Жамият | 22:02 / 30.05.2023
29624
2 дақиқада ўқилади

Мактабга қатнашда Сирдарёдан қайиқда сузиб ўтадиган қиз ўқишини спорт марказида давом эттиради

6-синфга ўтган Замира Тўйчиева Гулистон Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида, академик эшкак эшиш йўналишида ўқишини давом эттиради. Марказда ётоқхона ва 4 маҳал бепул овқатланиш ташкил этилган, яъни ўқувчи қиз энди Сирдарёни сузиб ўтиб мактабга қатнаши шарт бўлмайди.

Интернетда тарқалган видеодан кадр

Ўтган йил охирида Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги мактабга бориш учун Сирдарёни қайиқда сузиб ўтадиган 12 яшар Замира Тўйчиева интернетда машҳур бўлиб кетган эди. Kun.uz ҳолат ҳақида репортаж тайёрлаганди.

Ўшанда Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев қизнинг мактабига бориб, унга ноутбук ва китоблар совға қилган, онаси билан гаплашиб, Замиранинг пухта билим олиши учун барча ёрдамни кўрсатишини айтганди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 5-синфни тамомлаган қиз энди ҳар куни дарёни кечиб мактабга бормайди. Вилоят ҳокимининг таклифига кўра, у янги ўқув йилидан бошлаб Гулистон Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида академик эшкак эшиш йўналишида ўқишни давом эттирадиган бўлди.

“Марказда ётоқхона ва 4 маҳал бепул овқат билан таъминланади. Шунингдек, бўш вақтларида унга Ёшлар марказида дастурлаш ҳамда IТ-соҳасини ўрганиши учун шароит яратиб берилади”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид