Жаҳон | 09:37 / 18.04.2023
7321
2 дақиқада ўқилади

Кара-Мурза тарафдорлари сиёсий маҳбусларга ёрдам бериш фондини очди

Евгения Кара-Мурза раислик қиладиган «30 октябрь фонди»нинг мақсади россиялик сиёсий маҳбусларнинг оилаларига, уларнинг сиёсий қарашлари ва диний эътиқодларидан қатъи назар, моддий ёрдам кўрсатишдан иборат.

Фото: РИА Новости

Россия суди томонидан 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган мухолифатчи сиёсатчи Владимир Кара-Мурзанинг тарафдорлари 17 апрель, душанба куни россиялик сиёсий маҳбуслар ва уларнинг оилаларига «сиёсий қарашлари ва диний эътиқодидан қатъи назар»ёрдам кўрсатувчи «30 октябрь фонди» ишини бошладилар

Ушбу ишнинг мақсадларини Кара-Мурзанинг ўзи тасвирлаб берган. Унинг сўзлари сиёсатчининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида тарқалди: «Ҳозирги Россияда аллақачон совет ҳокимиятининг сўнгги йилларига қараганда юзлаб сиёсий маҳбуслар бор, уларнинг барчаси айбсиз қамалган, фақат эътиқодлари ҳокимиятнинг расмий чизиғига тўғри келмаган. Давлат қатағонлари қурбонларига уларнинг яқинлари, тирикчилик воситаларисиз қолган оилалари, фарзандлари ҳам айланди. Бизнинг Фонд уларни қўллаб-қувватлаш учун яратилган».

Қайд этилишича, фонд бошқаруви таркибига Россия ва хориждан таниқли жамоат арбоблари, ҳуқуқ ҳимоячилари киради. Кара-Мурза тарафдорлари ўз исмларини кейинроқ фонд сайтида эълон қилишга ваъда беришди. Россиялик мухолифатчининг рафиқаси Евгения Кара-Мурза бошқарув раиси бўлди.

«30 октябрь фонди» бюджетига биринчи ҳисса Владимир Кара-Мурзага 2022 йилда Европа Кенгаши томонидан берилган Вацлав Ҳавел мукофоти ва Axel Springer Stiftung жамғармасининг Жасорат мукофоти доирасида олинган 90 минг евролик маблағ бўлди.

«Фонднинг пировард ва асосий мақсади - ўзини ўзи тугатиш. Россияда сиёсий маҳбуслар қолмаганида бунга эришилади. Унгача биз бегуноҳ таъқибга учраганларнинг оилалари қўллаб-қувватловсиз қолмаслиги учун ҳамма нарсани қиламиз», дея таъкидлайди Владимир Кара-Мурза тарафдорлари.

Мавзуга оид