Жамият | 00:35 / 15.04.2023
29505
3 дақиқада ўқилади

Шаҳрихонда ички ишлар ходимлари ва фуқаролар ўртасида низо келиб чиқди

Можарода иштирок этган уч нафар эркакка нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилган. Айни пайтда прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, вилоят ИИБ ходимларнинг фуқароларга нисбатан куч ишлатилиши қонунларга қанчалик мувофиқлигини текширмоқда. 

Фото: Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси

Интернетда Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида ички ишлар органлари ходимлари ва фуқаролар ўртасида рўй берган зиддиятли ҳолат тасвирланган видео тарқалган. Видеода маҳалладаги ҳуқуқ-тартибот масканига бошқа фуқаролар кириб борганда ичкарида уч нафар ички ишлар ходими борлиги, ерда эса бир киши оғриқдан инграб ётгани кўринади.

Ҳолат юзасидан Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати баёнот берди

Расмий маълумотда қайд этилишича, 13 апрель куни Шаҳрихон тумани ИИБ вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектори Эшонқишлоқ маҳалласида хизмат олиб бораётган вақтида маҳалла ҳудудидан йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, икки нафар 2006 ва 2007 йилда туғилган вояга етмаган болаларни транспортнинг юкхонасида олиб кетаётган 19 яшар фуқаро бошқарувидаги “Лабо” русумли автомашинани тўхтатган.

Ҳайдовчи болалар юкхонадан тушиб қолиши билан воқеа жойидан яширинган. Шундан сўнг ҳудуд профилактика инспектори Қуруқсой маҳалласида жойлашган 25-сонли Ҳуқуқ-тартибот масканига келиб, вояга етмаган болалар билан суҳбатлашаётганларида, у ерга “Лабо” автомашина ҳайдовчиси, унинг 31 ёшдаги акаси ва 31 ёшдаги таниши келиб, қоидабузарлик бўйича маъмурий жарима расмийлаштирмасликни, автомашина жарима майдонига жойлаштириладиган бўлса, тадбиркорлик фаолиятига зиён етишини айтади. 

Вилоят ИИБ баёнотида фуқаролар ходимларнинг ҳаракатларига кескин қаршилик кўрсатгани, хизмат олиб бораётган ходимларни ҳақорат қилиб, улар билан жанжаллашгани, ходимлардан бирига тан жароҳати етказишгани таъкидланади. Тиббий текширув хулосасига кўра, ички ишлар ходимига “Бош юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, чап елка ички юзаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, кўкариши, милк юмшоқ тўқималарининг лат ейиши”, у билан ёқалашган фуқарога эса “Бўйин олд қисмида шилинма жароҳати” ташхиси қўйилган.

“Лабо” автомашина ҳайдовчисига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси (Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Бундан ташқари, можарода иштирок этган уч эркакка нисбатан МЖтКнинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ҳамда Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилган. Таъкидланишича, айни пайтда прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, Андижон вилояти ИИБ томонидан тайинланган хизмат текшируви давомида ходимларнинг фуқароларга нисбатан куч ишлатилиши қонунларга қанчалик мувофиқлигига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади. 

Мавзуга оид