Ўзбекистон | 12:07 / 13.04.2023
6972
4 дақиқада ўқилади

«Вилоят ва туманлардаги шифохоналар учун 15 та МРТ ва 200 дан ортиқ МCКТ ускунасига эҳтиёжимиз бор» — Амрилло Иноятов

Сўнгги 6 йил ичида соғлиқни сақлаш тизимида нодавлат тиббиётнинг улуши 30 фоиздан ортган, бу кўрсаткични 2025 йилда 60 фоизга етказиш кўзда тутилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган «Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизими трансформацияси» мавзусидаги халқаро форумда тиббиётда давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов форумда сўзга чиқиб, шаҳар ва туман шифохоналарига етишмаётган тиббиёт ускуналари ҳақида гапирди, шунингдек, инвестор ва тадбиркорларга қатор лойиҳаларни таклиф қилди.

«170 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг лаборатория хизматини аутсорсингга беришга тайёрмиз. Бугунги кунда вилоят ва туман даражасидаги шифохоналар учун 15 та МРТ ва 200 дан ортиқ МCКТ ускуналарига эҳтиёжимиз бор. Касалхоналарда бугун ҳеч қандай бюрократик тўсиқларсиз ижара шартнома асосида тадбиркорлар томонидан шу ускуналар қўйилса, биз кафолатланган хизматни сотиб олишга тайёрмиз.

Шунингдек, республика бўйича 14 та туғуруқ комплекслари бино ва иншоотлари ер майдонлари билан биргаликда «0» қийматида инвесторга, ишончли бошқарувга берилади. Жорий йил 11 та ҳудуднинг гемодиализ хизматини давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорларга тақдим этамиз. Давлат-хусусий шериклик асосида республиканинг ҳар бир ҳудудида 1000-1500 ўринли кўп тармоқли шифохоналар барпо этишга тайёрмиз», – деди вазир.

Амрилло Иноятов маҳаллий ва хорижлик тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш доирасида тиббиёт ташкилотларига берилган солиқ ва божхона имтиёзларини сақлаб қолиш ва узайтириш, тиббиётда фаолият олиб борувчи тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари кўрилишини таъкидлади.

Бундан ташқари, вазир лицензиялаш жараёни шаффофлиги таъминланиши, тиббий туризм билан боғлиқ муносабатлар ҳуқуқий тартибга солиниб, соҳада фаолият юритишнинг стандартлари, ягона тизими, тартиби ва механизмлари ишлаб чиқилишини қайд этди.

Шунингдек, у даволаниш учун хорижга борувчи ёки Ўзбекистонга келувчи фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сифатли тиббий хизмат олишларида доимий ҳамроҳлик қилиш йўлга қўйилишини, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва беморлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2025 йилгача барча тиббиёт ташкилотларини аккредитациялаш тизими тўлиқ жорий этилишини айтди.

Тадбирда иштирок этган соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова Kun.uz мухбирига берган интервьюсида инвесторлар билан ҳамкорликда эришилиши кутилаётган натижалар ҳақида гапирди.

«Кардиохирургия, травматология, ортопедик амалиётлар борасида ютуқларимиз бор. Лекин катта маблағ, кучли илм талаб қилинадиган соҳалар бор, масалан, трансплантология масалалари. Биз жигар ва буйрак кўчириш амалиётларини ўтказяпмиз, лекин операциядан олдинги ва кейинги жараёнлар, лаборатория текширувлари бор. Бу нарсалар чет элда бўлар эди, ҳамкорлик орқали эса ўзимизда бажариш имконияти бўлади. Ёрдамчи репродуктив масалалар ҳам чет элда бўларди, энди бу ҳам ўзимизда бўлади», — дейди Боситхонова.

Халқаро тадбирда АҚШ, Хитой, Россия, Туркия, Германия, Франция, Венгрия, Япония, Ҳиндистон, Жанубий Корея, БАА каби 20 га яқин хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар масъуллари, чет эллик инвесторлар билан ҳамкорликда ташкил этилган хусусий тиббиёт клиникалари раҳбарлари, Ўзбекистон бозорига инвестиция киритиш ва давлат-хусусий шерикчилик лойиҳаларида иштирок этиш истагида бўлган халқаро донорлар ҳамда маҳаллий йирик тадбиркорлар иштирок этди. Форум доирасида 1 млрд АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияларни жалб этиш кўзда тутилган халқаро меморандумлар имзоланди.

Мавзуга оид