Ўзбекистон | 15:25 / 17.06.2023
19875
2 дақиқада ўқилади

Грант асосидаги қабул квоталари тасдиқланди

Бу йил бакалавриатга 34 860 талаба грант асосида қабул қилинади. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 10 фоизга кўп. Магистратурага қабулдаги грант ўринлари эса қарийб 1 фоизга оширилиб, 8 923 та этиб белгиланди. Контракт асосидаги квоталар қабул бошлангунигача – 3 кун ичида тасдиқланиши кутиляпти.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президентининг фармойиши билан 2023/24 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси (гранти) параметрлари тасдиқланди.

Олий таълим вазирлигининг маълум қилишича, бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига 34 860 нафар талаба давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Таққослаш учун, ўтган йили грант квоталар сони 31 748 та бўлганди.

Магистрлар тайёрлаш бўйича эса 8 923 та грант ўрин ажратилди. Ўтган йили бу кўрсаткич 8852 тани ташкил этган.

Умумий грант квоталар доирасида мақсадли қабул квоталарини туман (шаҳар) кесимида ҳамда таълим тиллари бўйича тақсимотини Давлат қабул комиссияси 20 июнга қадар тасдиқлайди.

Давлат олийгоҳларига тўлов-контракт асосидаги квоталар эса 20 июнгача тасдиқланади.

Тўлов-контракт квоталарини тизимида ОТМлар бўлган вазирлик ва идоралар Иқтисодиёт ва Олий таълим вазирликлари билан келишган ҳолда, молиявий мустақиллик берилган давлат ОТМлар эса Кузатув кенгашлари қарори асосида тасдиқлайди.

Эслатиб ўтамиз, бакалавриатга қабул 20 июндан бошланиши белгиланган.

Мавзуга оид