Ўзбекистон | 09:56 / 09.05.2023
34691
12 дақиқада ўқилади

Калтакланган ўқитувчи, «травма» олган болалар, бефарқ раҳбарият – Чилонзордаги мактабда нима бўлди?

Чилонзор туманидаги мактаблардан бирида бошланғич синф ўқитувчиси ўқувчининг онаси томонидан калтакланди. Ҳолатга болаларнинг ўзаро жанжали ва таълим муассасасидаги йиғ-йиғлар сабаб бўлгани айтилмоқда. Kun.uz вазиятни ўрганиш мақсадида воқеа гувоҳлари, ўқувчининг онаси ҳамда калтакланган педагог билан суҳбатлашди. 

Kun.uzʼга келиб тушган маълумотда ўқитувчининг калтакланиш ҳолати Чилонзор туманидаги 178-мактабда содир бўлгани айтилади. Мазкур ҳолат мактабнинг 4-синф раҳбар ўқитувчиси ва шу синфда ўқийдиган қизнинг онаси ўртасида юзага келган. Можаро 1 май куни ўқувчи қизларнинг ўзаро тортишувидан бошланган.

«Мактабда 4 нафар ўқувчи қиз ўртасида жанжал бўлган. Ўзим жанжалда қатнашмаганман, бу қизларнинг онаси ҳам эмасман. Лекин бир қизча бошқа қизларни тажовузкорлик руҳида урган ва руҳий босим ўтказган. Жанжалдан кейин биринчи куни онаси келган», – дейди шу синф ўқувчиларидан бирининг онаси. 

«1 май, душанба куни болалар мактабга келиб, дарсда ўтирган бўлган. Бир она фарзандининг ортидан келиб, ўқувчиларнинг кўз ўнгида ўқитувчи билан тўполон қилиб кетган. Ўқитувчини ҳақоратлаб, сўкиб, чиқиб кетган. 

Бу воқеани ўқитувчи ота-оналарга айтиб берганидан сўнг биз мактаб директорининг олдига келдик. Лекин чора кўришмади, шекилли, ўша она чоршанба куни болаларни уйига кузатаётган вақтида педагогни уриб кетган», дейди яна бир она. 

Ўзаро уришиб қолган ўқувчи қизларнинг оналаридан бири эса дарсдаги жанжалдан кейин фарзандининг аҳволи ёмон бўлиб қолганини, шу сабаб бир қанча ота-оналар директорнинг олдига киришганини айтди.

«Сешанба куни мактаб директорининг олдига кириб, «амалий ёрдам кўрсатинг» – бизга деганимизда, «ҳаммасини тинчлик билан ҳал қилинглар», – дейишдан уёғига ўтмадилар. Ҳатто, синф раҳбарига ҳам ёрдам бермай, «Манзура, бундан беш баттар бўлган», деявердилар. 

Кейин мен ўзим она билан алоқага чиқдим, «синф раҳбарини аралаштирмай, шу ўқувчининг онаси қаерда деб ёзсангиз, етиб борардим. Бу болаларнинг ўртасида бўладиган нарса, ким уришмай катта бўлган?!» дедим. Кейин у она: «менинг боламни сеники доим урар экан, сеники бир маротаба калтак еса, ҳеч нарса қилмайди», – деди. 

Болалар уришиб-талашиб, катта бўлишади. Аслида оналарнинг аралашишга ҳаққи йўқ. Душанба куни жанжал бўлган бўлса, сешанба куни ҳамма гаплашиб ўтирибди. Нима кераги бор? Душанба куни келиб ўқитувчини ҳақорат қилганлар, сешанба кечки вақт келиб яна ҳақорат қилганлар, чоршанба куни эса уриб кетганлар. Бу режалаштирилганми, билмайман. Синф раҳбарига нисбатан қандайдир ғаразлари бўлган-да», – дейди оналардан бири. 

Яна бир она ўқитувчининг калтакланганига гувоҳ бўлгандаги ҳолатни гапириб берди.

Ҳар куни кечки 6 да қизимни мактабдан олгани келаман. Синф раҳбари билан қизим ҳақида гаплашиб, «кечаги ҳолатдан кейин аҳволингиз қандай?» деб тургандим. Ўша вақтда жанжал кўтарган она 3-синфда ўқийдиган қизи билан келиб қолди. Шунда она ўқитувчига қизига нима деганини сўраб, педагог билан гаплашди. Қизи ўқитувчи уни ёлғончи, ёлғон гапирма деганини айтди. Педагог шунга жавоб бераётган вақтида юзи билан боши аралаш тарсаки тушди. Аёлни ажратдим, қарасам оёғи тегибди. Оёғи тегганини кўрмагандим лекин. Ўзим ҳам бу ҳолатдан қотиб қолдим. Тушунмай қолдим. Кейин ўқитувчининг мазаси бўлмай қолди, тез ёрдам чақиришди. 

