Ўзбекистон | 14:37 / 01.05.2023
13549
2 дақиқада ўқилади

​​​​​​​“Кинога тақлид қилиб уюштирилган” – Тошкентда мактаб ўқувчилари муштлашгани юзасидан изоҳ берилди

Олмазор туманидаги 134-мактаб ўқувчиларининг муштлашуви акс этган видеолар тарқалди. Масъулларга кўра, ҳолат бир ярим ой аввал содир бўлган.

Фото: Видеодан кадр

30 апрел куни Telegram каналларда Олмазор туманидаги 134-мактабнинг бир гуруҳ ўқувчи йигитлари муштлашгани акс этган видеоёзувлар тарқалди.

Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг маълум қилишича, воқеа бир ярим ой аввал, 2023 йил 15 март куни содир бўлган. 134-мактабнинг 8-“Б” синф ўқувчиларидан бир гуруҳи Америка киносига тақлидан ўзаро “муштлашув” уюштириб тасвирга олган.

Таъкидланишича, воқеадан хабардор бўлган мактаб маъмурияти ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналарини йиғиб, мулоқот ўтказган. Ўқувчилар хатти-ҳаракатлари учун кечирим сўрашган ва ўша куниёқ ўзаро келишиб кетишган.

“Ҳозирда уларнинг ўзаро муносабатлари дўстона, дарсларда мунтазам қатнашиб келишмоқда. Бу воқеа юз берганидан бери қарийб икки ой вақт ўтгач, видеотасвирларни тарқатишдан кимга қандай наф?! Ўқувчилар ўртасига нифоқ солишдан ёки мактаб маъмурияти, таълим соҳаси ходимлари дилини хира қилишдан кимдир роҳатланадими?!” дейилади бошқарма баёнотида.

Бундан ташқари, видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг ҳолат юзасидан Олмазор тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан тергов-суриштирув ҳаракатлари бошланган.

Эслатиб ўтамиз, 22 апрел куни Янгиҳаёт туманидаги 331-мактабнинг юқори синфида таҳсил олувчи бир неча қизлар ўзидан кичик бўлган ўқувчини калтаклагани аск этган видео ҳам тарқалганди. Кейинроқ мактаб раҳбарияти жабрланувчи бир беҳаё суратда юқори синфда ўқувчи қиз тасвирланганини айтиб, мактабда миш-миш тарқатгани сабаб уни дўппослашганини маълум қилганди.

Бу воқеадан икки кун ўтиб Шайхонтоҳурда мактаб ўқувчилари бир бўлиб бошқа қизни дўппослагани акс этган видео тарқалди. Ўшанда “муштумзўр” қизлар бир ой аввал гап талашиб қолгани сабаб ўзидан катта бўлган мактабдошини “самосуд” қилгани айтилганди.

Мавзуга оид