Жаҳон | 23:33 / 19.06.2023
11189
2 дақиқада ўқилади

Трампга жиноий иш доирасидаги материалларни ошкор этиш тақиқлаб қўйилди

Энди собиқ президент ижтимоий тармоқларда махфий ҳужжатлар билан боғлиқ жиноий иш ҳақидаги маълумотларни тарқата олмайди.

Фото: REUTERS/Amr Alfiky

АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш бўйича тергов материалларини олдиндан рухсатсиз ошкор қилолмайди. АҚШ Адлия вазирлигининг шу ҳақдаги талаби федерал судья Брюс Рейнхарт томонидан маъқулланди, деб ёзди The Hill.

«Айбланувчи иш материаллари билан фақат адвокат ёки ҳимоячилар гуруҳи аъзосининг бевосита назорати остида танишиши мумкин», деди Рейнхарт.

Судья буйруғига кўра, Трамп ОАВ ва ижтимоий тармоқларда жиноят иши ҳақида маълумот тарқата олмайди. У иш бўйича тўпланган далилларни, шу жумладан махфий ҳужжатларни фақат адвокатлари иштирокида текшириш ҳуқуқига эга бўлади.

16 июнь куни АҚШ Адлия вазирлиги суддан Трампнинг Мар-а-Лагодаги мулкида махфий ҳужжатларни олдиндан рухсатисиз ноқонуний сақлаш иши бўйича тергов материалларини оммавий ахборот воситаларига юбориши ёки ижтимоий тармоқларда нашр этишига йўл қўймасликни сўраган эди.

2022 йил август ойида ФҚБ агентлари Мар-а-Лаго мулкини тинтув қилишди. Натижада давлат манфаатларига оид бир қанча ҳужжатлар топилди. Улар орасида «ўта махфий» ва «махфий» белгиси қўйилган ҳужжатлар ҳам бўлган. Трамп бу ҳужжатларни ихтиёрий равишда топширишга тайёрлигини айтди.

Шундан сўнг, прокурорлар Трампга 37 та модда бўйича айблов эълон қилди. Собиқ президент, ўз навбатида, айбига иқрор бўлмади, айбловни абсурд ва Оқ уйнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилишига мисол деб атади.

Мавзуга оид