Ўзбекистон | 22:16 / 20.04.2023
25942
12 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аттракционларидаги фожиалар: сабаб, оқибат ва хулосалар

Март ойининг сўнгги ўн кунлигида республикамизнинг икки ҳудудида аттракционлар билан боғлиқ иккита бахтсиз ҳодиса рўй берди. Фарғонада 18 яшар қиз аттракциондан тушиб кетган бўлса, Бухорода эр-хотин ва уларнинг гўдак фарзанди истироҳат боғидаги арғимчоқдан йиқилиб жиддий жароҳат олди. Kun.uz ушбу мақолада Ўзбекистон аттракционларида сўнгги йилларда юз берган фожиаларни жамлади.

Олти метрга учиб кетган арғимчоқ

26 март куни Бухоро шаҳридаги “Сомонийлар” номли марказий маданият ва истироҳат боғида фожиа юз берди. Ҳодиса “Твистер” аттракционида рўй берган. Қайд этилишича, аттракционнинг оқ-қизил рангдаги арғимчоғи ўз ўқи атрофидан чиқиб, тахминан 6 метр узоқликка учиб тушган.

Натижада эр-хотин ва уларнинг кичкина фарзанди оғир жароҳат олган. Жумладан, гўдакнинг боши ёрилган, эркакнинг қўли синган, аёлда эса ички гематома қайд этилган. Бундан ташқари, учовлоннинг мияси чайқалган, турли даражадаги бошқа жароҳатлар ҳам олишган.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси “Сомонийлар” маданият ва истироҳат боғидаги аттракционлар, шу жумладан, “Халиков Шуҳрат” Якка тартибдаги тадбиркорга қарашли бўлган “Твистер” аттракционининг хавфсизлик ҳолати 2022 йилнинг декабрь ойида ўрганилганини маълум қилди.

Фото: Yuz.uz

Ўрганиш давомида “Твистер” аттракциони статик ва динамик синовлардан ўтказилмагани, ундан фойдаланиш учун белгиланган тартибда рухсатнома олинмагани, хавфсиз фойдаланиш бўйича жавобгар шахс тайинланмагани аниқланган ва ишчи гуруҳ томонидан ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатма берилган ҳамда аттракциондан фойдаланиш тақиқланган.

“Шунга қарамасдан аттракциондан ўзбошимча фойдаланиш давом этган ва жавобгар шахс томонидан кундалик техник назорат амалга оширилмаган. Оқибатда аттракцион ўриндиқларини тутиб турувчи металл мослама ички томонидан емирилиб, корпусдан узилиб кетган ва бир оила (3 киши) тан жароҳати олган”, дейилади расмий баёнотда.

Маълум бўлишича, носоз аттракцион икки нафар якка тартибдаги тадбиркорга тегишли бўлиб, айни пайтда ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан текширув олиб борилмоқда. Орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, текширув натижаси жамоатчиликка очиқлангани йўқ.

Аттракциондан тушиб кетган 17 яшар қиз

23 март куни Фарғона вилояти Риштон туманида жойлашган марказий истироҳат боғидаги “Қароқчилар кемаси” номли аттракциондан 17 ёшли қиз тушиб кетди. Ҳодисага эҳтиётсизлик сабаб бўлгани айтилган.

Жароҳатланган ўсмир оғир аҳволда туман шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган. Текширув натижалари бош мия эписхети, бош мияга оз миқдорда қон қуйилиш, иккинчи бўйин умуртқасининг танасида синиш, қовурғаларида синиқ, ўпкада лат ейиш аниқланган.

Кейинчалик бемор Бағдод тумани тиббиёт бирлашмаси туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказига ўтказилган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Kun.uz’га қиз ҳозир уйида экани, айни пайтдаги саломатлиги яхши эканини маълум қилди.

“У бир ўзи шу жойда учган. Аттракцион тўхтаётганда эҳтиётсизлик оқибатида тиркамани очиб юборган. Тиркамалар ўз-ўзидан очилмайди. Бу қизга ҳам ўша куни тушунтирганмиз. Ўтириб олган ҳолатда учишини, тўхтамасидан тушмаслигини айтганмиз”, – дея бўлган воқеа ҳақида маълумот берган аттракцион назоратчиси Асилбек Қодиров.

Фото: Uznews.uz

Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Риштон тумани ИИБ томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган ва Н.О.нинг олган тан жароҳати бўйича судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Ҳодиса сабабларини аниқлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинган ёки қилинмаганлигини аниқлаш юзасидан Бандлик бошқармасига тегишли ҳужжатлар тақдим этилган.

Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида “Қароқчилар кемаси” аттракциони қўлбола усулда ясалгани, 2022 йил июлда тадбиркор И.Т. томонидан ўзбошимчалик билан ўрнатилгани аниқланган.

“Мавжуд талабларга кўра, аттракцион махсус ихтисослаштирилган ташкилот томонидан ўрнатилиши лозим. Шунингдек, аттракционнинг техник паспорти мавжуд эмас, статик ва динамик синовлардан ўтказилмаган, кунлик техник назорат, аттракцион электр жиҳозларини ерга заминлаш ва изоляцияси қаршилигини ўлчаш, ишга тушириш ва созлаш ишлари бажарилмаган.

Аттракционга 2022 йил август ойида мавсум учун махсус лаборатория томонидан металл конструкциясининг мустаҳкамлиги тўғрисида ижобий хулоса берилган бўлсада, шу кунгача аттракциондан тегишли рухсатнома олинмасдан фойдаланилган”, дейилади расмий баёнотда.

Аввалги йилларда кузатилган фожиалар

2022 йил 20 ноябрь. Қарши шаҳридаги Алишер Навоий истироҳат боғида жойлашган аттракционлардан бирида 13 ёшли қиз бош миясидан оғир жароҳат олган. Қиз ва унинг онаси сўзларига кўра, шу куни аттракционда носозлик юзага келиб, хавфсизлик учун ўрнатилган кичик темир устун чиқиб кетган. Шундан кейин қиз аттракциондан пастга йиқилган.

Фото: Nasafnews.uz

2022 йил 4 июнь. Андижон шаҳридаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида «Саккизоёқ» аттракционида учаётган 5 яшар қизча аттракцион тўхташ вақтидан олдин тушиб, эҳтиётсизлик оқибатида енгил тан жароҳати олган. Аттракцион операторлари болага тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида шифохонага олиб борган. Жабрланувчининг аҳволи қониқарли деб топилиб, уйига жавоб берилган.

2021 йил 9 май. Телеграмдаги Uzbek-MDK канали шу куни истироҳат боғларидан биридаги аттракционда носозлик кузатилиб тўхтамай қолгани, бу вақтда унда бир йигит ва бир қиз бўлгани акс этган видео эълон қилинди. Видеода аттракцион борган сари тезлашиб бораётгани, назоратчи эса уни қандай тўхтатишни билмай бақирганча шерикларини ёрдамга чақираётгани кўринади. Ҳодиса қачон ва қаерда содир бўлгани маълум қилинмаган.

2020 йил 2 январь. Фарғонадаги «Аль-Фарғоний» миллий боғидаги Booster max аттракционининг маҳкамлаш деталларидан бири чиқиб кетиб, аттракционда учаётган 32 ёшли аёлнинг бошига урилади. Шифохонага етказилган аёл шифокорларнинг уринишларига қарамай вафот этган ва тиббий экспертизада унинг ўлимига бошидан олган оғир жароҳат сабаб бўлгани аниқланганди.

Фото: Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси

Текширув давомида 2019 йилда Хитойдан келтирилиб, 15 декабрь куни истироҳат боғига ўрнатилган қурилма давлат инспекторлари иштирокида дастлабки синовлардан ўтказилганда амалдаги қоидалар талаблари тўлиқ бажарилмагани аниқланган. Кўрсатиб ўтилган талаблар бажарилгандан сўнг ва барча ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг аттракцион фаолиятига рухсат берилиши айтилган бўлса-да, қурилма байрам кунлари ўзбошимчалик билан ишга туширилгани аниқланган. Бу эса фожиага олиб келган.

2019 йил 30 сентябрь. Намангандаги кўнгилочар истироҳат боғида қурилиши тўлиқ битказилмаган «Spin block» аттракционида 18 ёшли қиз аттракционда кутилмаганда жароҳат олади ҳамда воқеа жойида вафот этади. Текширув давомида у синов тариқасида ҳаракатлантирилаётган аттракционга рухсатсиз чиқиб олгани, ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида аттракционнинг темир труба қисмига урилиб кетгани аниқланади.

Фото: Gazeta.uz

2019 йил 28 июнь. Жиззах шаҳридаги «Истиқлол» болалар боғида «Учар ликопча» аттракционининг ликопча қисми айланаётган пайтда таянч қисмидан узилиб, 7 метр баландликдан ерга қулаган. Бу пайтда аттракционда турли ёшда бўлган 8 киши бўлган. Бахтсиз ҳодиса оқибатида 20 яшар қиз фожиавий тарзда ҳаётдан кўз юмган. У касалхонага етмай йўлда жон берган.

Фото: Kun.uz

Расмий изоҳда аттракционнинг ҳаттоки пойдевори бўлмагани, ликопча қисми тўлиқ тайёр бўлмасдан туриб жиззахлик тадбиркор уни олиб кетиб, ўз билганича аттракционни қургани, текширувда аттракционнинг ликопча қисмини ушлаб турувчи устуни яроқсиз ва эски металлдан ясалганлиги аниқлангани келтирилади. Айбдорларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Бироқ бунинг натижасида кўрилган чора ҳақида маълумот йўқ.

2019 йил 14 май. Самарқандда бир қиз катта тезликдаги аттракциондан отилиб кетгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бунга хавфсизликни таъминловчи белбоғ ечилиб кетгани сабаб бўлган. Катта тезликда бетон юзага урилган ва бошидан жароҳат олган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида қизнинг қўли синган. Ҳодисага оид бошқа тафсилотлар маълум эмас.

