Жаҳон | 22:12 / 12.05.2023
16255
2 дақиқада ўқилади

«Кремлдагилар дунёни ўз ўлими билан тарк этмайди» - Зеленский

Украина президенти Россия раҳбариятининг ҳаёти табиий ўлим билан якунланмаслигини айтди. Россия Хавфсизлик Кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев унга ҳақоратли тарзда жавоб қайтарди. 

Фото: Украина президенти офиси

Украина президенти Володимир Зеленский BBC нашрига берган интервьюсида Кремль раҳбарларининг дунёни табиий ўлим билан тарк этиш эҳтимоли йўқлигини айтди. 

«Ишонинг, Кремлдагиларнинг охири ёмон бўлади. Ростини айтсам, буни тез тугашини истардим. Лекин улар, албатта, ўз ўлими билан оламдан ўтмайди», деди Зеленский. 

Зеленскийга, ҳар доимгидек Россия Хавфсизлик Кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев ҳақоратли тарзда жавоб қайтарди. 

«Яшил кийимдаги махлуқ Кремлдагиларга ўлим тилади. Ким қандай ўлишини билмаймиз, Худонинг иродаси бизга аён эмас. Аммо Киевдаги гиёҳванднинг ўз қўли билан ўлиш имконияти бор. Қўрқоқларча ўз жонига қасд қилиб, тош қотиши мумкин. Худди итнинг заҳарини ютган Ҳитлер каби», деб ёзди у ижтимоий тармоқда. 

3 май куни Россия президенти маъмурияти Кремлга дрон ҳужуми ва Владимир Путинга суиқасд уюштирилганини эълон қилганида, Медведев очиқчасига Зеленскийни «жисмонан йўқ қилиш»га чақирган эди. 

«У ҳатто сўзсиз таслим бўлиш тўғрисидаги актни имзолаши ҳам шарт эмас. Маълумки, Ҳитлер ҳам уни имзоламаган», деб ёзди у ижтимоий тармоқда. 

Украина томони дрон билан Кремлга ҳужум қилганини рад этиб келмоқда. Зеленскийнинг айтишича, Украина «Путинга ҳам, Москвага ҳам ҳужум қилмайди», чунки мамлакатда ҳатто ўз ҳудудини ҳимоя қилиш учун қурол етишмайди. Украина Қуролли кучлари эса қуроллардан «бошқа жойда фойдалана олмайди». 

Мавзуга оид