Ўзбекистон | 20:01 / 03.05.2023
52241
10 дақиқада ўқилади

“Ҳарвардга кириш ниятим ҳам йўқ эди” – дунёнинг топ университетига тўлиқ грант ютган қиз

“Чет элда ўқишимни қўллаб-қувватлаган инсонлардан бири – дадам. Ҳеч қачон менга йўқ демаганлар. Ташқарида ҳамма мени мақтаб, осмонга кўтаришса, дадам билан ойим мени “пастга тушириб” туришади”.

Гўзалхон Ҳайдарова 2005 йилда Наманган вилояти Чортоқ туманида таваллуд топган. Дастлаб Тошкентда, кейин эса вилоятдаги ихтисослашган мактаб интернати ва президент мактабида ўқиган. У 2023 йилнинг августидан АҚШнинг Ҳарвард университети бакалавриат босқичида муҳандислик йўналишида ўқишини давом эттиради. Гўзалхон Kun.uz мухбири билан суҳбатда қизиқишлари, топ университетларга қабул жараёнлари ҳақида гапириб берди.

“Президент бўламан”

Аввалига Тошкентдаги 246-мактабда ўқиганман, 6-синфда Наманганга кўчганмиз. Ўша ерда 5-ДИМИ (Давлат ихтисослаштирилган мактаб интернати)да ўқишни бошлаганман, 8-синфда президент мактабига топшириб, шу мактабга қабул қилинганман. Президент мактабига киришим ҳаётимда катта бурилиш бўлган деб ўйлайман, чунки муҳит ўзгача эди. Мактабнинг академик жиҳатдан қийинлиги ўз устимда ишлашимга мажбур қилган. Фанларни инглиз тилида ўтиш – мен учун янги дунё эди. Ота-онамдан узоқда бўлиб, янги синфдошлар билан ўқиш ҳам жуда қийин бўлган.

5-ДИМИда математикага ихтисослаштирилган синфда ўқиганман. Шунда аниқ фанларга қизиқардим. Лекин қайси соҳадан боришимни билмасдим, бошида президент мактабида биология, кимё, физика, информатика фанини ҳам ўқиганман. 10-синфдан бошлаб 2 та фанни танлаш имкони берилган, Ўшанда мен физика ва информатика фанларини танлагандим. Шу пайтда аэрокосмик муҳандислик соҳасида ўқишим кераклигини ич-ичимдан ҳис қилганман. Соҳаларда жуда ҳам кўп “сакраганман”. Биринчи синфда “президент бўламан”, дердим, ундан кейин шифокор ҳам бўлмоқчи бўлганман. Президент мактабига кирганимдан сўнг анча вақтгача ким бўлишимни билмай юрдим. 9-10-синф пайтларимда аэрокосмик муҳандислик соҳасини қатъий танладим.

Президент мактабининг кўп битирувчилари “Эл-юрт умиди” фонди орқали чет элга ўқишга кетишган. Биринчи навбатда, шуларга ҳавас қилганман. Лекин Принстон университетига топшириш фикри “TechGirls” халқаро дастурида иштирок этаётганимда келган. Менторим қайси соҳага ўқишимни сўраган, мен аэрокосмик муҳандислик соҳасида ўқишни хоҳлашимни айтганман. Шунда у менга Принстон университети яхши вариант эканини тавсия қилган.

“Хорижнинг яхши университетларига фақатгина SAT, IELTS билан кириш қийин”

Кўпчилик мендан IELTS, SAT ҳақида сўрашади. Лекин фақат IELTS ва SAT билан иш битмайди. Ундан ташқари, қилинадиган ишлар кўп. Ўзим 10-синфлигимда IELTSʼдан 7,5 балл олганман, SAT ҳам топширганман 2 маротаба. Лекин натижам қолганлар билан солиштирганда ўта яхши бўлмагани учун ҳужжатларимни SAT’сиз топширганман. Яъни SAT’га кучли боғланиб қолмаслик керак. Тўғри, SAT билан хориж университетига кириш эҳтимоли ортади, лекин бу бутун ҳаётни битта тестга тайёрланиш учун ўтказишга арзимайди.

Хорижнинг яхши университетларига фақатгина SAT, IELTS билан кириш жуда қийин. Айтайлик, номзод IELTSʼдан 9 балл олган, инглиз тилини зўр билади. Лекин чет эл университетларида ҳамма инглиз тилини яхши билади, бунда улардан кандидатнинг қайсидир фазилати ажралиб турганини аниқлаш керак. Инглиз тилини IELTS топшириш учун эмас, ўрганиш учун ўқиш керак. Масалан, мен ҳам бошида инглиз тилини фақат IELTS учун ўқиганман, лекин университет учун ёзиладиган эссени кўриб, инглиз тилини билмаслигимни тушуниб етдим. IELTS билан эссенинг ўртасида жуда катта фарқ борлигини англаганман ва тилнинг ўзини ўрганиш учун ўқиганман. Яъни фақат IELTS учун ўқилса, у сертификат олишга ярайди, холос. Ҳаётда эса фойда бермайди.

Бизнинг мактабларда инглиз тилини фикрни ифода қилиш учун ўргатишмайди. Масалан, ёзма ёки гапириш орқали фикрни ифодалаб бериш мумкин. Лекин бизда шу нарса ривожланмаган.

Иқтисодиёт, ҳуманитар фанларни чет элда ўқиётган талабалар билан кўп гаплашганман. Улар ҳафтасига 400-500 бетли фалсафий китобларни ўқишади. Яъни бу жуда катта босим дегани. Энди Ўзбекистондан борган талабанинг у ерда қандай ҳолатга тушишини тасаввур қилсангиз ҳам бўлади. Хорижда бир ҳафтада шунча ҳажмдаги китобни ўқиб, унга 10-15 бетли тақриз ёзиб беришади, китобдаги фикрларни қайси соҳада қўллаш мумкинлиги муҳокама қилинади. Бизда ҳам инглиз тили шу даражада ўқитилишини хоҳлардим. Инглиз тилини бошқа фанлар билан қўшиб ўқитиш тизимини жорий қилсак, яхши бўлар эди.

Масалан, тарихни инглиз тилида ўқитиш жуда ҳам яхши, менимча. Чунки кўп тарихчиларнинг китоблари инглиз тилига таржима қилинган. Биздаги тарих фанининг ўқитилиши умуман ёқмайди. Чет элда тарихни фактларни ёдлаш учун эмас, ундан хулоса чиқариш учун ўқитишади. Тарих фикрлашни ўстирадиган фан бўлиши лозим. Умуман, ҳуманитар фанларнинг ҳаммаси фикрлашга, ўйлашга мажбур қиладиган фанлар ҳисобланади.

“Хорижга кетганга яраша дунё тан олган университетда ўқиш керак”

Ўзбекистонда ОАВда 50-100 талаб университетларга топширган ўқувчилар ҳақида ўқиб қоламиз. Мен уларнинг сонга эмас, сифатга ишлашини хоҳлардим. Чунки шунча хориж университетларига топширилса ҳам якунда биттасида ўқишади. Ҳаракатни эртароқ бошлаб, ўзини айнан бир соҳага йўналтириш керак деб ҳисоблайман. Кўпчилик 11-синфга келиб қаерга топширишни ўйлаб қолишади, аммо бу вақтда жуда ҳам кеч бўлади. 50тага топшириб, амаллаб илиниб қолиш учун эмас, бошидан энг яхши 10тасига ҳужжат топширишни ва қабул қилинишни ўйлаш керак. Ёшлар шунчаки қайсидир университетга кириб, Америкага кетиб олишни мақсад қилган. Мен буни ёқламайман. Хорижга кетганга яраша дунё тан олган университетда ўқиш ва дунё тан олган билимларни олиш керак.

“Бошида Ҳарвардда ўқиш ниятим йўқ эди”

Принстонга муддатидан олдин ҳужжат топширдим, декабрь ойида натижалар чиқди, университетга қабул қилиндим. Ундан кейин Ҳарвардга ҳужжат топширдим. Тўғриси, Ҳарвардда ўқиш ниятим ҳам йўқ эди. Принстон инжинеринг соҳасидаги энг яхши 2 та университетдан (иккинчиси MIT) бири саналади, шунинг учун барибир Принстонда ўқийман дердим. Дадам Принстонга кирган бўлсам ҳам, бошқа университетларга ҳам топширишимни кўп айтардилар. Лекин эриниб бошқаларига топширмагандим. Чунки Принстонда ўқишни жуда истагандим.

Бу университетга кирганимда ҳам жуда хурсанд бўлганман. Лекин унда ўқиш учун 100 фоизлик грант ололмадим. Шундан сўнг Ҳарвардга эътибор беришни бошладим, Принстондан кўнглим совигандай бўлди. Ҳарварднинг энг ёққан томони – МIТ билан ҳамкорлиги бўлди. Яъни Ҳарвард талабалари МIТ (Массачусетс технологиялар институти)да курсларда қатнашиши мумкин экан. Бундан ташқари, Ҳарвардда ҳуманитар соҳаларга ҳам эътибор кучли. Ҳам ҳуманитар, ҳам техник соҳани бирга ўқисам, менга жуда катта фойда бўлади деб ўйладим ва Ҳарвардни танладим.

Март ойида Ҳарвард университети интервьюга чақирди. Суҳбат зўр ўтди. Натижалар 30 март куни чиқди ва мен қабул қилинганлигимни билдим. Маълум хориж университетига ҳужжат топширилгач, грант ютиб олиш учун одатий ҳужжатлардан ташқари, ота-онанинг иш ҳақи, қандай моддий имкониятга эга эканлиги, қанча маблағ орттира олиши каби маълумотларни ҳам бериш керак бўлади. Мен мана шу ҳужжатларни бермагандим. Бу менга грант берилмайди дегани эди. Ҳарвардга ҳужжат топширгач, грант учун ҳам ҳужжат топшираман деган тугмасини босиб қўйгандим, лекин юқорида айтганимдек, ҳужжатларни топширмагандим. Ҳарвардга қабул қилинганимдан кейин университет менга электрон почтадан ҳалиям грант олиш ниятида эканим ёки йўқлигини сўрашди. Мен “ҳа” дедим. Кейин бунинг учун ҳали имкониятим борлигини, улар жўнатган алоҳида сайт орқали ҳам бу грантни олишим мумкинлигини айтишди. Яъни ҳамма муддатлар ўтганига қарамай, университет грант олишимни истади. Ҳужжат топширадиган пулли платформага бепул фойдаланиш учун код ҳам юборишди. Икки кундан кейин 100 фоизлик грант ютганим ҳақида хабар беришди. Яъни Ҳарвард ўқиш ва яшаш, транспорт харажатларининг барчасини қоплаб берадиган бўлди.

Ҳарвардга умумий муҳандислик ва физика йўналишига топширганман. Бунда барча муҳандислик турларининг умумий ўрталиқ соҳаси ўргатилади, квант физикасидан тортиб, атом энергиясигача бўлган дарслар ўргатилади. Биринчи 2 йил умумий муҳандислик соҳасидаги билимлар ўзлаштирилади, охирги 2 йилда айни бир йўналишга ихтисослашиш мумкин.

“Дадам билан ойим олдинда эришишим керак бўлган мақсадларим борлигини эслатиб туришади”

Чет элда ўқишимни қўллаб-қувватлаган инсонлардан бири – дадам. Ҳеч қачон менга йўқ демаганлар. Масалан, ҳозир кетишимдан олдин: чет элда ўқиб туриб, ишлама. Сен у ерга ишлагани эмас, ўқигани кетяпсан. Пулга қизиқма”, деб тайинлайдилар. Ташқарида ҳамма мени мақтаб, осмонга кўтаришса, дадам билан ойим мени “пастга тушириб” туришади. Яъни олдинда эришишим керак бўлган мақсадларим борлигини эслатиб туришади. Шу ишлар билан чегараланиб қолмаслигимни, хориждан қайтиб келиб ўз ватанимга ҳисса қўшишим кераклигини, шундагина мақтовга сазоворлигимни доимий айтиб туришади. Қачонки ўқиб келиб, ватаним учун фойдам тегсагина, ўшанда ғурурланишимга сабаб топилса керак деб ўйлайман мен ҳам.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,
Тасвирчи Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид