Жамият | 18:23 / 24.05.2023
18710
3 дақиқада ўқилади

Олдинда улкан режалар бор: ЎзЖОКУ 5 ёшга тўлди!

Ўзбекистоннинг энг ёш университетларидан бири, сўз эркинлигини янги босқичга кўтаришни мақсад қилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўзининг 5 йиллик тантаналарини нишонламоқда.

Фото: ЎзЖОКУ

Ҳашаматли “Ренессанс ҳолл”да “Ренессанс авлодлари” деб номланган тантанали тадбирда соҳага оид юзлаб меҳмонлар иштирок этди. Тадбир давомида битирувчилар ва устозларни тақдирлаш маросимлари ўтказилди, университетнинг тарихи ва келажакдаги режалари ҳақида сўз борди.

Бу таълим даргоҳи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 майдаги ПҚ-3737-сон қарор билан ташкил топган ҳамда Марказий Осиёда журналистика ва ахборот соҳасида профессионал мутахассисларни тайёрлайдиган ягона университет ташкил этилган.

Университет тизимида дастлаб 2018 йилда 2 та факултет, 2 та кафедра бўлган. 2019 йилда 5 та кафедра, 2020 йилда 6 та, 2021 йилда 9 та ва бугунги кунга келиб 10 та кафедра фаолиятини олиб бормоқда. 2020-2023 йилларда 4 та факультет 25 та бўлим фаолият кўрсатиб келмоқда.

Университет ташкил этилган йилда 8 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 10 та магистратура мутахассисликлари фаолияти бошланган, 2022-2023 ўқув йилида 17 та бакалавриат таълим йўналиши ва 17 та магистратура мутахассисликларига етди. Университетда бугунги кунда 3355 нафар талаба таҳсил олади.

Бугунги медиа макон, тезкорлик билан ривожланаётган давр ҳар томонлама профессионал журналист кадрларни етиштириб беришни тақозо қилади. Бу борада қисқа муддатда бўлса-да, қатор ишларни амалга оширишга ҳаракат қилиняпти.

2023 йил 1 апрел ҳолатига кўра асосий штатда 111 нафар профессор-ўқитувчилар педагогик фаолият олиб бормоқда. Шундан, 5 нафар фан доктори (DCc), 35 нафар фан номзодлари (PhD), 2 нафар илмий даражага эга бўлмаган профессорлар, ҳамда 69 нафар илмий даража ва илмий унвонга эга бўлмаган 34 нафар катта ўқитувчи ва 35 нафар ўқитувчи-стажёр педагогик фаолият олиб бораётгани комиссия аъзолари томонидан эътироф этилди.

Тадбирда иштирок этган ва сўзга чиққан меҳмонлар университетни бу сана муносабати билан табриклаб, бу таълим маскани билан доимий ҳамкорликни ривожлантириш ниятларини билдирдилар.

Жумладан, Kun.uz сайти жамоаси ҳам ЎзЖОКУни 5 йиллик тўйи билан муборакбод этади ва битирувчилар ҳамда юқори курс талабалари орасидан танлов асосида камида 5 нафар ёшларни доимий ишга жалб қилиш режасини маълум қилади.

Мавзуга оид