Жаҳон | 10:15 / 15.04.2023
17494
9 дақиқада ўқилади

Қарийб 2 минг кишининг бошига етган офат: дунёдаги энг йирик темирйўл ҳалокати қандай содир бўлганди?

2004 йил Ҳинд океанида содир бўлган ер силкиниши йирик цунамини келтириб чиқаради. Кучли тўлқин океан қирғоқларига ёпирилиб, кўплаб шаҳар ва қишлоқларни сув босади. Ўшанда Шри-Ланкагача етиб келган цунами ҳаракатланиб кетаётган поездни издан чиқариб юборади. Куч билан ёпирилган сув вагонларни суриб кетади. Бошқаларини ағдариб юборади. Оқибатда қарийб 2 минг киши ҳалок бўлади.

Дунё яралгандан буён инсоният жуда кўп синовларни бошидан ўтказди. Зилзилалар, тошқинлар, ер кўчиши каби офатлар кўплаб инсонларнинг ёстиғини қуритган.

Шу жумладан, 2004 йилда Тинч океанида содир бўлган цунамида ҳам қарийб 250 минг одам ҳалок бўлганди. Индонезия яқинида содир бўлган ер силкиниши цунамига сабаб бўлган ва улкан тўлқинлар Осиё ва Африкадаги бир қанча давлатлар ҳамда Австралиянинг қирғоқ ҳудудларига жиддий зарар етказади.

Бир неча метр баландликдаги тўлқин қирғоқ бўйларидаги аҳоли масканлари, меҳмонхона ва бошқа дам олиш масканларини вайрон қилади. Экинзорлар, йўллар ва бошқа инфратузилма объектларини сув босади.

Ўшанда цунами Шри-Ланкада ҳаракатланиб кетаётган йўловчи поездини издан чиқариб юборади ва тарихдаги энг йирик темирйўл ҳалокатига сабаб бўлади. Бу ҳалокатда 2 мингга яқин одам вафот этади, яна кўплаб инсонлар тан жароҳатлари олади.

Цунами

2004 йил 26 декабр куни маҳаллий вақт билан соат 07:58 да Ҳинд океанида, Индонезия яқинида зилзила содир бўлади. Унинг эпицентри Суматра оролининг шимолий-ғарбий қисмига яқин жойда, океан тубида, 30 километр чуқурликда эди. Зилзила магнитудаси 9,1-9,3 балл бўлган.

Кучли ер силкиниши океанда цунамини юзага келтиради ва баланд тўлқинлар тўрт томонга қараб ҳаракатлана бошлайди.

Масофа яқинлиги учун цунами биринчи Суматра оролига ёпирилади. Сўнг навбати билан бошқа жойларга ҳам етиб боради. Тўлқинлар энг охирида зилзила эпицентридан 6 300 километр узоқликдаги Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) қирғоқларигача етади.

Баланд тўлқинлар Осиё ва Африканинг Ҳинд океанига туташ бўлган бир қанча давлатларида қирғоқ ҳудудларни босиб олади. Қирғоқ ҳудудидан ичкарига қараб 2-4 километргача кириб борган сув йўлида учраган барча нарсани яксон қилади.

Умумий ҳисобда цунами Осиёдаги Индонезия, Шри-Ланка, Ҳиндистон, Тайланд, Малдив ороллари, Малайзия, Мянма, Яман, Бангладеш, Уммон, Африкадаги Мадагаскар, Сомали, Танзания, ЖАР, Кения, Сейшел ороллари, , Маврикий давлатлари ва Австралия қирғоқларига бостириб боради.

Цунамидан энг кўп зарарни зилзила эпицентрига яқин ҳудудда жойлашган Индонезия ва тўрт томони сув бўлган Шри-Ланка давлатлари кўради. Қолган давлатларга унинг кучи анча қисқариб етиб боради.

Маълумотларга кўра цунамида қарийб 250 минг одам ҳалок бўлади. Яна кўплаб инсонлар жароҳатланади. Энг кўп одам Индонезияда вафот этади.

Шимолий яримшарда қиш фасли бўлгани учун ўша пайтда Индонезия, Шри-Ланка, Тайланд, Малдив ороллари ва бошқа давлатларда кўплаб одамлар дам олишга борганди. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти хорижлик дам олувчилар эди.

Цунамининг Шри-Ланкага етказган зарари

 2004 йил 26 декабр куни тонгда зилзила туфайли содир бўлган цунами жуда катта тезликда ҳаракатланади ва икки соатдан сўнг Шри-Ланка қирғоқларига етиб келади.

Бу пайтда Шри-Ланка фуқаролари ва орол мамлакатда дам олаётган сайёҳларнинг аксарияти Ҳинд океанидаги зилзила ва у туфайли юзага келган цунамидан бехабар эди.

Улар бироздан сўнг 10-15 метр баландликдаги тўлқин ёпирилиб келишини ва ҳамма ёқни вайрон қилишини, кўплаб одамлар сув остида қолиб ўлиб кетишини билишмасди.

Барча бемалол, кундалик ташвишлар билан банд бўлиб турган вақтда тўсатдан баланд тўлқин оролнинг барча томонларидан ҳамла қилади. Оқибатда Шри-Ланканинг қирғоқ ҳудудларида жойлашган 100 мингдан ошиқ аҳоли пунктлари, дам олиш масканлари вайрон бўлади.

Ҳатто цунами Шри-Ланкада ҳаракатланаётган йўловчи поездни ҳам суриб кетади. Оқибатда қарийб 2 минг киши ҳалок бўлади, яна кўплаб одамлар жароҳатланади.

Маълумотларга кўра, ўшанда Шри-Ланка аҳолисидан 800 минг нафари зарар кўради. 40 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлади ва бедарак йўқолади. Кейинчалик цунами бу орол-давлатга қарийб 1,5 миллиард доллар зарар етказгани маълум бўлади.

Поезд ҳалокати

«Queen of the Sea Line» (Қирғоқ линияси қироличаси) деб аталган поезд мамлакат шимолидаги Вавуния шаҳридан мамлакат жанубий-ғарбидаги Галле шаҳри ўртасида ҳаракатланган.

Поезд мамлакат пойтахтигача оролнинг ички қисмидан, Коломбодан кейин қирғоқдан 200 метр наридан тортилган темирйўл бўйлаб юрган.

2004 йил 26 декабр куни соат 7:30 ларда одатдагидан кўпроқ йўловчилар бўлган поезд Коломбодан Галле томон йўлга чиқади. Ўшанда поездга билет олиб чиққанлар сони 1 500 нафар, билетсиз чиққанлар сони ҳам анча бўлган.

Соат 9:20 да поезд Галле яқинидаги Пералия қишлоғида ўрнатилган светофорнинг қизил чироғида тўхтайди. Поезд тўхтаган жойда темирйўл денгиз қирғоғидан 150-170 метр узоқликда бўлган.

Ўша пайтда Галле шаҳридаги сўнгги бекатгача 20 километр масофа бўлиб, цунами поезд тўхтаган жойга яқин келиб қолганди. Шу пайтда поездга 7,5-9 метр баландликда бўлган биринчи тўлқин келиб урилади ва унинг охиридаги иккита вагонини узиб, 10 метр нарига суриб кетади.

Бошқа вагонлар сув остида қолади. Баъзи йўловчилар поезднинг томига чиқа бошлайди. Қолганлар вагонларнинг деразаси ва эшигини ёпиб ичкарида қолади.

Сув бироз пасайгач одамлар вагонлардан чиқа бошлайди. Уларга ёрдам бериш учун яқин орадаги қишлоқ аҳолиси ҳам келади. Машинист поезд таркибида қолган саккизта вагонни нарироққа олиб кетишга қарор қилади.

