Ўзбекистон | 13:13 / 30.05.2023
9506
2 дақиқада ўқилади

Янги уй-жой сотиб олган аҳолига ҚҚСнинг ярми қайтариб берилиши режалаштириляпти 

Ўзбекистонда хусусийлаштириш дастури доирасида давлат улуши мавжуд корхоналар 6 баробарга камаяди. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, 17 турдаги давлат монополияси бекор қилиниб, уларга хусусий сектор кенг жалб этилади. “Умуман, келгуси йилларда фақат магистрал энергия ва транспорт тармоқлари, давлат бошқаруви ва хавфсизлиги билан боғлиқ соҳалар давлат тасарруфида қолади”, деди у.

Маълум қилинишича, 2030 йилга қадар иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш асосий мақсад бўлади.

Расмий сектор – нолегал фаолиятдан афзал ва манфаатли бўлиши учун барча зарур шароитлар яратилади. Солиқ тизимини соддалаштириш ва барча тадбиркорлар учун тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Келгуси йилларда бизнес учун қўшилган қиймат, фойда, айланма ва мол-мулк солиқ ставкалари оширилмаслиги қатъий кафолатланади. Шунингдек, 2024 йилдан бошлаб янги уй-жой сотиб олган аҳолига қўшилган қиймат солиғининг ярми қайтариб берилади. Уй-жой хариди аҳолига арзонроқ тушади ва қурилишдаги ҳисоб-китоблар шаффоф бўлади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотган фермерларга қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизи қайтарилади.

“Биз ижтимоий ҳимояни солиқ сиёсати орқали ҳам кучайтирамиз. Бу борада, ёшларни ишга олган тадбиркорларга ижтимоий солиқни қайтариб беришни жорий қилган эдик. Энди, ижтимоий реестрга киритилган аҳолини ишга олган корхоналарга ходимининг даромад солиғи ҳам қайтариб берилади. Биз соҳани тўлиқ рақамлаштириш орқали, вақтида солиқ тўлаётган корхоналарда қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддатини бир кун этиб белгилаймиз. Бундай корхоналарда солиқ текширувлари ўтказилмайди ва давлат харидларида устунлик берилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришларига мос ҳолда ривожлантириш, тупроқ ва яйловларда деградациянинг олдини олиш бўйича Миллий дастур қабул қилинади. Аграр соҳага жами 15 миллиард доллар инвестициялар жалб этилади.

Мавзуга оид