Ўзбекистон | 13:32 / 14.05.2023
20970
13 дақиқада ўқилади

Олий таълим қачон яхшиланади? — Мутахассис ва расмийлар билан суҳбат

Олий таълим вазирлиги 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистон олийгоҳлар топ рейтингларга кириши мумкинлигини айтмоқда. Аммо мутахассис халқаро рейтингга кириш шунчаки статистика учун бажариладиган иш эмаслигини, бунинг учун университетларнинг академик нуфузи оширилиши кераклигини, тизимда кадрлар масаласи муаммо эканини билдирди.

ОТМга ҳужжат топшириш муддати яқинлашмоқда, яқинда давлат имтиҳонлари ҳам ўтказилади. Мактаб ўқувчилари, умуман абитуриентлар жуда катта умидлар билан бу жараёнга киришади. Хўш, аслида олий таълим тизими уларнинг бу ишончини оқлаяптими? Нима сабаб бу тизим ҳанузгача кутилган даражада ўзгармаяпти? Нималарда хато қилиняпти?

Мавзу атрофидаги бир қанча саволларга жавоб топиш ва уларни таҳлил қилиш мақсадида Kun.uz “Silk Road Research Academy” ижрочи директори, профессор Азамат Акбаров, Олий таълим фан ва инновациялар вазирлигининг департмент ҳамда бошқарма бошлиқлари Абдували Холиқов ва Шерзод Неъматов билан суҳбатлашди.

– Дастлаб олий таълим муассасаларининг рейтинги ҳақида гаплашсак. Биласиз, 2019 йилда Ўзбекистон олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинган. Унга кўра, шу муддатгача республикадаги камида 10 та олийгоҳ халқаро рейтингларнинг биринчи мингталигига киритилиши белгиланган.

Мисол учун, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 таликк киритиш ҳам қайд этилган. Аммо ҳужжатда айтилган халқаро рейтингларга қаралса, бирорта олийгоҳимиз топ 500 талик турсин, мингталикка ҳанузгача киргани йўқ. Сизнингча, 7 йил ичида бу натижага эришамизми? Аслида топ рейтингларга қанча вақтда киришга умид қилиш мумкин? Бунда бизга нималар тўсқинлик қилмоқда?

Азамат Акбаров: Ҳар бир университетни ташкил этишдан мақсад бўлади. Масалан, олийгоҳлар жойлашган ҳудудини, давлатини ривожлантириши керак бўлади. Европа, Америка тажрибасидан келиб чиқсак, ҳар бир университетга боғлиқ шартлар бор. Ҳозирги давр университетлари – биринчи авлод университетлари, яъни 1970-80-йиллардаги ОТМлардан фарқли равишда фақатгина интернетдаги бор маълумотни олиб, аудиторияга етказиш эмас, балки ўша маълумотни таҳлил қилиб, янги қўшилган қиймат билан маҳсулотни ярата оладиган кадрни чиқариш керак бозорга. Бу билан бирга чиқадиган кадрлар бозорда иш берувчиларнинг ишончини қозонадиган бўлса, бу ўша давлатнинг ЯИМга катта ҳисса қўшган бўлади. Демак, биз бор бўлган ватандошларни чет элга эмас, уларни Ўзбекистоннинг ўзида сақлаб, вилоятларнинг турли хил бурчакларида иш билан таъминлашимиз, бу Ўзбекистонни иқтисодий рейтингларда илғор давлатлар қаторига қўша оладиган омил ҳисобланиши керак.

Азамат Акбаров

Агар топ 500 таликка кирган университетларни олсак, улар ҳам қандайдир статистика учун киришмаган, улар айнан ўша давлатнинг иқтисодий драйверлари ҳисобланган маҳсулотларни етказиб бероладиган 3.0, 4.0 университетлар саналади. Демак, ОТМнинг мингталик, беш юзталикка кириши қоғозда бўладиган жараён эмас. Ҳозир ЯИМ бўйича нечанчидир ўринда турган бўлсак, университетларни 500 таликка киритсак, бу билан биз иқтисодий натижани яна ошириб, кучли 50 таликка киришимиз мумкин бўлади.

