Ўзбекистон | 11:05 / 25.04.2023
22812
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида олиб қочилган автомашина металлоломдан топилди

«ВАЗ-2101» русумли автомашина 2 миллион сўм пул эвазига металлоломга топшириб юборилгани аниқланган.

Фото: Тергов департаменти матбуот хизмати

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида автомашинани олиб қочиб, уни металлоломга топшириб юборган шахс ушланди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизматининг маълум қилишича, воқеа 30 мартдан 31 мартга ўтар кечаси юз берган. Юқори Чирчиқ тумани Бунёдкор кўчасида яшовчи 27 ёшли Т.Б. 69 ёшли С.С.га тегишли «ВАЗ-2101» русумли автомашинасини уйининг олдида, эшикларини очиқ ва калитини ўт олдириш жойида қолдирган. Бундан фойдаланган номаълум шахс уни олиб қочиб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Юқори Чирчиқ туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида, мазкур жиноятни 20 ёшли Р.М. содир этгани, давлат рақам белгиларини ечиб, Юқори Чирчиқ тумани Фаровон маҳалласида жойлашган хонадонга олиб бориб, 2 миллион сўм пул эвазига металлолом сифатида сотиб юборгани аниқланган.

Мазкур хонадон кўздан кечирилганда, жабрланувчига тегишли автомашина қисмларга бўлинган ҳолатда ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид