Газли сув сотиш шохобчасидаги портлаш: ҳодиса тафсилотлари
Фарғона шаҳри Қиргули мавзеси Янги аср кўчасида 27 май куни соат 10:00лар чамасида газли сув сотиш шохобчасида углерод қўшоксиди гази тўлдирилган баллон портлаган. Шохобча ходими ёзги таътилга чиққан 12 ёшли ўғлига иш ўргатиш учун олиб келган куннинг биринчисида машъум ҳодиса содир бўлган. Баллон портлаши оқибатида мактаб ўқувчиси Раҳматжон Раҳматов чап оёғидан жиддий жароҳат олиб шифохонада мураккаб жарроҳлик муолажасини ўтаган. Бахтсиз ҳодисадан ота ҳам жароҳатланган.
Kun.uz мухбири воқеа жойида ва шифохонада бўлиб ҳодиса оқибатларини ўрганди. Маълум бўлишича, газли сув идишидаги ҳаво босимининг кўтарилиб кетиши натижасида портлаш ҳодисаси кузатилган. “Юлдуз” МФЙ профилактика инспектори, капитан Рустам Қурбонов ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилаётганини айтди.
“Эрталаб газли сув сотиш шохобчасида портлаш бўлгани ҳақида хабар келиб тушди. Воқеа жойига етиб борганимда тумонат одам йиғилганини кўрдим. “Газвода” суви “бачоги” портлаши оқибатида ота-болага тан жароҳати етиб тез тиббий бўлимга олиб кетишган экан. Зудлик билан шифохонага бордим. Шифокорлар оёғидан жароҳат олган болани операция хонасига олиб киришди.
Газли сув сотиш шохобчаси ишчиси ёзги таътилга чиққан ўғлига иш ўргатиш учун ўзи билан бирга дўконга олиб келган экан. Бахтсиз ҳодиса оқибатида отанинг ҳам оёғи шиша бўлакларидан жароҳат олган. Ҳозирда ҳолат бўйича қўшимча суриштирув ишларини олиб боряпмиз”, – дейди у.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали Юрак қон томир жарроҳлиги ва микрохирургия бўлими шифокори Ихтиёр Ҳомиджоновнинг маълум қилишича, ёз мавсумида айнан ёш болаларнинг баллон портлаши оқибатида жароҳат олиб бўлимга келиш ҳолатлари кўплаб кузатилади.
“27 май куни соат тахминан 10:00 ларда жиддий жароҳат олган ота-бола бўлимимизга олиб келинди. Портлаш зарбида 12 ёшли боланинг оёғида нерв томирлари, суяк, қон томир, мушак пайларининг узилиши кузатилган. Операция жараёни 2 соат давом этди. Узилган пай, мушак, нерв қон томирларининг барчаси тиклангандан кейин ҳозирда бола реанимация бўлимида.
Дўконларда кислород ёки азот баллони портлаши ҳодисалари айниқса ёзги таътил пайтида кўп учрайди. Чунки ўқувчилар таътилда ана шундай шохобчаларда ишлайди. Биз илтимос қилардикки, ёш болалар бундай жойлардан узоқда юрсин. Аниқки, мактаб ўқувчиси баллон ишлатиш қонун-қоидасини яхши билмайди. 2016-17 йилдан бери газли сув сотиш шохобчаларида баллон портлаши билан боғлиқ ҳодисадан жабр кўрган болалар қўл-оёқ узилиши, суяк синиши, пай узилиши ҳолати билан бўлимимизга олиб келинди. Ва бундай бахтсиз ҳодисалар шубҳасиз ногиронликка олиб келади.
Ўтган йили Тожикистон фуқароси Фарғонага меҳмонга келиб газли сув сотиш дўкони ёнида бехос турган пайтда кислород баллони портлаши оқибатида оёқ, сон-болдир қисмлари узилиб кетиши натижасида бўлимимизга олиб келинган эди. Бола жароҳати жиддийлигидан минг азобда ойлаб даволанишга мажбур бўлди.
Тегишли идоралар томонидан баллондан фойдаланиладиган шохобчаларда назорат кучайтирилсагина, бундай бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинган бўлар эди”, – дейди Ихтиёр Ҳомиджонов.
Суриштирув давомида бахтсиз ҳодисадан жабрланган Раҳматжон Раҳматов реанимация бўлимидан даволаниш хонасига олиб чиқилганига гувоҳ бўлдик.
Наркоз таъсирида бўлган бемор тўсатдан портлаш бўлганию оёғидан кўп қон кетганини аранг эслади.
Эътибор берсангиз, газли сув сотиш шохобчаларининг аксарият ишчилари мактаб ўқувчиларидан иборат. Тан олиш керак, хавфсизлик талабига жавоб бермайдиган ускуналар устидан назорат кучайтирилмас экан яна юқорида тилга олингандек кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Маълум бўлишича, Фарғона шаҳри Қиргули мавзесидаги ҳалокат содир бўлган кўчада бир неча йил аввал кислород баллони портлаши оқибатида фуқаролардан бири ҳалок бўлган.
Сарвар Зиёев
Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
16:56 / 22.12.2024
Фарғонада портлаш содир бўлган заправка бузилмоқда — видео
19:58 / 19.12.2024
“Бу шаҳар ичидаги, ҳамма қарши бўлган бомба эди” — Фарғонадаги портлаш ҳақида гувоҳлар нима дейди?
10:59 / 18.12.2024
Фарғонадаги портлаш қурбонлари сони ошди
22:06 / 17.12.2024