Ўқитувчимиз яхши, мен онани умуман кўрмаганман, билмаган эдим. Биринчи куни дарсга кириб, жанжал қилганига фарзандларимиз қўрқиб қолган, «яна шунақа хола келиб, шундай қиладими? » деб менинг фарзандим ҳам сўради. Бугун мактабга келмаслигини ҳам айтди», дейди она. 

Воқеалар хронологиясига кўра, аёл дастлаб 1 майда дарсга кириб, ўқитувчи билан оғзаки жанжаллашган, сешанба 18:00 ларда ота-оналар йиғилиши ўтказилган ва унда ҳам зиддият кучайган. 3 май куни эса мактаб ҳовлисида ўқитувчига қўл кўтарилган.

Ҳолатнинг асосий иштирокчилари билан суҳбатга ўтишдан аввал, бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Таҳририятга бу мурожаат шанба, 6 май куни юборилган. Можаро эса мурожаат келишидан 5 кун олдин бошланган. Вазият жиддийлашишидан олдин бу вақт оралиғида мактаб раҳбарияти нима билан шуғулланган? Ваҳоланки, таълим биноси етарлича видеокамералар билан таъминлангани, унинг учун ота-оналар пул ҳам тўлагани, қолаверса, муассасада қоровул ҳам фаолият юритаётгани айтилмоқда. Саволларга жавоб олиш учун мактаб директори билан боғланишга уриндик, аммо алоқага чиқишнинг иложи бўлмади. 

Ўрганишдаги кейинги босқич икки томон билан суҳбат бўлди. Дастлаб ўқитувчига қўл кўтарган она билан гаплашдик. Аёлни мактабга чақиришга уриндик, аммо кела олмаслигини, телефон орқали ҳам изоҳ беришини билдирди. 

Унинг айтишича, ўзаро зиддият дастлаб феврал ойида фонд ва турли тадбирларга бериладиган йиғ-йиғлар сабаб бошланган. 

«Фонд пули йиғамиз дейишди. Ҳар қандай инсон пулни меҳнат қилиб топганидан кейин, ўша пулнинг қаерга ишлатилишини сўрашга ҳаққи борми ёки йўқ? «60 минг берасиз» дейишди, шунча сумма берилган ҳар доим. Шу пулни беринг дейди, берамиз, бермасангиз муомаласи ўзгариб қолади, қўполлашади. Бошланиши шундан бўлди, фонд пули нимага ишлатилади деб сўраганимизда маълумот беришни истамади, жаҳл қилиб, «пулларингни еб кетаман», деб хонасига кириб кетганди. Бу биринчиси. Хўп, майли деб кетгандик. 

Иккинчиси – байрамларга йиғ-йиғлардан бошланди. Бир кун гуруҳга 23 феврални 14 январ ўрнига нишонлаб, пул йиғамиз дейишди. Кейин мен дадасидан пул сўрадим. Шунда нимага пул йиғилаётганига ҳайрон бўлиб, пул бермасликларини, ўқитувчи билан гаплашиб олишларини айтди. Хўжайиним ўқитувчи билан гаплашишга борганида, педагог эшитишни ҳам истамаган. Шундан бери биз билан тескари, биз билан ҳисоблашишни, гаплашишни хоҳламайди. «Сизлар келгунча, бизда бундай муаммо йўқ эди», – дейди. У киши неча пул, нимага йиғ-йиғ қилса, бирор ота-она, юрак ютиб сабабини сўрамаган, биз сўраб хато иш қилиб қўйибмиз», – дейди ўқувчи қизнинг онаси. 

Аёлнинг айтишича, шу вақт оралиғида бу муаммо юзасидан мактаб раҳбарияти билан гаплашилмаган. Қолаверса, аёл ўқитувчининг фарзандига нисбатан босим қилаётганини ҳам даъво қилмоқда. 

Бундан ташқари, унинг айтишича, аёлнинг қизига синф раҳбаридан ташқари, ўқувчи қизлар томонидан ҳам бир неча маротаба зўравонлик қилинган. Шундан кейин у ўқитувчи билан шу бўйича гаплашмоқчи бўлган. Аммо бунда педагогнинг бефарқ бўлгани, ота-она билан ҳисоблашмагани қайд этилди. Она шу сабаб дарсга кириб, ўқитувчи билан тортишганини, кейинроқ эса кичик фарзандига бўлган ёмон муносабат туфайли мактаб ҳовлисидаги дўппослашгача борганини билдирди.

«Мен ўшанда ўқитувчига: «Сиз қандай педагогсиз? Болага бунчалик зулм қилиб, нафсониятига тегдингиз. Мактабга бормайман деяпти, нимага бундай қилдингиз?» – деб айтдим. «Айтаман-да, ёлғончилар оиласи бўлганингдан кейин. Қўлингдан келганини қил», – деди. Жаҳлим чиқиб кетиб, ўқитувчига бир шапалоқ туширдим. 

Орадан чиқиб, ўғли югуриб келди-ю, мени урди. Ўзимни ҳимоя қиламан – дегандим, бақир-чақир бўлиб кетди. Директор ҳам бу муаммони ечмади: «Гўзалхон, ҳал қиламиз, кетаверинг», – деди, лекин ҳеч қайси бири чора кўрмади. Бу масалани бошиданоқ айтгандим, лекин ҳеч ким эшитмади», – дейди у. 

Калтакланган педагогнинг ўзи билан ҳам суҳбатлашдик. Унинг айтишича, жанжалнинг биринчи куни 1 май санасида она дарсни бузиб, ўқитувчини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган, қўлидан силтаб ташлаган. 

Суҳбат давомида педагог йиғ-йиғлар билан боғлиқ вазиятга ҳам изоҳ берди.

«Бу нарса ҳеч кимга сир эмас, мактабдаги энг зарур нарсалар, яъни «доска» артадиган латта, «поллатта», бўр, супурги каби воситаларни ота-оналарнинг ўзи олиб беришади. Бунинг учун уларга катта раҳмат. Бу иш билан ота-оналар комитети раислари шуғулланишади. Мен бу жараёнга умуман аралашмайман, нима қолмаганини айтаман фақат. Шунда ўқувчимнинг отаси келиб, «нимага пул йиғаверасизлар?» деди. Танаффус вақтида хонага олиб кириб, шароитни кўрсатдим. Бир хонада 3 та синф ўқийди, 3 та синфдан кейин хонанинг аҳволига қараб бўлмайди, бу табиий ҳол. Шунда тушуниб, дўконлари борлигини, воситаларни ўзлари олиб беришини айтди.

Мен 4-синфнинг охиригача олиб бера олиши ёки йўқлигини сўрадим. Жим бўлиб қолдилар кейин. Бу ўртада пул ташланиб, ота-оналар олиб берадиган нарсалар ҳисобланади. Чунки бизни булар билан ҳеч ким таъминламайди. COVID-19 вақтида ҳам термометр дейсизми, антисептик воситаларми – ҳамма нарсага ота-оналар ёрдам беришди, улар синфни таъминлаб қўйишди. Чунки бизга ҳам тепадан буйруқ келади, биз ҳам ота-оналардан илтимос қиламиз», – дейди ўқитувчи.

Таъкидлаш жоиз, президентнинг 2018 йил сентябрдаги фармонига кўра, маҳаллий ҳокимликлар туманлар, шаҳарларнинг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари билан биргаликда мактабларни ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига ўз вақтида ва самарали тайёрлаш тадбирларини амалга ошириши лозим.

Демак, мактабни бўр, латта, супурги, умуман керакли воситалар билан таъминлаш вазифаси ҳокимликларга юклатилган. Бироқ амалда-чи? 

«2 май куни директорнинг олдига алоҳида кириб, дарсда бўлган ҳолатнинг видеокамерадаги ёзувларини беришларини илтимос қилдим. Буни флешкага ўтказиб бўлмаслигини айтдилар. Телефонда видеога олай десам, нима қилишимни сўрадилар. Гап шундаки, мен ўша аёлнинг агрессиясидан ҳали бери вазият тинчиб кетмаслигини, ўзимни ҳимоя қилиш учун ҳам шу видео кераклигини айтдим. Чунки бу аёл эшитмаяпти, ҳали муросага келмадик. Мактаб директори ҳимоя қилишини айтди, лекин мана ҳимоя қилишганининг натижасини кўриб турибсизлар (калтакланганига ишора қилиб). 

Хуллас, шу воқеа бўлиб ўтди, эртаси чоршанба куни ишга келдим. 2 кунлик стрессдаман. Бизнинг синфдан олдин, ўша аёлнинг кичкина қизи 3-синфда таълим олади. Синфхонага кириб, қизидан тўғрисини айтишини, қачон урганлигимни сўрадим. Синф раҳбарига бўлган ҳолатни айтиб бердим. Синф раҳбарлари касал бўлган вақтда ўқитувчилар алмашилади. Шунда ўқувчилардан ҳам кимнидир урганманми, деб сўрадим, ҳамма йўқ деди. Қиздан яна сўрасам, қотиб қараб турибди. «Ойингга шундай дебсан, нега ёлғон гапирдинг? Кеча келиб роса тўполон қилди» дедим. Индамасдан йиғлашни бошлади», — дейди у. 

Педагогга кўра, ҳолатдан сўнг ўқувчилар уйига кетаётган вақтида қизчанинг онаси бунинг ҳисобини олиш учун ўқитувчи билан гаплашган ва мактаб ҳовлисида уни урган. Кейин ўқитувчининг саломатлиги оғирлашиб, тез ёрдам автомобилида шифохонага олиб кетилган. Калтакланган ўқитувчи ўқувчининг онаси айтган барча даъволарни туҳмат деб баҳоламоқда. Унинг исботи тақдим этилишини талаб қилмоқда. 

Ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиш бошлангани айтилмоқда, бироқ бу бўйича расмий маълумот ҳозирча тақдим этилгани йўқ.

Мавзуга оид