Ўзбекистон | 11:52 / 30.05.2023
37285
3 дақиқада ўқилади

“Фуқаролар ўз дини таълимотларини ўрганиш ҳуқуқига эга” – Мусулмонлар идораси “тарқатиш мумкин бўлган” манбаларни эълон қилди

Мусулмонлар идораси “жума табриги ва оят ва ҳадисларни, ўзбекистонлик уламолар ва имомларнинг маърузаларини ҳам тарқатиш” мумкин эмас, деган мазмунида тарқалаётган огоҳлантиришларни асоссиз ва ёлғон, деб атади. Шунингдек, муфтият мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин бўлган расмий веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқдаги саҳифалар рўйхатини тақдим қилди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу мазмундаги хабарларни “асоссиз ҳамда ваҳима уйғотувчи ёлғон” эканлигини билдириб, аҳолини саросимага солувчи шундай нотўғри хабарлар тарқатиш жавобгарлик келтириб чиқаришини маълум қилди.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга асосан, эътиқод эркинлиги кафолатланган. Шунга кўра, фуқаролар динга эътиқод қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни ўтказиш ҳамда ўз динининг таълимотларини ўрганиш ҳақ-ҳуқуқига эгадир.

Шунга биноан мўмин-мусулмонлар учун зарур бўлган диний масалалар расмий электрон манбалар орқали кенг ёритиб борилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин, жумладан, жума табрикларини ҳам тарқатишга рухсат этилган. Буларга ҳеч қандай таъқиб йўқ”, — дейилади идора баёнотида.

Мусулмонлар идораси баёнотига “расмий ва етакчи” электрон манбалар рўйхати ҳавола қилинган ҳамда ўзбекистонликлар ушбу тармоқлардаги барча диний-маърифий маълумотларни мутолаа қилишлари ҳамда яқинларига улашишлари мумкинлиги таъкидланган.

Шунингдек, идора ва унинг тизимидаги имом-домлалар томонидан интернетда маънавий-маърифий йўналишларда мунтазам тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилаётгани таъкидланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида руҳий тарбия, одоб-ахлоқ, илм-маърифат ва инсон маънавий юксалишига оид гўзал суҳбатларни тарқатилаётгани маълум қилинди. Хусусан, муфтийнинг маърузаларини қуйидаги ҳаволалар орқали кузатиб бориш мумкин:

Муфтийга диний савол йўллаш учун Телеграм мессенжерида - https://t.me/muftiy_savol_javob_bot боти ишламоқда. Масжид-мадрасалар, ҳаж-умра каби иш фаолиятга оид мурожаатларни эса ушбу ботга https://t.me/MuslimUzAdmin2Bot йўллаш тавсия қилинган.

Мусулмонлар идораси эслатма ўрнида, бузғунчи оқимлар ўз ғояларини жалб этувчи мусиқий оҳанг, фотосурат ёки рамзлар орқали зимдан тарқатишга уринаётгани, шу сабабли экстремистик ғояларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, сақлаш ва фойдаланиш қонунан тақиқланишини маълум қилди.

Аввалроқ, Дин ишлари бўйича қўмита Олий суд томонидан экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган материаллар рўйхатини ҳам эълон қилган эди. 2023 йил 17 май ҳолатига кўра актуал ҳисобланган рўйхатда — Facebook, Telegram, Instagram, YouТube, TikТоk, Odnoklassniki ва бошқа манбалардаги материаллар манзиллари кўрсатилган.

Мавзуга оид