Биринчи тўлқиндан 15 минут ўтиб, 6-7 метр баландликдаги иккинчи тўлқин бостириб келади ва вагонларга зарб билан урилади. Сув вагонлар томида ўтирган ва пастга тушган одамларни оқизиб кетади.

Вагонларда бўлган одамлар ҳам ваҳимага тушиб эшикларни оча олишмайди ва ичкарида қолиб кетишади.

Биринчи тўлқин турли тўсиқларни очиб ташлагани учун иккинчи тўлқин бироз пастроқ бўлса ҳам зарбаси кучлироқ бўлади. Сув 30 тонна оғирликдаги вагонларни 100 метр, 80 тонналик тепловозни эса 30 метрдан 50 метргача ўрмон ичига суриб кетади. Тўлқин орқага қайтишида иккита вагонни океанга олиб чиқиб кетади.

Қутқарув ишлари

Поезд ҳалокатга учраган пайтда бутун Шри-Ланка ороли қирғоқларини барча томондан сув босган, барча ўзи билан ўзи овора эди. Шу сабабли ҳукумат поезд цунами остида қолганини ва қарийб 2 минг одам ҳалок бўлганини, жароҳатланганларнинг ҳаёти хавф остида қолганини бир муддат билмайди.

Цунами юз бергандан сўнг унинг асоратларини кўриш учун парвоз қилган вертолёт тасодифан ҳалокатга учраган поездни кўриб қолади. Бу пайтда поездда бўлганлардан тирик қолганлар ва яқин орадаги қишлоқ аҳолиси жароҳатланганларни қутқариш билан машғул эди.

Ҳодиса жойига биринчи бўлиб қўшни туман полициячилари келади ва жабрланганларга ёрдам бера бошлайди.

Цунами атрофдаги йўллар, кўприклар ва бошқа инфратузилмани ишдан чиқаргани учун поезд ҳалокатга учраган жойга транспорт воситалари кира олмасди. Шу сабабли кўплаб ярадорлар биринчи ёрдам кўрсатилмагани учун ҳам ҳалок бўлади.

Қишлоқ одамлари мотоцикллар ва моторикшаларда айрим ярадорларни ҳодиса жойидан 20 километр узоқликдаги касалхонага олиб боришга уринишади. Бироқ уларнинг аксарияти йўлда вафот этади.

Ҳалокат содир бўлгандан уч кун ўтиб ҳодиса жойига машина етиб кела оладиган йўл очишади. Бунгача эса минглаб одамлар сувга бўкиб ёки жароҳатлар туфайли вафот этиб бўлганди.

Ҳалокат оқибатлари бартараф этилиб, жасадлар йиғиштириб олинганда жуда кўпчилик сувда шишиб таниб бўлмас ҳолга келганди. Шу сабабли фақат ёнида ҳужжати борларнинг шахси аниқланади холос.

Ҳалокатда қанча одам ҳалок бўлгани кейинроқ маълум бўлади. Ўша куни поездга билет олиб чиққан одамлар сони 1 500 нафар, йўллардан билетсиз чиққанлар сони 500 нафардан ошиқ бўлган.

Қутқарув ишлари тугаганда поездда бўлганлардан 150 нафари тирик қолгани, бошқалар ҳалок бўлгани ва бедарак кетгани ойдинлашади. Шундан келиб чиқиб бу ҳодисада ҳалок бўлганлар сони 1700-2000 атрофида бўлгани айтилади.

Тўлқин океанга олиб кетган иккита вагон кейинчалик топилмайди ва уларда қанча одам бўлгани номаълумлигича қолади. Ўша вагонларда бўлган одамлар бедарак йўқолган деб ҳисобланади.

Шри-Ланкада содир бўлган ҳодиса темирйўл тарихида энг кўп одам вафот этган ҳалокат сифатида қайд этилган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид