Ўзбекистон | 13:49 / 03.05.2023
14490
2 дақиқада ўқилади

Миллий гвардияга қўшимча ваколатлар берилмоқда

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан Миллий гвардия органларининг ходимларига майда безорилик, қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда фойдаланиш, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юришга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш, баённомалар тузиш ва уларни кўриб чиқиш учун судга юбориш юзасидан қўшимча ваколатлар берилмоқда.

Бу каби ваколатлар вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, тиланчилик қилиш ҳамда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш ҳолатларида ҳам амалга оширилади.

Бунда мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш ваколати ички ишлар органларида ҳам сақланиб, ҳуқуқбузарлик Миллий гвардия ходимлари томонидан аниқланган тақдирда уларга жарима жазосини қўллаш ҳуқуқи берилмоқда.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш ва асоссиз жавобгарликка тортиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Миллий гвардия органлари номидан Қонунда кўрсатилган бошқарма (бўлим) бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни қўриб чиқишга ва жарима жазосини қўллашга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга юқорида келтирилган ўзгартишлар киритилиши муносабати билан жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар бўйича Миллий гвардия органларига ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳуқуқи берилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид