Қуёш панеллари учун 2 трлн сўмлик тендерда 2та компания ютди. Вазирлик тендер натижаларини бекор қилди
Қуёш панелларини ўрнатиш бўйича 6 та лотда ўтказилган 1,9 трлн сўмлик тендерда 2 та компания ғолиб деб топилди. Бу маълумот интернетда ёйилиши фонида вазирлик иккала ғолиб ҳам шартнома шартларини бажармаганини маълум қилиб, тендер натижаларини бекор қилди.
Энергетика вазирлиги давлат ташкилотлари ва ижтимоий объектларга қуёш панелларини ўрнатиш бўйича ўтказилган тендер натижаларини бекор қилди.
Вазирлик қарийб 2 триллион сўмлик тендерни 2023 йил март ойида эълон қилган эди. Савдолар 6 та лотга бўлинган ҳолда ўтказилган, шулардан 4 тасида Virtec Power, 2 тасида Cifra B компаниялари ғолиб деб топилган.
Тендерни янги очилган “Яшил энергия” МЧЖ ўтказган. Танлов комиссиясига энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов раислик қилган.
Савдоларда “Virtec Power” МЧЖ 10 та ҳудуддаги давлат ва ижтимоий объектлар учун қуёш панеллари етказиб бериш бўйича жами 1 трлн 148 млрд сўмлик буюртмани қўлга киритган:
- Тошкент шаҳри учун – 323 млрд сўм;
- Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Чилонзор тумани учун – 275,8 млрд сўм;
- Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари учун – 272,6 млрд сўм;
- Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари учун – 276,4 млрд сўм.
Virtec Power'нинг 17,60 фоиз улуши “Virtec” МЧЖʼга, 52,30 фоизи Абидова Гўзал Рихсибаевнага ва 30,10 фоизи эса Аббосов Диёр Нозимовичга тегишли. Жамият 1999 йилда таъсис этилган.
Тендерда ютган иккинчи компания Cifra B эса қуёш панеллари бўйича 729 млрд сўмлик шартномаларни қўлга киритган:
- Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Мирзо Улуғбек тумани учун – 390 млрд сўм;
- Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Олмазор тумани учун – 339 млрд сўм.
2019 йилда ташкил этилган “Cifra B” МЧЖга Омонов Илҳомжон Омонович (50%) ва Жамолдинов Мирзоҳид Маруфжонович (50%) эгалик қилади.
6 та лотда ғолиблик 2 та компания ўртасида тақсимланганига блогерлар эътибор қаратиши ортидан, Энергетика вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Вазирликка кўра, танловда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш бўйича 18 та компания иштирок этган. Ғолиб деб топилган компаниялар билан тузилган шартномалар шартлари бажарилмагач, натижалар бекор қилинган.
Маълум қилинишича, ажратилган маблағларни инобатга олиб, умумий қуввати 2,5 MWга тенг қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича янги танлов эълон қилинган.
“Кейинги босқичда ушбу йўналишдаги лойиҳаларнинг асосий қисмини молиялаштириш халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда бу йўналишда музокаралар олиб борилмоқда. Бу эса, ўз навбатида лойиҳаларнинг нархини пасайтириш ва уларнинг сифатли амалга оширилишида муҳим аҳамиятга эга”, – дейилади Энергетика вазирлиги ахборотида.
Мавзуга оид
17:42 / 16.12.2024
7,2 млрд сўмлик тендер савдолари ихтиёрий равишда бекор қилинди
23:39 / 12.12.2024
Тошкент вилоятидаги «Чорбоғ» подстанциясида носозлик юзага келди
21:25 / 09.12.2024
Ўзбекистонда метан заправкалар фаолиятига чекловлар киритилади
17:02 / 28.11.2024