Жаҳон | 18:30 / 15.05.2023
23700
3 дақиқада ўқилади

Умка — Беларус президентининг жаҳонгашта ити ҳақида

Беларус президенти Александр Лукашенкога сиёсий учрашувлар, турли давралар, дам олишлар ва хориж сафарларида Умка лақабли ит ҳамроҳлик қилади. 3 йилдирки, ижтимоий тармоқларда унга қизиқиш ва фикрлар тинмайди. У Марказий Осиё давлатларидан Тожикистон президенти Имомали Раҳмон қароргоҳидаги иш столида, Самарқанддаги “Боқий шаҳар” сайёҳлик комплексида ҳам кўриниш берган. Kun.uz Умка билан боғлиқ маълумотларни жамлади.

Лукашенко уй ҳайвонларини яхши кўради — унинг фермасида зотли отлар ва сигирлар, эчки ва қўйлар, қушлар, шу жумладан, туяқушлар ва мушуклар яшайди. Лекин унинг Умкага меҳри бошқача. Умка турли доирадаги учрашувларда ўз хўжайинига ҳамроҳлик қилади. Беларус президенти фаолиятини ёритувчи “Пул первого” Тelegram-каналида ҳам у билан боғлиқ 20 дан ортиқ хабарларни кўриш мумкин.

Шпиц зотига мансуб бўлган Умка биринчи марта 2020 йил 25 апрелда Лукашенко билан биргаликда Гомел вилоятидаги кўчат экиш тадбирида кўриниш берган.

Шундан сўнг Лукашенконинг эркатойи сиёсий давраларда ҳам тез-тез кўрина бошлади. 2021 йилнинг январ ойида Могилёв вилоятининг Александрия қишлоғида Лукашенко ва россиялик журналист Ноила Аскарзода ўртасидаги суҳбат чоғида итнинг овқат столида бемалол ётганини кўриш мумкин.

Ўша йилнинг май ойида Беларус раҳбарининг ити халқаро даражада биринчи марта Молдова собиқ президенти Игор Додон билан учрашувда иштирок этди, шунингдек, "Ғарб-2021" Россия–Беларус қўшма стратегик машғулотларида ҳам қатнашди.

2021 йилнинг сентябрида эса Умка биринчи “иш сафари”га чиқди – у ўз эгаси билан Тожикистонда бўлиб ўтадиган КХШТ ва ШҲТ саммитида ҳамроҳ бўлди. Сўнг у тўғридан тўғри президент Имомали Раҳмон қароргоҳидаги стол устида суратга тушди.

Бундан ташқари, оқ шпиц Лукашенко билан биргаликда Узоқ Шарққа амалий ташриф билан борган ва 2022 йил апрел ойида дельфинарийга, октябрь ойида эса Санкт-Петербургдаги МДҲнинг норасмий саммитига ташриф буюрган. 2023 йилнинг январ ойида эса Умка БААга ташриф буюриб, беларуслик теннисчи Арина Соболенконинг Австралия очиқ чемпионатидаги ғалабасини нишонлашга, кейин эса мамлакат президенти билан учрашиш учун Зимбабвега учиб кетишга муваффақ бўлди.

2022 йилнинг сентябрь ойида у Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитига Беларус президенти бошчилигидаги делегация билан ҳам келганди.

Фото: Kun.uz

Саммит кунлари шпиц Лукашенконинг шахсий шифокори Светлана Канашенко билан Самарқанддаги “Боқий шаҳар” комплексини коляскада айланганди. Уларга Беларус раҳбарининг дўсти, бизнесмен Сергей Тетерин ҳам ҳамроҳлик қилган.

83ndkKTK6DohgfQ-8BvAShA8Suytxe02.jpg (1280×720)
Фото: Kun.uz

Умка шпиц зоти ва шу рангдаги жуда кам учрайдиган комбинация бўлиб, унинг нархи икки минг доллардан ошиши мумкин. Беларуснинг энг нуфузли ити мамлакатда машҳурликка эришгач, унинг сурати туширилган футболкалар сотуви ҳам йўлга қўйилган.

Мавзуга оид