2018 йил 31 май. Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳридаги “Ёшлар” истироҳат боғидаги аттракционда болалар поезди босиб ўтиб кетган тўрт яшар қизалоқ нобуд бўлганди. Воқеа гувоҳига кўра, аттракцион эгаларининг оддий техника хавфсизлигига риоя қилмагани бу фалокатга сабаб бўлган.

2017 йил 16 сентябрь. Навоий шаҳрининг Алишер Навоий истироҳат боғидаги аттракционлардан бирининг елим ўриндиғи синиши ва хавфсизлик камарининг узилиб кетиши оқибатида 25 яшар йигит юқори баландликдан тушиб кетади. У қулаётган пайтда аттракцион ичидаги унутиб қолдирилган темир нарвонга келиб урилади ва оғир жароҳат олади. Гарчи тирик қолган бўлса-да, йигитнинг саломатлигига тиклаб бўлмас зарар етгани айтилган.

“Аксарият фожиалар сабаби – ўзбошимчалик!

Жиззахда содир бўлган фожиадан сўнг шу пайтгача аттракционлардаги хавфсизлик устидан давлат назорати ўрнатилмагани маълум бўлганди. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Ғуломов Ўзбекистондаги аттракционларнинг ярмидан кўпи собиқ иттифоқ даврида ўрнатилганини айтган.

“Аттракционларнинг техник ҳолати ҳар мавсум бошида, яъни йилда бир марта динамик ва статик синовдан ўтказилади. 100 нафардан иборат 16та ишчи гуруҳ томонидан республика бўйича аттракционлардаги вазият ўрганилганди. Айтиш мумкинки, республикадаги бирорта истироҳат боғи ҳақида ижобий хулоса бериб бўлмайди. Аттракционларнинг ярмидан кўпи собиқ иттифоқ даврида ўрнатилган ва муддатини ўтаб бўлган”, деган Ғуломов ОАВ вакиллари билан учрашувда.

2019–2021 йиллар мобайнида аттракционлар билан боғлиқ 7 бахтсиз ҳодиса рўй берди, шундан 3таси ўлим билан якунланган. Саноат хавфсизлик қўмитаси бошқарма бошлиғи Олимжон Жўраев ҳокимликлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги носоз аттракционларни фойдаланишдан чиқариш борасидаги мурожаатларни эътиборсиз қолдираётганини таъкидлайди.

Республикада мавжуд 1879 та ҳар хил аттракционларнинг 450 га яқини истироҳат боғлари тасарруфида бўлса, қолганлари хусусий тадбиркорларга тегишли бўлиб шартнома асосида фойдаланилади. 2022 йилда маданият ва истироҳат боғларида ўрнатилган 574 та аттракцион техник носоз деб топилган, уларнинг фаолияти чекланиб, ишлатмаслик чоралари кўрилган.

Тоғ-кон геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг истироҳат боғларини назорат қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари Абдуфотиҳ Рашидовнинг маълумот беришича, Ўзбекистондаги мавжуд истироҳат боғлари 143 та бўлиб, бу боғларда 1845 та аттракцион бор.

“Тошкент шаҳри энг намунали ҳудуд бўлса-да, шаҳардаги мавжуд 17 та истироҳат боғидан 11 тасининг фаолиятига рухсат берилган. Қолган боғларда жойлашган аттракционларнинг камчиликлари бўлгани сабаб уларнинг фаолият юритишига рухсат берилмаган. Аммо ҳудудлардаги боғларда жойлашган аттракционларни назоратдан ўтказиш масаласи жуда оғир”, — дейди Абдуфотиҳ Рашидов.

Масъулларнинг айтишича, тадбиркорлар уларнинг манфаати шахсан давлат раҳбари томонидан ҳимоя қилинаётганидан келиб чиқиб, аттракционларида камчилик бўлса-да, ўзбошимчалик билан уларни ишлатиб, одамлар ҳаётини хавф остига қўймоқда.

“Биз тадбиркор ишлатаётган аттракционнинг носоз эканини айтсак-да, хулоса берсак-да, буни тақиқлаб қўйишга ваколатимиз йўқ. Хусусан Бухоро ва Фарғона вилоятларидаги носоз аттракционлар ҳам фаолият юритиши учун хавфли деб топилган. Бироқ тадбиркорлар ўзбошимчалик қилиб, тартибга бўйсунмаган. Оқибатда кўнгилсиз воқеалар рўй берди”, — дейди Абдуфотиҳ Рашидов.

Маълум қилинишича, 2019-2021 йиллар мобайнида аттракционлар билан боғлиқ 7та бахтсиз ҳодиса юз берган. Ушбу бахтсиз ҳодисалар уч нафар инсоннинг бевақт ўлимига сабаб бўлган.

Тоғ-кон геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг айни пайтда Андижон, Наманган, Қашқадарё, Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларида вакиллари бўлмагани сабабли ушбу вилоятлардаги мавжуд аттракционлар назорати ҳам очиқлигича қолмоқда.

Жамшид Ниёзов, Kun.uz

Мавзуга оид