Жаҳон | 19:05 / 30.05.2023
36313
6 дақиқада ўқилади

Москвага навбатдаги дронлар ҳужуми. Сўнгги маълумотлар

Ҳужум ҳақидаги хабарлар Киев қаторасига уч кун ўққа тутилиши фонида пайдо бўлди. Дронлар Москвагача аввал ҳам етиб келишганди - улар май ойида Кремлга ҳужум қилганди.

Атласова кўчаси 11-уйда дрон урилиши оқибатлари. Фото: GETTY IMAGES

Россия пойтахти Москва шаҳридаги турар жой бинолари 30 май тонгида дронлар ҳужумига учради. Дронлардан бири Профсоюзная кўчасидаги уйга, иккинчиси Новая Москвадаги Атласова кўчасидаги уйга урилган. Дрон Профсоюзная кўчасидаги 98-уйнинг юқори қаватига урилган, уй фасади вайрон бўлган ва ойналари синган, учта подъезд аҳолиси эвакуация қилинган. Атласова кўчасида учувчисиз учар қурилма келиб тушиши оқибатида ҳам уй фасади шикастланиб, юқори қаватларда деразалар синиб кетган.

Фавқулодда хизматлар Ленинский проспектидаги уйлардан бирига ҳам етиб келган, бу ерга ҳам дрон келиб тушгани тахмин қилинган. 112 манбаси хабар беришича, Ленинский проспектидаги уйга дрон қулаши оқибатида жабрланганлар бор, уларнинг сонига аниқлик киритилмоқда. Москва транспорт департаменти хабар қилишича, Удальцова кўчасининг Ленинский проспектидан Михаил Певцов кўчасигача бўлган қисми ёпиб қўйилган.

Москва мэри Сергей Собянин учувчисиз учар қурилмалар ҳужуми оқибатида шаҳарда бир неча бинода шикастланишлар қайд этилганини хабар қилиб, «ҳеч ким жиддий жароҳатланмагани»ни маълум қилган. «Шаҳарнинг барча фавқулодда хизматлари воқеа жойида. Улар ҳодиса тафсилотларини ўрганмоқда, — дея ёзган Собянин. — Сиздан фақат расмий манбаларга таяниш ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўрайман». Кейинроқ Собянин қўшимча хабар бериб, икки киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, уларнинг иккисини ҳам шифохонага ётқизишга ҳожат бўлмаган ва уларга воқеа жойида зарур ёрдамлар кўрсатилган.

Москва области ҳудудида бир қанча дронлар уриб туширилган. «Дождь» хабарига кўра, Одинцово ва Красногорск районларида, шунингдек Новорижское ва Рублевское шосселари ҳудудларида портлаш овозлари эшитилган. Москва области губернатори Андрей Воробьевнинг хабар қилишича, Москвага учиб бораётган дронларнинг бир нечтаси уриб туширилган. «Бугун тонгда Москва областининг айрим районлари аҳолиси портлашлар овозини эшитган бўлиши мумкин — бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларимиз ишламоқда. Москвага учаётган бир қанча учувчисиз учиш қурилмалари уриб туширилди. Аҳолидан хотиржамликни сақлашни сўрайман», — дея ёзган Воробьев.

Профсоюзная кўчаси 6-корпус 98-уйда дрон ҳужуми оқибатлари

Baza маълумотларига кўра, ҳужумда 25 га яқин учувчисиз учар қурилмалар иштирок этган — уларнинг катта қисми Москва области ҳудудида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали уриб туширилган, дронларнинг бир қисми жуда пастлаб учгани туфайли дарахтлар ва симларга ўралашиб қолган. Учта дрон турар жой биноларига келиб урилган, аммо улардан биттасида портловчи қурилма ҳаракатга келмаган. РБК манбаси хабар қилишича, жам 10 та дрон уриб туширилган. Нашр суҳбатдошларидан бирининг айтишича, дронлар Москва областининг Одинцово, Истринский ва Красногорск районларида уриб туширилган, яна бир манбага кўра — иккита аппаратни Новая Москва ҳудудида ерга қўндиришган.

РФ мудофаа вазирлиги саккиз дона самолёт типидаги дрон уриб туширилганини маълум қилди. «Уларнинг учтаси радиоэлектрон кураш воситалари ёрдамида тўхтатилди, бошқарувни йўқотди ва белгиланган нишондан четга оғиб кетди. Яна бешта учувчисиз учар аппаратлар Москва областида „Панцирь-С“ зенит-ракета комплекслари ёрдамида уриб туширилди», — дея вазирлик баёнотидан иқтибос келтирган РИА Новости. Ҳарбий идора хабарида ҳужумда жами қанча дрон иштирок этганига аниқлик киритилмаган.

Москвада дронлар ҳужумидан кейин сунъий йўлдош навигацияси сигналлари сўндирилди. Mash манбаси хабар беришича, таксичилар ва ҳайдовчилар GPS ишидаги узилишлардан шикоят қилишган. Ҳуқуқ-тартибот органларига алоқадар ушбу телеграм-каналнинг ёзишича, полиция учун «Тайфун» режаси эълон қилинган — бу чора фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун шахсий таркибни йиғишни назарда тутади.

Ленинский проспекти 1-корпус 92-уй олдида дрон парчалари

Москва шаҳри ва Москва областига ҳужум қилган дронлар орасида янги моделдаги учувчисиз учар қурилмалар ҳам бўлган. «Гап «утка» аэродинамик схемасидан фойдаланадиган, бензинли ички ёнув двигатели билан жиҳозланган ва КЗ-6 шаклидаги зарядларни олиб юрувчи самолёт типидаги дрон ҳақида бормоқда», дейди «Транспорт технологияларини ривожлантириш» маркази директори Алексей Рогозин. Mash манбаси ёзишича, бу украинларнинг А-2 «Синица» дронининг такомиллаштирилган версиясидир.

Украина ҳужумга алоқадорлигини рад этган. «Биз мамнуният билан кузатяпмиз ва ҳужумлар сони ошишини прогноз қиляпмиз, аммо, албатта, бунга бизнинг бевосита алоқамиз йўқ», — деди Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк. У шунингдек, Украина ҳукуматини Москвадаги дронлар эмас, Киевнинг ўққа тутилиши кўпайгани кўпроқ қизиқтиришини қўшимча қилган: «Бу биз учун унчалик қизиқ бўлмаган воқеа».

Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов бу ҳодисани «ахборот акцияси» ва «тинч аҳолини қўрқитиш акти» деб баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда асосийси тинч аҳоли орасида ваҳима пайдо бўлишига йўл қўймаслик ва содир бўлган воқеаларни таҳлил қилиш ҳисобланади. Шунингдек, Картаполов Россия ҳудуди улканлиги Москвага ҳужум қилишга имкон берганини таъкидлаган. «Дронлар ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари жойлашган районларни четлаб ўтиб учиши мумкин бўлган лазейкалар доим топилади».

Мавзуга оид