Ижтимоий ҳимоя агентлиги – имкониятлар фабрикаси бўлиши керак
Ва ниҳоят! Ўзбекистон президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилмоқда. Бу – жуда яхши хабар. Ўзбекистон яқинда катта конституциявий ислоҳотларни амалга оширди. Давлат жамиятнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида концептуал янги масъулиятлар олди. Яъни «ижтимоий давлат» тушунчаси бош қомуснинг биринчи сатрига олиб чиқилди ва алоҳида урғуланди.
Ўзбекистонда ижтимоий давлатчилик тафаккури тарихан кучли бўлган. Айниқса, жамият ичида, халқ орасида инсонларнинг ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш тафаккури ҳар доим олий қадрият бўлган. Меҳр-шафқат, саховат, закот, садақа, эҳсон, ҳашар, савоб каби тушунчалар, қадриятлар ва институтлар аждодларимизнинг онгида доимо марказий ўрин эгаллаган.
Қолаверса, биз собиқ СССР даврида янада кучли «ижтимоий давлат» даврини яшадик. Собиқ иттифоқ даврида ҳукумат инсонлар ўртасидаги ижтимоий тафовутни қисқартириш учун тоталитар мафкура ва репрессив машинани йўлга қўйган эди. Натижада бу тизимнинг ўзи ҳаётий эмаслиги маълум бўлди ва қулади. Чунки хусусий сектор йўқ қилинди. Хусусий сектор билан биргаликда инсонларни ҳаракатга келтирувчи куч, энергия – шахсий манфаатдорлик, ташаббускорлик каби стимуллар йўқолган эди.
Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач, ҳуқуқий-демократик давлатчилик йўлини танлади. Иқтисод бозор тамойиллари асосида, ўтган 31 йил ичида мураккаб даврни бошдан ўтказиб, бугун анча равон ўзанга тушиб олди. Бугун Ўзбекистон ичида хусусий сектор, ишлаб чиқарувчи кучлар жўшқин ривожланиб бормоқда.
Лекин капитализмнинг маълум нуқсонлари ҳам бўлади. Жумладан, ижтимоий ҳимояга етарли эътибор берилмаса, жамиятда ижтимоий тафовутлар шаклланиб, қалинлашиб, қутблашиб боради. Натижада, ўн йилликлар ўтиб, жамиятда ўта бойлар ва ўта камбағаллар синфи қутблашиб кетади. Бундай давлатларда умуммиллий фаровонлик, ижтимоий ҳамжиҳатлик, демократия ва ҳуқуқий давлатчилик қалтис бўлади.
Дунёдаги энг фаровон давлатлар – ҳуқуқий, демократик ва ижтимоий давлатлар ҳисобланади. Агар АҚШ ва Германияни қиёсий таҳлил қилсак, АҚШда ижтимоий ҳимоя Германияга қараганда анча паст. Ғарбий Европа давлатларида эркинликни имкон қадар тенглик билан пайвандлашга ҳаракат қилишади. Бу нима дегани?
Мисол учун, собиқ СССР, Шимолий Корея ёки Хитой каби давлатлар учун энг муҳим қадрият – тенглик эди. Бу тенгликка эришиш учун ушбу давлатлар тўлиқ эркинликдан воз кечди. Натижада, тенгликни куч билан, репрессия билан асослашдан бошқа йўл қолмаганди. Германия, Франция, Скандинавия давлатлари ва бошқаларда эркинликлар максимум таъминланади.
Натижада, инсонлар ўртасида ижтимоий тафовут, фарқ бўртиб кўринади. Давлат эса йиғилган солиқлар ва бошқа воситалар орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга қўшимча шароитлар, имкониятлар яратади. Оддий қилиб айтганда, либерал-ҳуқуқий давлатларда ижтимоий тенглик учун бойларга қарши уруш очилмайди, аксинча, камбағаллар ва ёрдамга муҳтожлар учун қўшимча дастурлар ва лойиҳалар амалга оширилади.
