Жамият | 17:14 / 15.04.2023
23680
1 дақиқада ўқилади

Кўча супуришдан пахта теримигача. Ўқитувчиларнинг яқин ўтмишидан сўйловчи ролик

Ўқитувчи Балогардонова ҳамда директор Ура Баракаллаевич образи орқали янги таҳрирдаги Конституциянинг 52-моддаси қизиқарли тарзда тушунтириб берилди. Ушбу моддада давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши ҳақидаги норма белгилаб қўйилган.

Янгиланаётган Конституцияга алоҳида модда киритилиб, унда педагогларнинг ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 52-моддасига кўра, ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Амалдаги Конституцияда ўқитувчилар учун алоҳида модда йўқ эди. Фақатгина 41-моддада ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, мактаб ишлари давлат назоратида бўлиши белгилаб ўтилган.

Мазкур янги норма яқин йилларгача мажбурий меҳнат туфайли далада қора ишчи, кўчада тозаликбон бўлиб келган ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқейини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Оддий айтганда, эндиликда ўқитувчи қадр топади, пешонасига офтоб тегади. 

Мавзуга оид