Ўзбекистон | 10:37 / 19.04.2023
5243
2 дақиқада ўқилади

Сенат раиси Танзила Норбоева ЕИ вакиллари билан учрашди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала ҳамда Европа иттифоқининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Эймон Гилмор билан учрашди.

Фото: Senat.uz

Учрашувда Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ҳамда истиқболлари, жумладан парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Сенат Раиси Ўзбекистон Европа иттифоқи билан асосий халқаро ҳамкор сифатида ўзаро манфаатли шерикликни изчил ривожлантиришдан, бунда ўзаро муносабатларнинг барча йўналишларини қамраб олиш учун биргаликда ҳаракат қилишдан манфаатдор эканини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистонда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалалари давлат сиёсатида марказий ўрин тутади. Мамлакатимиз ўз тарихида илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига (2021-2023) аъзо этиб сайлангани бу борадаги ислоҳотларимиз халқаро миқёсда эътироф этилганининг яққол тасдиғи бўлди, деган Танзила Норбоева.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, уларнинг жамият ва оиладаги мавқейини мустаҳкамлаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилгани алоҳида қайд этилди.

Учрашув якунлари бўйича қамрови жиҳатидан кенгайиб бораётган икки томонлама мулоқотни амалий мазмун билан янада бойитишга келишиб олинди.

Мавзуга оид