Фараз қилинг, бир оила жуда камбағал. Бу оила фарзандларини яхши ўқитиш, яхши овқатлантириш учун етарли имкониятларга эга эмас. Агар давлат мана шундай боқувчисини йўқотган ёки кўп фарзандли оилаларга ёрдам бермаса, йиллар ўтиб, жамиятда катта миқдордаги камбағаллар синфи шаклланади.
Бу қатламни камбағалликдан, қашшоқликдан чиқариш учун кейинчалик янада катта маблағ керак бўлади. Бундай жамиятларда ўрта синфни шакллантириш жуда қийин кечади, бу жамиятлар фуқаролик урушларига мойилроқ бўлади, сиёсий беқарор бўлади, фаровонлик ва ҳаётий комфортлар индекси қониқарсиз бўлади.
Жамият – бу ягона организм. Жамиятда бугун кимдир ўзини бой ҳисобласа ва айнан ушбу жамиятда камбағал ва қашшоқлар синфи катта бўлса, йиллар ўтиб, ўша бойларнинг фарзандлари ҳам камбағаллар ва қашшоқлар синфига тушиб қолиш эҳтимоли юқори. Шунинг учун, барчага энг оптимал жамият – умуммиллий фаровонлик жамияти ҳисобланади.
Президент ҳузурида тузилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги олдида жуда машаққатли, лекин шарафли миссия турибди. Ўзбекистонда демографик ўсиш – жуда юқори. Агар Ўзбекистон ўз потенциалини тўғри ишлатса, демографик ўсиш – фақат давлат ва жамият қудрати ҳамда салоҳиятини оширувчи омил.
Бу агентлик жуда кўплаб тарқоқ ташкилотлар, муассасаларни бирлаштирмоқда. Мақсад – давлатнинг ижтимоий ҳимоя сиёсатини мувофиқлаштириш, кучайтириш. Лекин, баъзан эшитиб қоламанки, давлат мулозимлари «ижтимоий ҳимояга сарфланаётган маблағлар – бесамар кетаётган ресурслар» деб айтишади.
Йўқ! Ҳар бир инсонга сарфланаётган маблағ – бу келажакка тикилаётган сармоядир. Энг қиммат ресурс – бу эркин, илмли, малакали инсондир. Ҳуқуқий, демократик, ижтимоий давлатнинг асосий мақсади – жамият муаммоларини англайдиган ва масъулият оладиган шахсни шакллантиришдир.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги – минтақамиздаги энг йирик, туркий дунёдаги иккинчи, постсовет ҳудудидаги учинчи йирик давлат бўлмиш Ўзбекистоннинг истиқболи учун энг керакли ва энг масъул ташкилотлардан бири ҳисобланади. Ҳар бир ўзбекистонликда эртанги кун учун ишонч ва имконият бўлиши керак.
Мана шу ишонч ва имкониятни таъминлашда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бор куч-қувват ва малакани ишга солиши керак бўлади. Ижтимоий ҳимоя агентлиги – имкониятлар фабрикаси бўлиши керак ва мана шу миссияни бажаришда, агентликка фақат муваффақиятлар тилаш мумкин холос.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
- Kun.uz “Нуқтайи назар” рукни остида ҳажми 500 та сўздан ошмайдиган, муаллиф нуқтайи назари ифодаланган ихчам мулоҳаза-мақолаларни бериб боради. Келгусида рукн фаолиятини кенгайтириш кўзда тутилган.
Мавзуга оид
11:35 / 13.12.2024
Ўзбекистонда ижтимоий карта жорий этилади
20:07 / 03.12.2024
“Қарор қабул қилишда ногиронлиги бор шахслар ҳам иштирок этиши шарт” – Ўзбекистонда ногиронлик муаммолари ҳақида
16:14 / 27.11.2024
Маҳалланинг фаол кексаларига ҳар ой 577 минг сўмдан тўланади
18:59 / 26.11.2024