Рейтингларга бироз назар ташласак, 2019 йилда қўйилган вазифа мана 2023-йил келдики, бирор университетимиз топ мингталикка кирмаган. Нима учун топ мингталикка кирмаган? Бунинг ўзига яраша омиллари бор. Агар илғор рейтинглар шартларига қарайдиган бўлсак, бунинг жуда кўп мезонлари бор. Шуларнинг асосий 3тасини айтиб ўтсам, булар: академик нуфуз, иш берувчилар орасидаги нуфуз ҳамда мақолаларга берилган иқтибослар.

Академик нуфуз нимани англатади? Ҳозир кўп университетлар ҳақиқатан ҳам Scopus журналларида мақола чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Бу яхши, албатта. Лекин Scopus журналида чиқадиган мақола бор ва ўша мақоланинг бошқалар томонидан эътироф этилиши бор. Иккинчиси энг муҳим элемент ҳисобланади. Биз миллиардлаб тўлаб, журналларда кўр-кўрона мақола чиқаряпмиз, аммо ўша мақолага ҳеч ким қизиқмайди. Бу – бизнинг энг катта муаммойимиз. Академик нуфуз деганда, чиқарилган мақолага дунё бўйича муносабат, таъсир бўлиши керак. Америкада бир мақола чиқса, унинг таъсирини Ўзбекистон, Хитой ёки дунёнинг бошқа давлатларидан туриб биз ҳис қиламиз. Демак, агар биз фақатгина бор бўлган KPI рейтингларини тўлдириш учун мақола чиқарадиган бўлсак, лекин унинг дунё миқёсида таъсири бўлмайдиган бўлса, университетлар шу ернинг ўзида 40 фоизни йўқотяпти. Яъни бизда номигагина Scopus'да мақола бор, лекин унинг ишлаб чиқариш, дунёни ривожланишига ёки бошқа иқтисодий драйверларга ҳиссаси қўшилмайди. Бу биринчиси.

Иккинчиси, чиқарилган мақолаларга ҳавола бериш. Бу муҳим ҳисобланади. Афсуски, бизда мақолаларнинг кўпчилиги долзарб бўлмагани, нафақат дунёдаги, балки Scopus'даги мақола қайси шаҳардан чиққан бўлса, ўша ҳудуддаги муаммоларга ечим беролмагани учун актуаллигини йўқотган. Бу мақолалар қоғозда бор, аммо халқаро университетлар рейтингига таъсири йўқ. Мана шунга академик нуфуз дейилади. Чиқарилган илмий мақола дунёга қанчалик таъсир ўтказа олади.

Шунингдек, учинчиси, иш берувчилар орасидаги нуфузи ҳисобланади. Сир эмас, ҳозирда глобализация даврида инсонлар дунёнинг исталган давлатига бориб ишлаш имкониятига эга. Яқинда хорижда яшаб, ишлайдиган ватандошлар ҳақидаги фильмни ҳам томоша қилдик. Бизнинг ҳамюртларимиз дунёнинг нуфузли университетлари, банкларида ишлашмоқда. Бу уларга иш берган компаниялар ватандошларимиз тамомлаган ОТМга миннатдорлик билдириши мумкин дегани. Бу жуда ҳам яхши нарса. Лекин рақамларда олиб қарасак, бундай ҳолатлар жуда кам. Баъзан ўзимиздаги маълум бир университет битирувчилари ҳам хусусий секторда ишлай олмасликлари мумкин.  

Абдували Холиқов: Бир нарсага эътибор қаратиш керак, бу ишлар қачон бошланди? Азамат ака айтган Scopus'да чиқадиган мақолани тайёрлайдиган одамнинг ўзини тайёрлашга қанча вақт кетади? Бу жуда ҳам мураккаб жараён. Охирги 2-3 йилда профессор ўқитувчилар тушуниб етяпти. Йил охирида ёввойи журналлар ёки бошида Scopus'да бор, лекин кейинчалик йўқолиб қоладиган мақолалар сарҳисоб қилинади. Албатта, бу ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий муаммо ҳисобланади. Ҳозирда бу муаммо бартараф этиляпти.

