Жамият | 19:04 / 28.04.2023
32496
2 дақиқада ўқилади

Муаллифлик ҳуқуқини бузган яна бир хонанда товон тўлайдиган бўлди

Шоир Беҳзод Фазлиддиннинг “Айёр дўстларим” шеъридан берухсат фойдаланган ҳолда қўшиқ куйлаган Жалолиддин Аҳмадалиев муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун ўтган йили шоирга 24 млн сўм товон тўлаган эди. Эндиликда яна бир хонанда А.Шерматов ҳам шу шеърдан рухсатсиз фойдалангани учун 30 млн сўм товон тўлайдиган бўлди.

Фото: Flickr

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Беҳзод Фазлиддиннинг муаллифлик ҳуқуқи бузилишига доир даъвоси қаноатлантирилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти адлия бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, шоир бошқармага ариза билан мурожаат қилиб, хонанда А. Шерматов ундан рухсат олмаган ҳолда “Айёр дўстларим” шеъридан фойдаланиб қўшиқ куйлаганини билдирган ва унга нисбатан қонуний чора кўриб, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўраган.

Адлия органининг даъвоси билан, иш жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўрилган. Суд қарорига асосан, хонанда А.Шерматов муаллифлик ҳуқуқбузарлигини содир этгани тасдиқланган ва у жаримага тортилган.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарори асосида, шоир Беҳзод Фазлиддин фойдасига хонандадан 100 БҲМ, яъни 30 млн сўм товон пули ундириладиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Беҳзод Фазлиддиннинг “Кутмаган кунларим, кутган кунларим” тўпламидаги айнан шу – “Балосиз, гўёки ғамимни ейсиз” деб бошланувчи “Айёр дўстларим” шеъри 2022 йил ёзида ҳам муаллифлик ҳуқуқи бўйича низо марказида бўлган эди.

Ўшанда хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев бу шеърни муаллифдан рухсатсиз қўшиқ қилгани учун БҲМнинг 80 баробари, яъни 24 млн сўм товон пули ва 2 млн сўм маънавий зарар тўлашга мажбур бўлганди.

“Ҳурматли ижод вакиллари! Муаллифлик ҳуқуқи нафақат номулкий, балки мулкий ҳуқуқ эканлигини унутмайлик. Муаллифлик ҳуқуқингиз бузилса, уни ҳимоя қилиш учун Адлия вазирлиги ёки ҳудудий адлия бошқармаларига мурожаат қилинг!” – дея мурожаат қилди Фарғона вилояти адлия бошқармаси.

Мавзуга оид