Жамият | 18:20 / 19.06.2023
34121
4 дақиқада ўқилади

Ноқонуний нотекислик – ҳайдовчилар магистрал йўлдаги сунъий дўнгликдан азият чекмоқда 

Автомобиль йўллари қўмитасига қарашли А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” халқаро автомобиль йўлининг Хоразм вилояти ҳудудидан ўтган қисмида сунъий нотекислик ўрнатилгани маълум бўлди. Аслида тезлик чеклови 100 км/соат бўлган ушбу халқаро йўлда сунъий нотекислик ўрнатиш мумкин эмас. 

Kun.uz’га бир нечта ҳайдовчи мурожаат йўллаб, А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” халқаро автомобиль йўлида мумкин бўлмаган ҳолда сунъий нотекислик ўрнатилганини билдиришди. Ҳайдовчиларга кўра, бу ердаги сунъий нотекислик хавфнинг олдини олишга эмас, аксинча хавф туғдиришга “хизмат қилмоқда”. Сабаби, халқаро аҳамиятдаги йўлнинг ушбу қисмида тезлик чеклови 100 км/соат, катта тезликда келган ҳайдовчилар сунъий дўнгликни сезмай қоляпти.

Бу йўлда сунъий нотекислик ўрнатишнинг ўзи хато. Катта тезликда келиб, кўрмай қолдим. Оқибатда машинамнинг тўртта баллонига ҳам шикаст етди, биттаси мутлақо яроқсиз ҳолга келди. Зарарни ким тўлайди энди? Менга ёрдамга келган ҳайдовчи ҳам олдинроқ шу дўнгликдан мен каби ҳолатга тушган экан. Ҳатто айрим машиналар катта тезликда келиб, шу жойда бошқарувни йўқотган ҳолда йўлдан чиқиб кетиш ҳолатлари ҳам кузатилган”, дейди таҳририятга мурожаат йўллаган ҳайдовчилардан бири

Сунъий нотекислик йўлнинг Хоразм вилояти ҳудудидан ўтган қисмида ўрнатилган. Яқин атрофда аҳоли пункти йўқ. Нега бу ерга сунъий нотекислик қўйилгани бироз тушунарсиз. Қолаверса, нотекисликдан йирик темир учлари чиқиб турибди. Ҳайдовчиларнинг таъкидлашича, бу кунига ўнлаб машиналарнинг ғилдирагига зарар етказмоқда.

“Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти» унитар корхонаси томонидан «Сунъий нотекисликлар. Умумий техник талаблар. Қўллаш тартиби» номли Ўзбекистон давлат стандарти ишлаб чиқилган. Ҳужжатга кўра, сунъий нотекислик – йўл қисмида йўл ўқига перпендикуляр тарзда жойлашган, тезликни мажбурий пасайтириш учун мўлжалланган махсус баландликдир. У транспорт воситалари тезлигини рухсат берилган 40 километр/секунд кўрсаткичигача пасайтириш учун йўлларнинг алоҳида жойларида ўрнатилади.

Сунъий нотекисликларни халқаро аҳамиятга эга бўлган йўллар, йўлаклар сони 4 ва ундан ортиқ бўлган республика аҳамиятига эга бўлган йўллар (аҳоли сони 1000 кишидан ортиқ бўлган қишлоқ ва шаҳарлар бўйлаб ўтган йўллардан ташқари), жамоат транспорти тўхташ майдончалари ёки уларга қўшни ҳаракат йўлакларида, кўприклар, кўприк йўллар, осма кўприклар, туннеллар ва кўприк ости йўлларида ўрнатиш мумкин эмас.

Ҳайдовчилар эътироз билдираётган А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўли халқаро аҳамиятга эга йўл ҳисобланади. Сунъий нотекисликдан 150 метрлар чамаси олдинроқда огоҳлантирувчи 1.31 йўл белгиси ҳам ўрнатилган.

«Сунъий йўл нотекислиги» белгиси йўлнинг сунъий нотекислик ўрнатилган қисмига яқинлашаётганлиги тўғрисида огоҳлантиради ҳамда транспорт воситасининг ҳаракатланиш тезлигини мажбурий тарзда камайтириш учун қўлланилади.

Тезлик чеклови 100 км/соат бўлган, аҳоли яшаш пункти бўлмаган, қолаверса халқаро аҳамиятдаги йўлга нима сабабли 1.31 йўл белгиси ўрнатилгани ва аҳволи бу қадар расво ҳолатдаги сунъий нотекислик қўйилгани ҳақида Автомобиль йўллари қўмитасидан изоҳ кутиб қоламиз.

Мавзуга оид