Ўзбекистон | 10:50 / 06.06.2023
13961
3 дақиқада ўқилади

Суд қарорлари бўйича маъмурий жарималар учун имтиёз тизими ишга тушмагани маълум бўлди

Собиқ имом Шавкат Ҳасан суд қарори билан жаримага тортилгач, уни тўлашда муаммога дуч келгани ҳақида ижтимоий тармоқда пост қолдирди. Kun.uz мухбири муаммо нимада экани билан қизиқиб кўрди. Маълум бўлишича, шу йил 1 майдан амалга киритилиши лозим бўлган тизим ҳамон ишламаяпти.

Фото: Shutterstock

Тегишли қонунга мувофиқ 2023 йил 1 майдан маъмурий жарималарни 15 кун ичида тўлаганлик учун чегирма миқдори оширилганди. Бунда ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини ёки 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади. Мазкур тартиб суд қарорига асосан қўлланадиган жарималарга нисбатан ҳам татбиқ этилиши кўзда тутилган.

Аммо орадан 1 ойдан ортиқ муддат ўтганига қарамай, суд қарорлари бўйича маъмурий жарималар учун имтиёз тизими ҳали ишга тушмагани маълум бўлди. 

Олдинроқ жамоатчилик фаоли, собиқ имом Шавкат Ҳасанга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддасида назарда тутилган – диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва тарқатиш айблови қўйилгани хабар қилинганди. У ушбу ҳаракати учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари (6,6 млн сўм) миқдорида жаримага тортилган. 

Собиқ имом белгиланган жаримани тўлашда имтиёз тизимидан фойдаланмоқчи бўлгани, аммо бунинг имкони бўлмагани ҳақида ёзди Таъкидлашича, жаримани тўлаш учун унга квитанция берилмаган.

Оила мавзусида чиқарадиган видеоларимиз диний мазмундаги материал деб топилиб, уларни дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасини олмаганимда айбдор деб топилгандик. Онлайн суд 23 май куни бўлиб ўтди. Судья 6 млн сўмлик жаримага ҳукм қилди. Бир неча кундан кейин Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судига бордик ва суд қарорини олдик. Аммо жарима тўлаш учун квитанция берилмади. Телефон рақам бериб, эртанги кун қўнғироқ қилиб сўрашимиз айтилди.

Кўрсатилган рақамга бир неча марта қўнғироқ қилдим. Базада кўринмаяпти экан. Эртага суд бўлганига 14 кун бўлади. 15 кун ичида тўланса 50 фоиз чегирма бўлиши ва 6 млн сўм ўрнига 3 млн сўм билан жаримани енгиллатилган ҳолатида тўлашим мумкин эди. Аммо мен жаримани шу 15 кун ичида тўлай олмаяпман. Базада чиқмаяпти экан”, дея маълум қилган Шавкат Ҳасан.

Судялар Олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаровнинг Тошкент шаҳар суди матбуот хизматига таяниб Kun.uz'га маълум қилишича, бу ИИВнинг интеграцияси билан боғлиқ муаммо ва у билан ҳозирда мутахассислар шуғулланмоқда.

Мавзуга оид