Шерзод Неъматов: Халқаро рейтинглар бирданига кўрсаткичларни баҳолай олмайди. Бундан олдин биринчи навбатда минтақавий рейтинглар бўйича баҳолари кўрилади. Ўзбекистон 2021 йилдан бери QS халқаро ташкилоти юритаётган минтақавий рейтингда(олдин Шарқий Осиё ва Марказий Осиё бўлган бўлса, ўтган йилдан бутун Осиёнинг рейтингларини чиқариб бермоқда. Шунда ҳам 760 та университет, 30 дан ортиқ давлатлар, жумладан Сингапур, Япония, Корея, Хитой бор) ҳам ўрин олди. Шу университетлар ичида Ўзбекистондаги 8 та университет Осий университетлар рейтингидан жой эгаллади. Энг юқори кўрсаткичимиз Ирригация университети ҳам 351-ўринни, Марказий Осиёда 14-ўринни қайд этди. Бу йилдан бошлаб дунё университетлари рейтингидан умид қиламиз.

Шерзод Неъматов

Азамат Акбаров: Рейтинг масаласи бироз нозик масала ҳисобланади. Рейтинг масаласи стадион эмас, яъни стадионни 10 йил давомида қурасиз, қуриб битказганингиздан сўнг, томошабинни олиб кириб, кейин ўйинни бошлайсиз. Рейтинг масаласи сизнинг бор бўлган салоҳиятингизни ўртага чиқаради. Яъни сиз 18 та университетнинг мезонларини белгилаганингиз чоғи, бу мезонларни ким белгилайди? Албатта, инсон ресурси. Бизга салоҳиятли инсон ресурси етмаяпти, буни очиқ тан олиш керак. Чунки университетнинг рейтингини белгилаб берувчи ягона омил бу инсон ресурси ҳисобланади. Биз 2030 йилгача кутсак, салоҳияти етарли бўлмаган ўқитувчи ўзини тайёрлаб борадими ёки унинг ўрнига бошқаси келадими?

Буни бошқа давлатлар мисолида кўришимиз мумкин. Ҳозирда Қозоғистон миллий университети дунёнинг кучли 200 талик университетлари қаторига кирган. Шу университет 2010 йилгача мингталикда ҳам эмас эди. Кейинроқ шу университетнинг ректори президентга ОТМни топ рейтингларда юқорига чиқаришни ваъда қилади. Шу билан давлатдан катта маблағ олиб, хориждан олимларни таклиф этади. Рейтингни асосини белгилайдиган нарса бу – табиий фанлар ва факультетлар ҳисобланади. Қозоқ миллий университетини рейтингга киритган омил ҳам математика, физика, кимё, биология саналади. Чунки бу фанларнинг лабораторияларида ўтадиган тажрибаларнинг ўзи Scopus'га чиқадиган мақола бўлиб чиқади. Лекин ижтимоий фанларда буни амалга ошириш жуда ҳам қийин. Масалан, тилшунослик ёки бошқалар. Ҳатто тилшуносликда Нобел мукофотини олганлар ҳам йўқ. Бу соҳаларга асосланган университетлар сони бизда кўп. Демак, бу университетлар йўналишини ўзгартиришимиз керак, уларни ҳам табиий ёки иқтисодий фанларга ихтисослаштириш керак.

Шунинг учун ўйлайманки, биз 2030 йилгача қандайдир шартларни қўйиб кутишимиз шарт эмас. Чунки бор бўлган салоҳиятларимиз рейтингларга киради. Биз ҳозир рейтингнинг шартларини белгиласак, уни тўлдирадиганлар инсонлардир. Демак, университетларнинг ўзида салоҳиятли инсонлар етмаяпти.

– Албатта, ҳар қандай тизимда бошқарув тизими аҳамиятли ҳисобланади. Аввалги интервюларимизда ҳам ОТМнинг бошқаруви, ректорат, деканат, кафедра ҳақида гаплашган эдик. Уларни тайинлашдан воз кечиб, сайлаш тизимига ўтиш керакмасми?

– Абдували Холиқов: Менимча, саволда асосий эътибор ректорларга қаратиляпти. Бунинг шаклини ўзгартириш осон. Лекин қандай бўлади, қай тартибда ташкил этилади ёки сайланган ректорга қандай имкониятлар берилади? Мана шундай саволлар туғилади. Бу жараёнда ректорнинг ваколатлари, кафолатлари қўйилиши керак. Бугунги олий таълим тизимида раҳбарларни белгиланган тартибда ректор лавозимига қўйишда, албатта, олдинги меҳнат фаолияти, қандай ишлаган, қандай натижалар берган – мана шуларга қараб ректорлик лавозимига тайинланади. Бу жараёнлар 3-4 йил олдингига нисбатан анча енгиллашган. Масалан, олдин деканларни Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги суҳбатдан ўтказиб тайинлар эди. Ҳозир эса деканлар ОТМ томонидан тайинланяпти. Проректорлар эса ҳукумат даражасида лавозимга қўйиларди. Бу тартиб эса бугунги кунга келиб тегишли вазирлик ва идораларга берилган. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги ОТМ шу вазирлик томонидан, яъни ташкилотларнинг тасарруфига қараб проректорлар тайинланяпти. Бугунги кунда олий таълимдаги мавжуд ҳолат ва келажакда ривожлантиришга қаратилган ишларга қарайдиган бўлсак, амалдаги ҳозирги тартиб тўғри. Сайловга ўтказишдан осони йўқ, бу – шакл. Лекин у нима беради деган савол туғилади-да. Энди мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, буни очиқчасига айтиш керак. Мутахассис сифатидаги шахсий фикрим —  ректорларни сайлашга тайёрмасмиз.

Абдували Холиқов

Шерзод Неъматов: Яқин тарихда ОТМ ректорларини сайлаш амалиёти бўлган. Аммо бу тажриба битта ёмон салбий оқибатга олиб келган. Табиийки, бунда 2-3 нафар номзод ҳақида гап кетади. Мана шунда жамоада гуруҳбозлик, носоғлом муҳит пайдо бўлади. Жамоа ўртасида бўлинишлар юзага келади.

Азамат Акбаров: ОТМдаг бошқарув кадрларини сайлаш масаласи QS рейтингига тўғридан-тўғри боғлиқ ҳисобланади. Биз агар QS’нинг илк мингталигига кирмоқчи бўлсак, биз шу университетларнинг бизга мос қадриятларининг трансформациясини ўтказишимиз керак. Яъни биз йиллар давомида нима қилиб келган бўлсак, уни яна давом эттириш яхши, ижобий натижа беради дейиш ҳам хато аслида. Буни илғор университетлар қандай ҳал қилган? Келинг, Ҳарвардга қараймиз. Ҳарварднинг 29-президенти, яъни ректорини 700 нафар номзод орасидан танлашган. Яъни бу очиқ эълон қилинади. Ва бу инсон Ҳарварддан олдин МИТга ректор бўлган. Тасаввур қилинг, бири бир даражадаги, иккинчиси эса бошқа бир даражадаги университетлар. Бизда баъзан рейтингнинг энг қуйисида турган университет ректорлари энг юқорида турган ОТМга ректор бўлиб кетади. Яъни унинг бу ерда натижалари йўқ аслида. Натижасиз бир ишни яна бошқа университетга ўтиб, давомчиси бўлиши мумкин.

Ҳозирги Ҳарварднинг ректори иш бошлашидан 1 йил олдин сайланган. Яъни бу бўлажак ректорга 1 йил давомида ўша университетни кузатиб, муаммолар, қайси кадрлар билан ишлаш мумкин каби жиҳатларини ўрганишга имконият беради. Бизда эса ўша куни ректор лавозимига тайинланади, бошқа жойдан ўзининг жамоасини тортиб келишга ҳаракат қилади. Бу ҳам унга муаммо яратади. Чунки қайси кадр билан ишлашни билмай қолиб, эски кадрлар билан кетаверади. Яъни бу ҳам муаммо аслида. Туркиянинг ривожланган бир ОТМ бор – Боғазичи университети. Шу ОТМда магистратура ёки докторантурани аъло баҳолар билан тамомлашингиздан қатъи назар ўша университетда камида 3 йилгача ишлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Олдин бошқа олийгоҳда ишлаб, ўша ердаги тажрибани олиб келиш керак бўлади. Бу муҳим. Баъзан йиллар давомида ўша университетни битириб, ўша ерда ишлайдиганлар бўйича мисоллар бўлиши мумкин.

Шунинг учун ўйлайманки, ректорларни сайлашда академик нуфуз, мақолаларга ҳавола берилгани инобатга олиниши керак. 

Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,
Тасвирчи Шоҳруз Абдурайимов.

Мавзуга оид