаб чиққан қарор лойиҳаси қабул қилинмай қолганди.

Фикримизча, бу сафар муҳокамага ҳам қўйилмай, носамимий йўллар билан фармонга қўшиб юборилган талаб қайта кўриб чиқилиши керак. Жисмоний шахслар ўртасидаги ўтказмалардан савдо мақсадларида фойдаланиш ҳолатларини солиқ назоратининг амалдаги механизмларидан фойдаланиш орқали ҳам тийиб турса бўлади.

Шунингдек, ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, жисмоний шахсларда P2P ўтказмалар бўйича ҳисобдорлик мажбурияти вужудга келишининг тартиблари ва меъёрларини белгилаш масаласини ҳам ўрганиб чиқиш мумкин. Бунда ўрнатиладиган талаблар барчага эмас, фақат 1 ойда шартли 100 та ўтказмани қабул қилувчиларгагина тааллуқли бўлиши, бу талаб аввало қонунда кўрсатилиши мақсадга мувофиқ.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, бюджетга тушумларни ошириш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш вектори – аввало иқтисодий ўсиш учун шарт-шароит яратишга, барча учун тенг ва адолатли солиқ сиёсатини юритишга, эркин ва очиқ бозор иқтисодиётини ривожлантиришга, мустақил суд тизимини қуришга қаратилган бўлиши керак.

Қонунларга мослиги шубҳали бўлган янгидан янги назорат механизмларини яратишга эмас.

Комрон Чегабоев

Мавзуга оид