Ўзбекистон | 11:36 / 07.06.2023
53855
5 дақиқада ўқилади

Тош кесишдан ёғоч савдосигача – “икки қайиқнинг бошини тутган” бизнесмен ҳокимлар

Давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши қонунчиликда тақиқланган бўлса-да, айрим туман ва шаҳар ҳокимлари фирмалар раҳбарлигини ҳам ўз қўлларида сақлаб қолишмоқда. Уларнинг фаолиятида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан тортиб улгуржи савдогача бўлган тадбиркорлик турларини кўриш мумкин.

2022 йил 10 ноябрда кучга кирган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар киритилган. Хусусан, давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, жумладан, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга ҳақли эмас.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 мартдаги қарори билан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ходимлари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган.

Аммо очиқ манбаларга эътибор қаратиладиган бўлса, айрим туман ва шаҳар ҳокимлари бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик билан ҳам шуғулланаётганини кўриш мумкин.

Бўстон туманининг “нончи” ҳокими

Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими Санобар Носирова туман раҳбарлиги билан бир қаторда 2021 йил 25 март куни давлат рўйхатидан ўтказилган “Кўмир саноати” МЧЖнинг 50 фоиз улушига эгалик қилади. МЧЖ ихтисослашмаган улгуржи савдо билан шуғулланади.

Носирова 100 фоиз улуш билан эгалик қиладиган яна бир МЧЖ “Сабина иссиқ нонлари 777” номи остида 2020 йил давлат рўйхатидан ўтказилган. Унинг фаолият тури нон, хамирдан янги тайёрланган қандолат маҳсулотлари, торт ишлаб чиқариш.

Санобар Носирова республикадаги саноқли аёл ҳокимлардан бири ҳисобланади. У 2021 йилнинг август ойида Бўстон тумани ҳокими лавозимига тайинланган. Унгача 5 йил давомида “Эл ризқи нон” МЧЖни бошқарган. 

Яккасаройнинг “бўёқчи” ҳокими

Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов ҳам иккита МЧЖда улушдор ҳисобланади.

Улардан бири 2017 йилда давлат рўйхатидан ўтказилган “UV-MAX” МЧЖ бўлиб, бўёқлар, лаклар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Сайфутдинов ушбу МЧЖда 33,50 фоиз улушга эгалик қилади.

Бизнесмен ҳоким 17 фоиз улушга эга бўлган яна бир МЧЖ тош кесиш, ишлов бериш ва пардозлаш фаолият тури билан шуғулланади. “Sanico Group” номли мазкур МЧЖ 2014 йилда рўйхатдан ўтказилган.

Анвар Сайфутдинов 2019 йил сентябр ойидан буён Яккасарой туманига раҳбарлик қилиб келмоқда. У ҳоким бўлгунича “Navro’z-FT” МЧЖ, “Sanico Trading” хусусий корхонаси, “Shinkonrakttorg” шуъба корхонаси ва “Sanico Group” МЧЖда раҳбарлик лавозимида ишлаган.

Нукуснинг “дурадгор” ҳокими

Нукус шаҳар ҳокими Утемурат Панаев “Pragama Up” МЧЖ таъсисчиси ҳисобланади. Ёғоч ва қурилиш материаллари улгуржи савдоси бўйича агентлар фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ 2020 йил 23 июнда давлат рўйхатидан ўтказилган.

Утемурат Панаев 2020 йил ноябр ойидан бери Нукус шаҳрига раҳбарлик қилиб келади.

Бухоронинг “озиқ-овқатчи” ҳокими

2020 йил декабр ойидан буён Бухоро тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Хайрулла Жўраев 2019 йилда рўйхатдан ўтказилган, фаолият тури озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўлган “Xurshidi Shohijaxon Fayz” МЧЖда 66,70 фоиз улушга эга.

Хайрулла Жўраев Бухоро туманига ҳоким бўлгунга қадар “Ғиждувон” ЭИЗ раҳбари вазифасида ишлаган.

Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчиликни бузган айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши кўрсатилган. Бироқ бу қандай жавобгарликка сабаб бўлиши ёки мумкин бўлмаган ҳолатда тадбиркорлик билан шуғулланганлик учун қандай жазо қўлланилиши аниқ белгилаб қўйилмаган.

Айнан шу жавобгарлик (жазо)нинг йўқлиги (ёки аниқ белгилаб қўйилмаганлиги) ҳокимлар-у бошқа амалдорларни бемалол “икки қайиқнинг бошини тутиб” юришига имкон бермоқда.

Қолаверса, мазкур ҳокимлар 3-4 йилдан бери ҳокимлик лавозимида фаолият юритиб келади. Улар шунча муддатдан бери раҳбарлик билан бир вақтда тадбиркорлик билан ҳам шуғулланиб келишган. Аммо Коррупцияга қарши курашиш агентлиги негадир ушбу ҳолатга эътибор қаратмаган.

Олдинроқ Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков МЧЖ таъсисчиси экани аниқланиб, фирмани ўғлига топширишига тўғри келганди.

Мавзуга оид